1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Осмонлар ва ердаги барча нарсалар Аллоҳнинг мулки

19:00 / 19 август 494 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ

«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» – деб айт! «Аллоҳники», – деб айт! У ўз зиммасига раҳматни ёзди. У сизларни у ҳақида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ўзига ўзи зиён келтирганлар, ҳа, улар иймон келтирмаслар» (Анъом сураси, 12-оят).

Ажойиб савол. Аллоҳнинг шериги бор, дея эътиқод қилиб, баъзи ишларни ўша бут ва санам ёки бошқа нарсаларни рози этиш учун қилаётган мушрикларга, уларнинг юзларига тик қараб туриб берилган савол:

«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?»

Улар аввал мана шу саволга жавоб берсинлар-чи, кейин кимга қандай ибодат қилиш, бўйсуниш, кимнинг розилигини топиш учун жаҳд қилиш кераклиги ўйлаб кўрилади.

«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?»

Ёғочдан ясалган бутникими ёки тошдан ўйилган санамникими? «Муқаддас Худо» деб, қўйиб юборилган сигирникими, қуёш ёхуд ойникими? Агар ҳақиқатан ҳам ўшаларники ёки улардан бировиники бўлса, унда ўшанга сиғиниш, унинг айтганини қилиб яшаш ва унинг розилигини топишга уриниш лозим бўлади. Табиийки, мушрик ва кофирлар бу саволга жавоб бера олмайдилар. Агар берсалар ҳам, «Аллоҳники», деб жавоб берадилар. Шунинг учун, эй охири замон Пайғамбари, ўзинг

«Аллоҳники», – деб айт!»

Худди шу саволни бугунги куннинг кофирлари, мушриклари ва худосизларига бериш лозим. Аввалги кофирлар Аллоҳнинг ҳукмига бошқаларни шерик деб адашган бўлсалар, ҳозирги кофирлар Аллоҳнинг ҳукмини бутунлай инкор қилиб, куфрга юз тутдилар.

Осмонлар ва ердаги нарсалар Аллоҳнинг мулки бўлиши билан бирга:

«У ўз зиммасига раҳматни ёзди».

Аслида ягона Аллоҳ Холиқ, Молик ва Ҳоким сифатида нима қилса, ҳаққи бор эди. Аммо Ўз фазли ила Ўзига Ўзи раҳмлиликни, меҳру шафқатни ёзиб қўйган. Аллоҳ таоло Роҳман ва Роҳиймдир, Ўз махлуқотлари билан қиладиган муомаласи ана шу қоида – раҳм-шафқат ва мурувват асосида бўлиши лозимлигини ирода этган. Ҳатто бандаларга етган баъзи мусибатлар ҳам, оқибати ўйланса, раҳм ва шафқатдандир. Умуман, исломий тасаввурда Аллоҳ таолонинг оламларга қиладиган барча муомаласи раҳм-шафқат асосидадир.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло махлуқотларни яратганда Арши устидаги китобга «Раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деб ёзиб қўйган», – деганлар.

Яна ушбу икки улуғ имом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ раҳматини юз бўлак қилган. Тўқсон тўққизтасини олиб қолиб, биттасини ер юзига туширган. Ана ўша бўлак туфайли махлуқлар бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳайвонлар ўз боласини босиб олмай деб, оёқларини кўтариб олиши ҳам ўшандан», – деганлар.

Ушбу асосий қоидадан келиб чиқиб, Исломда раҳм-шафқат масаласига кенг қаралади. Дунёдаги барча мавжудотларга раҳм-шафқат қилиш, улар орасида ўзаро меҳрибонлик бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор берилади.

Имом Термизий Амр ибн Осснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади», – деганлар.

Буюк имомлар Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди», – деганлар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади», – деганлар. Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алининг ўғиллари Ҳасанни Ақраъ ибн Ҳобиснинг олдида ўпдилар. Ақраъ буни кўриб:

– Менинг ўнта фарзандим бор, аммо бирортасини ҳам ўпмаганман, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир назар солдилар-да:

– Раҳм қилмаган раҳм кўрмайди, – дедилар».

Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Имом Бухорий, Муслим ва Моликлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

– Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб, сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқаганидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди, деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб, қайтиб чиқди ва итга сув берди. Аллоҳ таоло уни мағфират қилди. – Саҳобалар:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳар бир жигари борда ажр бор, – дедилар.

Имом Абу Довуд Абдурроҳман ибн Абдуллоҳнинг оталаридан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Бир қушни икки боласи билан кўрдик ва болаларини олдик. Шунда қуш келиб, гирдикапалак бўлиб уча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар-да:

– Ким бу қушни боласи туфайли фожиага учратди? Унга боласини қайтариб беринглар, – дедилар. Чумолининг уясига ўт қўйган эдик. Уни кўриб қолиб: – Бунга ким ўт қўйди? – дедилар.

– Биз, – дедик.

– Ўт-олов билан азоблашга фақат ўт-олов Роббининг ҳаққи бор, – дедилар у зот.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир чумоли Аллоҳнинг пайғамбарларидан бирини чақиб олганида, амр қилиб, чумолининг уясини куйдирган экан. Шунда Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга ваҳий юбориб: «Бир чумоли сени чаққани учун тасбеҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми», – деган экан», – дедилар.

Бу мавзуда қанча гапирсак, оз. Фиқҳ китобларимизда ҳайвон соғувчилар соғилаётган ҳайвоннинг елинига зарар етказмаслик учун тирноқларини олишлари лозимлиги, ҳайвонларга оғир юк юклаб, уларни қийнаш, оч қолдириш мумкин эмаслиги ва шунга ўхшаш таълимотлар ипидан-игнасигача баён қилинган. Буларнинг ҳаммаси Ислом раҳм-шафқат дини эканига далилдир.

«У сизларни у ҳақида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир».

Қуръони Карим нозил бўлишидан олдин араб мушриклари ҳозирги кофир, динсиз ва мушрикларга ўхшаб, қиёмат куни бўлишига ишонмас эдилар. Шунинг учун ҳам уларга бу ҳақиқат таъкидлаб уқтирилмоқда. Исломда қиёмат кунига, ул кунда содир бўладиган ҳодисаларга ишониш – иймон келтириш ақийданинг асосий рукнларидан ҳисобланади. Бусиз инсон ўзини мўмин-мусулмон дея олмайди. Қиёмат кунига иймон келтирган одам ёмонликлардан сақланиб, яхшиликларни кўпроқ амалга оширишга ҳаракат қилади. Қиёмат кунига:

«Ўзига ўзи зиён келтирганлар, ҳа, улар иймон келтирмаслар».

Келаси ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг улуғворлик васфлари давом этади.

ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

«Кечаси ва кундузи сокин бўлганлар ҳам Уникидир. У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Анъом сураси, 13-оят).

Бу оятда замонга дохил барча нарсалар Аллоҳнинг мулки экани баён қилинмоқда. Аввал «осмонлару ер», деб барча маконлардаги нарсалар Аллоҳнинг мулки экани баён қилинган эди. Кеча ва кундуз эса барча вақтни ўз ичига олгандир.

«Кечаси ва кундузи сокин бўлганлар ҳам Уникидир».

Демак, Аллоҳ таоло барча маконлардаги ва барча замонлардаги нарсаларнинг Моликидир. У макон ва замонда кечаётган барча воқеа-ҳодисаларни кўриб, билиб, эшитиб туради.

«У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».

У эшитувчи ва билувчи Зотдир.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .У Кунда Ул Зот сизни чақирур. Бас, Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва дунёда фақат озгина турганлигингизни давоми...

1263 19:00 / 23.04.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти давоми...

2248 14:00 / 03.05.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни давоми...

3622 19:30 / 19.07.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиНабийлари уларга .Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб юборди,, ndash деди. Улар .У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин давоми...

3489 17:07 / 29.03.2020
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130125 14:35 / 11.08.2021