Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (137-дарс). Қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш сақламаслик

14:00 / 19.05.2021 3191 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.

Сўнгра яна:

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Маълумки, ҳазрати Анаснинг оналари у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёшлигиданоқ хизматга берганлар. У киши ўн йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга «Эй Ғулом!», «Эй бола!», «Эй болам!» деб мурожаат қилганларини учратамиз. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй болам!» деб мурожаат қилмоқдалар ва:

«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар».

«Ғиллу ғаш» бировнинг жони, моли ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.

Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғаш сақламаслиги керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир», дедилар.

Яъни, қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.

«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади. Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш инсонни ана шундай олий мақомга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик ёшдаги ходимига, шогирдига «Эй болам» деб мурожаат қилиш жоизлиги.

2. Иложи борича бировга нисбатан қалбда ғиллу ғаш сақламаслик лозимлиги.

3. Қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш сақламаслик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш у зотга бўлган муҳаббатдир.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтирган ва у зотга муҳаббат қилган одам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жаннатда бўлади.

Мазкур ҳадисга амал қилишга қанчалик муҳтожлигимизни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

Ушбу бобни ўрганиш давомида Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш фарзу вожиб эканлигини, бу масала бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканлигини англадик. Лекин Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш осон бўлмайди. Мусулмон олами Китоб ва Суннатдан минг йилдан ортиқроқ даврда аста-секин узоқлашди. Энди уларга қайтиш ҳам тезлик билан амалга ошиши қийин. Фақат Китоб ва Суннатга тўлиқ амал қилиш билангина муваффақиятга эришиш, бахт-саодатга мушарраф бўлиш мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Довуд қилган ривоятда .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки .ташқарига, чиқишни хоҳласалар, то биров кўрмайдиган бўлгунча кетар эдилар,, давоми...

1408 19:00 / 18.01.2023
Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, бу қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан давоми...

4129 13:04 / 04.11.2020
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди гўзал шакл ва динда фақиҳ давоми...

3417 19:00 / 24.11.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламquotАллоҳумма инний аъзу бика мин ғалабатит дайни ва ғалабатил ъадувви ва шамататил аъдаиquot. Маъноси Ё Аллоҳ Қарзга ботиб, давоми...

17193 06:36 / 02.08.2018