Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (233-дарс) Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?

19:00 / 31.05.2023 2410 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ الْفُتْيَا الَّتِي كَانُوا يُفْتُونَ بِهَا إِنَّ الْمَاءَ مِنَ الْمَاءِ كَانَتْ رُخْصَةً رَخَّصَهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَدْءِ الْإِسْلَامِ ثُمَّ أَمَرَ بِالْاِغْتِسَالِ بَعْدُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сувдан сув (вожиб) бўлади», деб берган фатволари Исломнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган рухсат эди. Сўнгра кейинроқ ғусл қилмоққа амр қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоят ила жинсий яқинлик қилганда маний тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўлишига қарши пайдо бўлиши мумкин бўлган бир иштибоҳ кўтарилмоқда. Чунки авваллари «Сувдан сув (вожиб) бўлади» деган фатво кенг тарқалган. Бу маний сувидан ғусл суви вожиб бўлади, деганидир. Яъни, ким маний сувини тўкса, сув ила ғусл қилмоғи вожиб бўлади. Бордию маний тўкилмаса, сув ишлатиб, ғусл қилиш ҳам вожиб бўлмайди, дейилмоқчи.

Дарҳақиқат, Исломнинг дастлабки пайтларида маний тушмаса, ғусл қилмасликка Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Атабоннинг остонаси олдида тўхтаб, уни чақирдилар. У иштонини судраб, югуриб чиқди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу одамни шошириб қўйдикми?» дедилар. Атабон эса:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қачонки эр шошилиб, хотинига манийсини туширмаса, унга нима вожиб бўлади?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фақат сувдан сув (вожиб) бўлади», дедилар.

Мана шу гапдан кейинчалик саҳобалар ичида тарқалиб кетган «Сув сувдангина (вожиб) бўлади», деган фатво бериб юборилган.

Эҳтимол, умуман, ғусл нималигини билмай юрган одамларга бирданига оғир келмасин, деб, аввал фақат маний тушгандагина ғусл вожиб бўлади, дейилгандир. Кейинчалик эса бу ҳукм насх этилиб (амалдан қолдирилиб), маний тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлиши тайин қилинган.

Ҳозирги кунимизда ҳам кўпгина китобларда мазкур ҳадис ва фатволар ҳеч қандай изоҳсиз ёки шарҳсиз келтирилганини кўрамиз. Демак, бу нарса амал учун эмас, фақат маълумот учун келтирилган бўлади.

Шунинг учун «Фалон китобда келтирилган ҳадисда «Сувдан сув (вожиб) бўлади», дейилган экан. Жинсий яқинлик пайтида маний тушмаса, ғусл вожиб бўлмас экан», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ اللهَ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إِذَا احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: نَعَمْ، إِذَا رَأَتِ الْمَاءَ، فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَتَحْتَلِمُ الْمَرْأَةُ؟ فَقَالَ: تَرِبَتْ يَدَاكِ فَبِمَ يُشْبِهُهَا وَلَدُهَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, сувни кўрса» дедилар.

Бас, Умму Салама:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди?!» дедилар».

Учалалари ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл – Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм кунялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бир оз тортишганлар. Баъзилари Саҳла десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.

Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Талҳа розияллоҳу ан­ҳуга турмушга чиққанлар. Умму Сулайм ўта дийндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исмлари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.

«Эҳтилом» дегани «тушда жинсий яқинликни кўрмоқ», «уйқуда булғанмоқ», деганидир.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди» дедилар. Бу, шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай, бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман, деганларидир. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг, деганларидир.

Ҳамма мусулмон халқларда ҳам ҳаёли нарсаларни сўрашдан олдин шунга ўхшаш узр маъносидаги, мисол учун, баъзи жойларда «энди «шариатда шарм йўқ», сўрайверамиз-да», каби иборалар ишлатилади ва ҳоказо.

Мазкур муқаддимадан сўнг Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб:

«Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Бу саволни Пайғамбаримиздан фақат Умму Сулаймгина сўраган эмас. Балки бир неча саҳобия аёллар ҳам сўраганлар. Жумладан, Хавла бинти Ҳакийм, Бусра ва Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳумолар ҳам сўраганлар ва уларнинг ҳадисларини муҳаддисларимиз ривоят қилганлар.

Эҳтимол, у кишилар шу ҳолатни бошларидан кечирганлар ва динимизнинг бу борадаги ҳукмини аниқлаб олиш учун, гуноҳкор бўлмаслик учун уятни йиғиштириб, савол берганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий ва илмий жасоратларидан ҳосил бўлган фойдадан мусулмонлар авлоддан-авлодга фойдаланиб келмоқдалар.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, сувни кўрса», дедилар.

Яъни, хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса, ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча, тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам, лекин манийни кўрса, ғусл қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бош­қа ривоятда «Умму Салама юзини беркитиб олди», дейилган), ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёллар эҳтилом бўлмасликлари билинади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди?!» деб жавоб бердилар.

«Қўлинг қурисин» ибораси арабчада «тарибат ядаак» дейилади. Маъноси эса «қўлинг тупроққа қоришсин», яъни, «камбағал бўлгин», деганидир. Лекин арабларда яхши маънода ҳам ишлатилаверади. У фақат ёмон дуо деб тушунилмайди. Бунга ўхшаш иборалар бошқа мусулмон халқларда ҳам бор. Мисол учун, баъзи жойларда «ҳа, шўринг қурисин-а», дейилади.

Демак, боланинг ота-онасига ўхшаши бежиз эмас экан. Аёл кишида ҳам маний мавжуд экан. Фақат баъзи аёлларда жинсий алоқадан бошқа пайтда, масалан, уйқуда ҳам маний чиқар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шариатдаги ҳақни билиш учун ҳаё қилмаслик.

2. Саҳобия аёлларнинг ҳақни билишга қизиққанлари.

3. Аёл кишининг эҳтилом бўлиши.

4. Аёл киши эҳтиломдан кейин маний сувини кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлиши.

5. Эҳтиломдан кейин сувни кўрмаса, ғусл вожиб эмаслиги.

6. Аёл кишида маний суви борлиги.

7. Баъзи аёллар эҳтилом бўлмаслиги.

8. Боланинг ота-онага ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. давоми...

4705 20:04 / 27.11.2019
Юқорида 67дарсимиздаги ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан шаҳодат келтирган давоми...

5800 13:17 / 15.01.2020
. . Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, ғусл давоми...

2453 19:00 / 05.07.2023
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг ваҳийсининг бир тури экани, бу каби масалаларда у зот алайҳиссалом ўзларидан чиқариб давоми...

5202 17:03 / 03.05.2018