Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (16-дарс). Усулул фиқҳ китоблари (давоми)

19:00 / 16.01.2019 5086 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5. «Мустасфо фий илми Усулил фиқҳи».

Бу китобнинг мусаннифи «Ҳужжатул Ислом» Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳидир.

Имом Ғаззолийнинг бу китоблари усулул фиқҳ илмидаги шофеъий мазҳабининг она китобларидан бири ҳисобланади. Муаллиф китобни гўзал тартиб ва юксак илмий маҳорат ила ёзган.

Имом Ғаззолий китобни дастлабки муқаддима ва усулул фиқҳ илми мантиқига оид алоҳида муқаддима ила бошлаган. Кейин уни тўрт қисмга тақсимлаган:

1. Шаръий ҳукм ва унинг қисмлари.

2. Ҳукмларнинг асосий далиллари: Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Истисҳоб.

3. Далил келтириш кайфияти; Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш ҳамда далил келтириш қоидалари. Унга Қиёс ҳам киритилган.

4. Ижтиҳод, таоруз – зид келиш, таржиҳ – ҳукмларнинг қай бири кучлилигини аниқлаш, тақлид ва фатво сўраш.

Имом Ғаззолий бир масалани келтириб, у ҳақда ўз фикрини баён қилади. Кейин ўша фикрни тасдиқлаган уламоларнинг гапларини келтиради. Сўнгра хилоф қилганларнинг фикрларини ва далилларини зикр қилади. Охири далилларни таққослаб кўради ҳамда нақлий ва ақлий далиллар ила уларга раддия қилади. Ва ниҳоят, тўғри ва кучли тарафни эълон қилади.

«Мустасфо фий илми Усулил фиқҳи»га кўпчилик уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзишган.

6. «Шарҳу Кавкабил мунир».

Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Нажжор Ҳанбалийдир.

«Шарҳу Кавкабил Мунир» бир неча мазҳабларнинг қарашларини ифода қилган усулул фиқҳ китобидир. Бу китоб муаллифнинг «Кавкабул Мунир» номли китобига ўзи ёзган шарҳидир.

«Кавкабул Мунир»нинг бошқа номи «Мухтасарит-Таҳрир» бўлиб, уни Ибн Нажжор Қози Мардовийнинг «Таҳрирул манқул ва таҳзибу илмил усул» асаридан қисқартириб олган. Кейин Ибн Нажжор ўзининг мухтасарини ўзи шарҳ қилган ва уни «Шарҳу Кавкабил мунир» деб номлаган.

«Шарҳу Кавкабил Мунийр» усулул фиқҳ илмининг қоидалари ва фойдаларини, фиқҳий, луғавий, балоғий ва мантиқий масалаларни ўз ичига олган. Ибн Нажжор ҳар бир гапнинг кимники эканини аниқ айтган, фикрларни таққослаб кўрган, далилларни муноқаша қилган. Кейин эса ҳанбалийлар назарида қай бири кучли эканини баён этган. Шунингдек, ўзларига мувофиқ ёки мухолифларни ҳам айтиб ўтган. Шу тариқа «Шарҳу Кавкабил Мунийр» усулул фиқҳ бўйича турли мазҳаблар фикрини ифода қиладиган китоб бўлди.

Ибн Нажжор «Шарҳу Кавкабил Мунийр»нинг муқаддимасида усулул фиқҳнинг таърифи, унинг фойдалари ва истилоҳлари ҳақида сўз юритган. Ундан кейин ўн саккиз боб ва кўплаб фасллар келтирган. «Шарҳу Кавкабил Мунийр» усулул фиқҳ бўйича Ҳанбалий мазҳабининг муҳим манбаи ҳисобланади.

Усулул фиқҳ илмининг ривожланишида Ўрта Осиё уламоларининг ҳам ҳиссалари катта. Ўрта осиёлик уламолар асосан иккинчи йўналишда қалам тебратганлар. Уларнинг баъзилари мутакаллимлар йўналишида ва баъзилари ўзида икки йўналишни ҳам бирлаштирган асарлар таълиф этганлар. Қуйида улардан энг машҳурларининг номларини зикр этамиз.

1. Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий (ҳижрий 333 санада вафот этган).

Имом Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келдилар. Фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад Журжонийдан ўргандилар. Ўз навбатида, имом Мотуридий Исхоқ ибн Муҳаммад Самарқандий, Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий ва бошқа уламоларга мураббийлик қилдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий илми калом йўналишидаги олим сифатида шуҳрат қозонганлар.

Шу билан бирга, имом Мотуридий усулул фиқҳ соҳасида биринчилардан бўлиб қалам тебратган пешқадам уламолардан ҳисобланади. Имом Абу Мансур Мотуридий «Китобут-тавҳид», «Китобул мақолот», «Таъвилоту аҳлис-сунна», «Китобу авҳомул муътазила» каби асарлар ёзиб, ўзларидан сўнг бой илмий мерос қолдирдилар.

Имом Мотуридий усулул фиқҳ соҳасида икки китоб – «Китобул жадал», «Китобу маъохизуш-шарийъа» асарларини таълиф этганлар.

2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Ийсо Қозий Даббусий.

Бу аллома Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари орасида жойлашган Даббус қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидирлар. Имом Абу Зайд Даббусий Ислом шариатига тааллуқли кўпгина асарлар ёздилар. Улар орасида «Китобул асрор», «Китобул амадул ақсо», «Ан-нузум фил фатво» китоблари машҳурдир.

Имом Даббусийнинг «Тақвиймул адилла» китоби усулул фиқҳга доир бўлиб, ҳанафий уламоларнинг йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳур. Уламолар бу асарларни зўр қизиқиш билан ўрганиб, кундалик фаолиятларида ундан истифода этганлар ва унга шарҳлар ёзганлар.

Имом Даббусийнинг ватандоши имом Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Баздавий мазкур асарга шарҳ ёзган уламолардан биридирлар.

3. Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавий.

Бу улуғ зот Самарқандда таълим олдилар ва шуҳрат қозондилар. Имом Баздавий ҳанафий мазҳаби уламоларининг сардори ҳисобланадилар. Икки жилдли «Мабсут», «Ал-жомеъ ал-кабийр» ва «Ал-жомеъ ас-сағийр»нинг шарҳлари имом Баздавийнинг муаллифотларидандир. Шунингдек, имом Баздавий тафсир ҳам ёзганлар. Фахрул Ислом имом Баздавий ҳижрий 482 сананинг Ражаб ойида Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар. Имом Баздавий Самарқандда дафн этилганлар.

Имом Баздавий ўзларининг усулул фиқҳ соҳасидаги китобларини «Усулул Баздавий» деб атаганлар. «Кашфуз-зунун» китоби муаллифининг ёзишича, «Усулул Баздавий» ўзида нодир масалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир. Уламо ва толиби илмлар бу китобни эъзозлаб ўрганганлар. «Усулул Баздавий»га кўплаб шарҳлар битилган. Мулло котиб Чалабий ўз китобида «Усулул Баздавий»нинг ўндан ортиқ шарҳини зикр қилади. Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийнинг «Кашфул асрор» китоби «Усулул Баздавий»нинг шарҳлари орасида энг мўътабаридир.

4. Имом Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизуддин Насафий.

У киши Насаф (Қарши) шаҳрида туғилдилар. Имом Абдуллоҳ Насафий Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор Курдий Ҳамидуддин Зарир Бадруддин Хоҳарзода каби алломалардан фиқҳ илмини таълим олдилар.

Имом Насафийга усулул фиқҳ борасидаги китоблари катта шуҳрат келтирди. Айниқса «Манор» ёки «Манорул анвор» деб аталган китоблари усулул фиқҳ соҳасидаги таълифотлар орасида мўътабар бўлиб, унга 25 та шарҳ ёзилган. Бу шарҳлар ичида шайх Шужоуддин Ҳиббатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний қаламига мансуб «Табсийротил асрор фий шарҳил Манор» китоби алоҳида ажралиб туради.

5. Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Бухоро шаҳрида туғилиб вояга етдилар.

Боболари имом Тожуш-шарийъа Маҳмуд ибн Содруш-шарийъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар. Имом ибн Масъуд Бухорий «Мухтасарул виқоя», «Ниқоя», «Вишоҳ», «Таъдиятул улум» каби бебаҳо асарларни мерос қолдирдилар. Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий ҳанафий мазҳабидаги машҳур усулул фиқҳ олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «Танқийҳ» деб аталган китоблари усулул фиқҳ соҳасидаги мўътабар китоблардан ҳисобланади.

Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд бу китобларини ёзишни бошлашлари билан, имомнинг дўст ва биродарлари унинг қўлёзмасидан кетма-кет кўчириб бордилар. Натижада асар ёзиб тугалланишидан олдин тарқалди. Кўчиришда баъзи хатоларга йўл қўйилган эди. Имом ибн Масъуд бундан огоҳ бўлгач, «Танқийҳ»га «Тавзийҳ фий ҳалли ғавомизит-Танқийҳ» номли шарҳ ёздилар.

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий ҳижрий 747 йили Бухоро шаҳрида вафот этдилар. Имомнинг мақбаралари Бухоро шаҳридадир.

5. Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний илм излаб бутун Ўрта Осиёни кезиб чиқдилар. Ғиждувон, Туркистон, Хоразм, Сархас, Самарқанд шаҳарларида бўлдилар. Саъй ва ҳаракатлари натижасида ўз даврларининг машҳур олими бўлиб етишдилар. Барча Ислом оламида шуҳрат қозондилар.

Аллома Тафтазоний ўзларидан сўнг сарф илмига оид «Шарҳи Занжоний», илми тавҳидга доир «Шарҳул ақоид», «Мақосидул калом» сингари боқий илмий мерос қолдирдилар.

Имом Тафтазонийнинг «Талвийҳ фий кашфи ҳақоиқит-Танқийҳ» номли китоблари имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг асарларига шарҳ бўлиб, бу турдаги мўътамад китоблардан бири ҳисобланади. Усулул фиқҳ илми билан шуғулланишни ирода этган ҳар бир шахс албатта мазкур асарга мурожаат этади.

Ўрта осиёлик машҳур уламолардан имом Розий, имом Сарахсий, имом Ахсикатий, имом Хуқандий каби маълум ва машҳур муфассир ҳамда муҳаддислар усулул фиқҳ илми билан ҳам шуғулланиб, унинг баъзи қоидаларини ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшганлар.

Бу келтирилган барча далиллар усулул фиқҳ илмининг пайдо бўлиши ва муҳим диний илмлардан бири сифатида шаклланишида Ўрта осиёлик уламоларнинг хизматлари улканлигига гувоҳлик беради.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафарнинг зидди ҳазардир. .Ҳазар, дегани сафар бўлмаган ҳолат, ҳозир турган ҳолат деганидир. Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш давоми...

867 19:00 / 29.09.2023
. .Умар розияллоҳу анҳу бомдоддан кейин Байтни етти бор тавоф қилиб, Зу Тувога чиқмагунларича намоз ўқимадилар. Тавофнинг икки ракъат намозини қуёш давоми...

3403 18:00 / 08.07.2021
. Намознинг вожиблари Фотиҳанинг қироати, бир сура ёки уч оятни зам қилиш, тартибга риоя этиш, қаъдаи аввал, ташаҳҳуд, салом лафзи, витрнинг қунути, давоми...

3163 19:00 / 16.12.2021
Рўзадор учун сақич чайнаши рўзасини очмайди. Чунки, у ичга кетмайди. Агар ажрагувчи бўлса, рўзани бузади, албатта. Зотан, баъзи қисмлари ичга кетади. Агар қора сақич давоми...

3902 05:00 / 15.02.2017