Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 173 - дарс. Илмни муҳофаза қилиш учун уни ёзиб бориш

17:00 / 16.02.2022 3630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ لِعَلِيٍّ: هَلْ عِنْدَكُمْ كِتَابٌ؟ قَالَ: لَا، إِلَّا كِتَابُ اللهِ أَوْ فَهْمٌ أُعْطِيَهُ رَجُلٌ مُسْلِمٌ أَوْ مَا فِي هَذِهِ الصَّحِيفَةِ، قُلْتُ: وَمَا فِي هَذِهِ الصَّحِيفَةِ؟ قَالَ: الْعَقْلُ وَفَكَاكُ الْأَسِيرِ وَلَا يُقْتَلُ مُسْلِمٌ بِكَافِرٍ.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Алига:

«Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми?» дедим.

«Йўқ! Магар Аллоҳнинг Китоби, мусулмон кишига берилган фаҳм ва мана бу саҳифадаги нарса бор, холос», деди.

«Бу саҳифада нима бор?» дедим.

«Хун тўлаш, асирни озод қилиш ва мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги бор», деди».

Шарҳ: Абу Жуҳайфа куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Жанода ас-Сувоийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида бу зот ҳали балоғат ёшига етмаган эдилар. Абу Жуҳайфа Куфада истиқомат қилдилар. Ана шу ердаги хазинага бошлиқ бўлдилар. У киши ҳазрати Алининг қўриқчиларидан эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотни «Ваҳбул хайр» деб атаганлар.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Авн, Абу Исҳоқ Саъбий, Исмоил ибн Абу Холид, Али ибн Арқам ва бошқалар ривоят қилганлар. Учта «Саҳиҳ» соҳиблари бу зот тўплаган ҳадислардан ўз китобларига киритганлар.

Абу Жуҳайфа ҳижратнинг 63-санасида, Башр ибн Марвон Ироқда волий бўлган пайтда вафот этдилар. У киши Куфада энг охирги вафот этган саҳоба эдилар.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу ўзлари билан ҳазрати Али ибн Абу Толиб карамаллоҳу важҳаҳу ораларида бўлиб ўтган бир суҳбатни ривоят қилмоқдалар. У киши ҳазрати Алидан:

«Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми?» деб сўраган эканлар.

Яъни, сиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидансиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга алоҳида васиятнома ёки бошқа бирор нарсани ёзма равишда қолдирганларми, деб сўрадилар.

Бу саволга ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Йўқ! Магар Аллоҳнинг Китоби, бир мусулмон кишига берилган фаҳм ва мана бу саҳифадаги нарса бор, холос», деб жавоб бердилар.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларига алоҳида васиятнома ёки бошқа бирор ёзма шаклдаги нарсани қолдирмаган эканлар. Аҳли байтнинг ҳузурида ҳам бошқа жамики мусулмонларга қолдирилган уч нарса бор экан, холос:

1. «Аллоҳнинг Китоби».

Яъни, Қуръони Карим.

2. «Мусулмон кишига берилган фаҳм».

Бошқа мусулмон кишилар ўз иқтидорларига ва савияларига қараб қанчалик фаҳм қилсалар, аҳли байтлар ҳам шунчалик фаҳмлайдилар. Фаҳмлари бирларида озроқ, бошқасида кўпроқ бўлиши мумкин. Бу уларнинг насл-насабларига, ёшларига, қаерда ва қачон яшашларига қараб эмас, Аллоҳнинг беришига, ҳаракат қилиб, илм олишга, ихлосга қараб бўлади. Уламоларимиз бунга саҳобаи киромлар орасида бўлиб ўтган бир ҳодисани мисол қилиб келтирадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёш саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббосни шўро мажлисига аъзо қилиб оладилар. Баъзи саҳобийлар ёш йигитни катталарга қўшиб нима қиларди, деб маломат қилишади. Шунда ҳазрати Умар уларнинг ҳаммасини тўплаб, Абдуллоҳ ибн Аббосни ҳам чақирадилар. Сўнгра «Иза жаа насруллоҳи вал фатҳу» сурасининг нозил бўлиш ҳикматини ҳаммаларидан бирма-бир сўраб чиқадилар. Ҳар бир киши ўз билганича жавоб беради. Охири Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрайдилар. У киши: «Бу сура Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашганини билдиради», дейдилар. Сўнгра ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам шундан бошқани фаҳмлаган эмасман», дейдилар. Шундай қилиб, ёш йигит ҳам Қуръонни, шариатни ўзидан катталардан кўра чуқурроқ тушуниши мумкинлигини исбот қиладилар. Ибн Аббосни шўро мажлисига беҳуда қўшмаганлари маълум бўлади.

3.«Мана бу саҳифадаги нарса бор, холос».

У саҳифа бир варақ қоғозга ёзилган нарса бўлиб, уни ўраб, эҳтиёт қилиб, қиличнинг қинига солиб қўйилган эди. Буни ҳамма билар эди. Ҳазрати Али ҳам Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳуга жавобан ўша саҳифага ишора қилдилар.

Шунда Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу:

«Бу саҳифада нима бор?» деб сўрадилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Хун тўлаш, асирни озод қилиш ва мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги бор», деб жавоб бердилар.

Демак, ўша саҳифада қуйидаги масалалар баён қилинган экан:

«Хун тўлаш».

Ислом шариатида бировни янглишиб ўлдириб қўйган одам хун тўлайди. Ўша вақтда маълум ёш ва сифатларга эга бўлган, маълум ададдаги туяларни ўлдирилган кишининг меросхўрларига бериш хун деб қабул қилинган. Мазкур саҳифада хунни ўша туялардан тўлаш кераклиги ёзилган экан.

«Асирни озод қилиш».

Исломда асирларни озод қилишга тарғиб жуда ҳам кўп. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган бирдан-бир саҳифа мана шу иш ҳақида бўлиши унинг нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.

«Мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги».

Бу саҳифа керакли нарсаларни ёзиб, ҳужжат сифатида сақлаб бориш зарурлигини кўрсатади. Бундан бир минг тўрт юз йилдан зиёдроқ вақт аввал бу ишнинг қилиниши инсоният тарихида муҳим ўзгариш яратиш йўлидаги биринчи қадам эди, десак, муболаға қилган бўлмаймиз. Чунки бошқа тарафларнинг бунга ўхшаш ишлари йўқдир. Илмни муҳофаза қилиш учун уни ёзиб, алоҳида эътибор билан сақлаш ишига мусулмонлар асос солганлар. Шунинг учун ҳам муҳаддис уламоларимиз бу ҳақда алоҳида боблар очиб, ҳадислар келтирганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4784 05:00 / 28.02.2017
Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Дин насиҳатдир,, дедилар..Ким учун, дедик..Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У давоми...

5048 16:45 / 02.10.2019
Отаонага яхшилик қилиш 13тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб,.Эй давоми...

6501 17:00 / 08.04.2016
Зикрнинг фазли 17тавсия Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун Ислом шариати аҳкомлари кўпайиб кетди. Менга давоми...

5062 05:00 / 11.03.2017