1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Зуҳо намозининг фазлии (7-тавсия)

05:00 / 28.02.2017 5077 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икки ракат зуҳо намозининг ва ҳар ой уч кун рўза тутишнинг фазли (7-тавсия)

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарсани: ҳар ой уч кун рўза тутишни; зуҳонинг (чошгоҳнинг) икки ракъатини; ухлашдан олдин витр ўқишни тавсия қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ибн Хузайманинг лафзида:

«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарсани тавсия қилдилар. Уларни асло ташламайман: витр ўқимасдан ухламаслигимни; икки ракъат зуҳо намозини қолдирмаслигимни – чунки у аввобинларнинг (Аллоҳга кўп тавба қилувчиларнинг) намозидир – ҳар ой уч кун рўза тутишимни (тавсия қилдилар)».

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ой уч кун рўза тутиш йил бўйи тўлиқ рўза тутишдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

    Изоҳ: Халил деб холис, синалган, насиҳатгўй, вафодор, чин дўст кишига айтилади. Халил аслида қалбан бирлашиб кетган, дилдан боғланган чин дўстдир. Имом Нававий айтади: (Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «Халилим» дейишлари) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар Аллоҳдан бошқани халил тутиш мумкин бўлганида, Абу Бакрни халил тутар эдим», деган сўзларига зид эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳдан бошқасини халил тутишлари мумкин бўлмаган нарса. Саҳобий эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни халил тутса бўлаверади».

Зуҳо, яъни чошгоҳ намози нафл намозлардан бири бўлиб, икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча уни тўрт ракъат ўқиганлар. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан бошлаб то заволга яқин қолгунчадир. Энг афзал вақти  наҳорнинг тўртдан бири ўтганидан кейиндир (яъни тонг отгандан сўнг пешингача бўлган вақтни тўртга бўлганда, тўртдан бир қисми ўтган пайт). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чошгоҳ намозини муҳофаза қилса (бардавом ўқиса), унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳар тонгда ҳар бирингиздан ҳар бир бўғин учун садақа лозимдир. Ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир таҳмид садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир ва ҳар бир такбир садақадир. Яхшиликка буюриш ҳам садақадир. Ёмонликдан қайтариш ҳам садақадир. Чошгоҳда икки ракъат намоз ўқиш эса буларнинг ўрнига кифоя қилади».

Муслим ривоят қилган.

 

Изоҳ: Уйқудан эсон-омон туриш, уч юз олтмишта бўғиннинг ҳар бири соғ-саломат бўлиши ҳар бир инсон учун катта бахт, улуғ неъматдир. Бунинг шукронасига ҳар бир бўғин учун садақа қилмоқ керак. Аммо садақа деганда фақат пул ёки мол сарфлашни тушунмаслик керак. Мўмин банда томонидан қилинган ҳар бир яхшилик, шариатга мувофиқ ҳар бир амал садақадир.

Тасбеҳ – «Субҳаналлоҳ» дейиш, таҳмид – «алҳамдулиллоҳ», такбир – «Аллоҳу акбар», таҳлил эса «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейишдир.

 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар ой уч кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутган билан тенгдир», дедилар». Аллоҳ Ўзининг Китобида буни тасдиқлаб, оят нозил қилган: «Ким бир яхшилик қилса, унга бунинг ўн баробари бордир» (Анъом сураси, 160-оят). Бир кун ўнг кунга тенгдир».

Имом Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Хузаймалар ривоят қилишган. Лафз Термизийники.

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан (нафл) рўза ҳақида сўради. Шунда у зот: «Ҳар ойда уч кунни – ойдин кечалар(да рўза тутиш)ни лозим тут», дедилар».

Табароний «Муъжамул авсат»да ривоят қилган.

 

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ой уч кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутишдир. Ойдин кунлар – ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунларнинг тонггидир», дедилар».

Насоий ва Байҳақий ривоят қилишган.

 

Изоҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «ойдин кунлар» деб кечалари ойнинг нурида ёруғ бўладиган ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунларни назарда тутмоқдалар.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони халил тутганлар. У Зотдан бошқани халил тутишлари мумкин эмас.

2. Саҳобий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳалил тутса бўлаверади.

3. Ҳар ой уч кун нафл рўза тутилса, йил бўйи тўла рўза тутганнинг савоби берилади.

4. Ўша рўза ойнинг ойдин кечаларида – ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунларда бўлиши афзалдир.

5. Зуҳо (чошгоҳ) намозини бардавом ўқиб юрган одамнинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади.

6. Зуҳо намози аввобинлар – Аллоҳга кўп тавба қилучи бандалар намози экан.

7. Ҳар тонгда ҳар бир бўғин учун садақа лозимдир.

8. Ҳар бир тасбеҳ, таҳмид, таҳлийл ва такбир садақадир.

9. Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳам садақадир.

10. Юқоридаги зикрларнинг ўрнига чошгоҳда икки ракъат намоз ўқиш кифоя экан.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг давоми...

4844 14:05 / 23.10.2019
иккинчи мақола 8. .Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир,. Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон давоми...

3176 19:00 / 10.08.2022
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

3024 19:30 / 06.10.2021
Абу Масъуд алБадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради. давоми...

3636 18:02 / 09.02.2022