Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (79-дарс). Бутун ер юзи мусулмонлар учун масжиддир

15:05 / 01.04.2020 5728 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди: менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди; менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди; менга шафоат берилди; Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Бу ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», демоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло барча бандаларига битта пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишларини ирода қилган. Ҳамма шу зотнинг шариатларида бўлиши керак. Бошқа дин эса қабул қилинмайди.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган беш ортиқ хусусият ҳақида сўз юритмоқдалар:

1. «Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди».

Яъни «Аллоҳ менга бир ойлик масофада узоқда турган душманимнинг қалбига кучли қўрқинч солиш билан нусрат берди» демоқдалар. Бу Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган катта неъмат эди. Ўша вақтдаги юриш тезлиги билан ўлчанганда, бир ой йўл босгунчалик масофада турган душман қалбига ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қаттиқ қўрқув тушар эди. Бу нарса жуда маълум ва машҳур. Ушбу ҳақиқатни душманларнинг ўзлари ҳам тан олиб, тасдиқлаганлар. Агар Аллоҳ таолонинг бу ёрдами бўлмаганида, яхши қуролланмаган, оз сонли қўшиннинг ўша вақтнинг энг кучли қўшинлари устидан ғолиб келиши мумкин эмас эди.

2. «Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди».

Аллоҳ таоло бутун ер юзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг умматлари учун масжид қилиб қўйган. Ернинг қайси бир нуқтасида бўлсалар, намозни ўқийверадилар, намозлари қабул бўлади. Бошқа дин ва умматларга бу улуғ неъмат берилмаган. Улар махсус ибодатхона ва жойлардагина ибодат қилсалар, қабул бўлади, бўлмаса, йўқ.

Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга берган улуғ неъматларидан бири ерни покловчи нарса қилиб қўйганидир. Асл покловчи нарса сувдир. Сув бўлмай қолса, тупроқ ҳам покловчи бўлаверади. Мусулмон киши тупроқ билан покланиши, таяммум ила таҳорат қилиши мумкин. Бу ҳам улкан неъмат. Сув бўлмаганида ёки сув ишлатишнинг имкони йўқ бўлганда, тупроқ ишлатилаверади. Бу нарса ҳам бошқа дин ва умматларга берилмаган. Аллоҳ таоло нима учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ерни масжид ва покловчи нарса қилиб берди? Албатта, таяммум ила таҳорат қилиб намоз ўқиш учун. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларининг давомида: «Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин», демоқдалар.

Бу эса намознинг нақадар аҳамиятли эканлигини, уни тарк қилишга ҳеч қандай узр йўқлигини кўрсатади. Ер таяммумдан бошқа ҳолатларда ҳам пок­ловчи бўлиб хизмат қилади. Оёқ кийимларини ва баъзи ювиш қийин бўлган нарсаларни поклаш ҳам ерга ишқаш билан бўлади.

3. «Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўла олмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олган бўлишлари мумкин.

Аллоҳ таоло бу масалада ҳам Ўзининг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг «Анфол» (Ўлжалар) сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса ҳақдорларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.

4. «Менга шафоат берилди».

Бошқаларга, жумладан, бошқа Пайғамбарларга чегараланган шафоат ҳаққи берилган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга улкан шафоат ҳаққи марҳамат этилган. Бу қиёмат кунининг энг буюк мартабаларидандир. Бу У зотнинг умматлари учун ҳам улкан саодатдир.

5. «Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар Аллоҳ томонидан ўз қавмлари учун хос қилиб юборилар эди. Уларнинг даъвати бошқа қавмларга қаратилмаган эди. Ҳозирги кунимизда самовий динлардан иккитаси қолган. Яҳудий дини ушбу ҳақиқатни ўзида сақлаб қолган. Бу динга фақат яҳудий бўлиб туғилганларгина кира олади. Бошқаларнинг бу динга киришлари мумкин эмас.

Масиҳий дини ҳам аслида Бани Исроилга аталган. Аммо улар Масийҳ алайҳиссаломга қаршилик қилганлари, у зот алайҳиссаломни ўлдирдик деб даъво қилганларидан кейин бу динга бошқалар ҳам кирган. Ана ўша бошқалар ўзларича Масийҳнинг таълимотлари ҳаммага қаратилган, деган даъво билан чиққанлар. Ислом дини охирги дин бўлганлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар бўлганликлари учун Ислом бутун олам аҳлига дин, Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма халқларга пайғамбар қилинганлар. Энг мукаммал дин сифатида Исломга амал қилиш Аллоҳ таолонинг ер юзи аҳлига бўлган илоҳий амридир. Шу амрга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ер юзидаги барча одамлар учун Аллоҳнинг Расулидирлар. Бу гапни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки мусулмонлар ўйлаб чиқаргани йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг амридир.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Исломнинг ва мусулмон умматининг афзаллиги.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга душман қалбига қўрқинч солиш ила нусрат берилганининг ҳақлиги.

3. Бутун ер юзи мусулмонлар учун масжид эканлиги.

4. Ер покловчи нарса эканлиги.

5. Намознинг аҳамияти катта эканлиги.

6. Мусулмонлар учун ўлжанинг ҳалол қилинганлиги.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳақлиги.

8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча одамларга Пайғамбар эканлари.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга тавба қилишнинг фазли 11тавсия Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй одамлар, Аллоҳга тавба давоми...

4960 05:00 / 28.02.2017
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Намозга такбир айтилса, фарз намоздан бошқа намоз бўлмас,, давоми...

1061 19:00 / 18 июнь
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди гўзал шакл ва динда фақиҳ давоми...

3417 19:00 / 24.11.2021
. . Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Биримизнинг кийимига ҳайзнинг давоми...

853 19:00 / 17 июль