Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (69-дарс). Одамларга бу хабарни етказайми?

12:09 / 22.01.2020 6008 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَعَنْهُ قَالَ: كُنْتُ رِدْفَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم عَلَى حِمَارٍ يُقَالُ لَهُ عُفَيْرٌ فَقَالَ: يَا مُعَاذُ هَلْ تَدْرِي مَا حَقُّ اللهِ عَلَى الْعِبَادِ وَمَا حَقُّ الْعِبَادِ عَلَى اللهِ؟ قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: فَإِنَّ حَقَّ اللهِ عَلَى الْعِبَادِ أَنْ يَعْبُدُوا اللهَ وَلَا يُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا، وَحَقَّ الْعِبَادِ عَلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ أَلَّا يُعَذِّبَ مَنْ لَا يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا. قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ أَفَلَا أُبَشِّرُ النَّاسَ؟ قَالَ: لَا تُبَشِّرْهُمْ فَيَتَّكِلُوا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. У зот:

«Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нимаю, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканлигини биласанми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

«Албатта, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса Ўзига ҳеч нарсани ширк келтирмаган кимсани азобламаслигидир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф билан аввалги ҳадиснинг ўхшаш жойлари кўп. Лекин дақиқ фарқлари ҳам бор. Келинг, шу фарқларни кўриб чиқайлик.

Ўхшашлик жойлари: ровий битта, яъни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ўзлари. Сўнгра хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандан сўнг: «Одамларга бу хабарни етказайми?» деб сўрашлари. Яна: «Етказсанг, суяниб қолурлар» деган жавоб ҳам бир хил.

Фарқли жойлари эса биринчи ҳадисда «Ким Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат берса» дейилган. Бу ҳадисда эса:

«…уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари», де­йилган.

Албатта, шаҳодат калимасини айтиш билан Аллоҳга ибодат қилиш, унга ширк келтирмаслик орасида фарқ жуда катта. Хусусан, ибодат лафзининг асл ва кенг маъносини оладиган бўлсак, бу дунё ҳаётини тамомила Аллоҳнинг амрига мувофиқ қилиб яшаш маъноси келиб чиқади. Ширк келтирмаслик деганда эса фақат ақийда бобида Аллоҳнинг шериги бор, деб эътиқод қилмаслик эмас, балки ибодат, амал бобларида ҳам ширкнинг турли кўринишларидан узоқда бўлиш кўзда тутилган бўлади.

Бу маънолар эса ушбу бобдаги ҳадислар баъзи жоҳил кишилар ўйлаганидек, шаҳодат калимасини айтиб қўйса бўлди, бошқа нарсанинг кераги йўқ, деган фикрнинг ботил эканлигини кўрсатади.

Биринчи ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимаси учун берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилган эдилар. Бу ҳадисда эса Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга ширк келтирмасликка берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилмоқдалар.

Биринчи ҳадисда дўзахнинг ҳаром қилиниши ваъда қилинган бўлса, кейинги ҳадисда азобламаслик ваъда қилинмоқда. Лекин иккисида ҳам одамлар маънони бошқача тушуниб, қилинган ваъдага суяниб қолишларидан чўчиш бор. Бу эса банда қай даражага етса ҳам хотиржам, бепарво бўла олмаслигини кўрсатади.

Банда доим хавф ва умид орасида, яъни дўзахга тушишдан хавфсираб, жаннатга тушишдан умидвор бўлиб туради. Ҳеч ким «Мен калимаи шаҳодатни айтиб қўйдим ёки ибодатни қилиб қўйдим, Аллоҳга ширк келтирганим йўқ, энди менинг жаннатдан жой олишим аниқ», деб шаҳодатига ёки ибодатига суяниб қола олмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳтиёт чораларини кўришлари айни ҳикмат бўлганлигини бугун, айниқса яққол кўриб турибмиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, кейинги даврларда ҳеч ким шариат амалларининг заррачасига ҳам амал қилмаса бўлаверади, деган фикрда умуман бўлган эмас.

Тушунарли бўлиши учун намозни олайлик. Саҳобаи киромлар, тобеъийнлар, табаъ тобеъийнлар ва улардан кейинги авлодлардан ҳеч ким «Бирор вақт намозни ўқимай қўйса бўлаверар экан», деган фикрни қилган эмас. Намозни ҳамма ўқиган.

Наҳотки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, қанчадан-қанча саҳобийлар, уламолар, мужтаҳидлар, мазҳаб бошлиқлари, муҳаддислар, фуқаҳолар бугунги кунда Ислом амалларини адо этишдан бўйин товлаётган жоҳилларчалик тушунчага эга бўлмаган бўлсалар?!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшакка минишлари, ортларига Муоз ибн Жабол розияллоҳу анҳуни мингаштириб олишларидан у зотнинг мутавозеъ, камтарликларини билиб оламиз.

2. Эшакнинг номи Уфайр эканлигидан ҳайвонларга ном қўйиш жоизлигини тушунамиз.

3. Бировга бир нарсани айтишдан олдин, буни биласанми, деб сўраш ҳам таълимнинг услубларидан эканлиги.

4. Аллоҳга ибодат қилиш, бандаларнинг Аллоҳ олдидаги бурчи эканлиги.

5. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслик ҳам бандаларнинг бурчи эканлиги.

6. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилган, ширк келтирмаган бандаларини азобламаслиги.

7. Бирор хабарни одамларга етказишдан олдин, агар у умумий рухсатдан бошқачароқ бўлса, хабар эгасидан (бошлиқдан) «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраб олиш кераклиги.

8. Агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтирадиган бўлса, хушхабар бўлса ҳам, кўпчиликка айтмай туриш лозимлиги.

9. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз. Чунки ушбу ҳадисда одамларни Аллоҳнинг ибодатига, У Зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўлса ҳам, одамларнинг нотўғри тушуниб, аксинча маъно беришларидан, бунга суяниб қолишларидан чўчиб, хабарни тарқатиш ман қилинди.

10. «Аллоҳнинг бандада ҳаққи бор, банданинг Аллоҳда ҳаққи бор» иборасини ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: «Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар» деганларига салафи солиҳ уламоларимиз кўплаб таълиқ қилганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз:

«Бу қайтариш баъзи одамларга хосдир. Бухорий шу ҳадис билан олим киши одамларнинг бирор илмни фаҳмламасликларидан қўрқса, баъзиларини қўйиб, баъзиларини хос қилиши мумкинлигига ҳужжат қилган. Гоҳида ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадисларни ботил аҳли ва ибоҳийлар (ҳар нарсани «бўлаверади» деювчилар) шаръий таклифларни тарк қилиш, ҳукмларни йўқ қилишга рўкач қилиб оладилар. Бу эса охиратни хароб қилгани етмаганидек, бу дунёни ҳам хароб этади».

Яъни: «Уларга бунинг хабарини берма. Чунки, сен уларга бу хабарни айтсанг, Роббнинг лутфига эътимод қилиб, бандалик ҳаққини унутарлар. Оқибатда даражалари нуқсонга учраб, ҳолатлари таназзулга юз тутар. Кўпчиликнинг ҳоли шудир. Аммо хос кишиларга қанчалик башорат етса, улар шунчалик кўп ибодат қилурлар. Ашараи мубашшарийн (жаннат башорати берилган ўн саҳоба) шундай бўлганлар».

Биз қўшимча қилмоқчимизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан фақат ўн кишининг жаннатга киришларига башорат берганлар. Бу жуда машҳур иш бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Ҳатто ақийда китобларида ҳам бу масала алоҳида зикр қилинади. Агар ким шаҳодат калимасини айтса, тўғридан-тўғри жаннатга кираверадиган бўлса, мазкур ўн кишига берилган башорат беҳуда бўлиб қолмайдими? Унда уларни алоҳида зикр қилишнинг нима кераги бор эди?! Жаннатнинг башоратини номма-ном олиб туриб ҳам, бирор ибодатни тарк этмай, балки олдингидан зиёда ибодат қилганларига нима дейсиз?

Демак, турли баҳоналар билан ибодат қилишдан қочадиган, шариат ҳукмини қилмасликка уринадиганларнинг гап ва ишлари ҳеч қандай рисолага тўғри келмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имоми дорул ҳижрат ndash ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан давоми...

5833 12:08 / 12.11.2018
Б и р и н ч и б о бдавоми96. Абу Воқид алЛайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. давоми...

2870 15:30 / 19.04.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

3665 21:30 / 12.05.2021
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир муҳкам давоми...

4835 20:00 / 03.11.2021