1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Биз фил эмасмиз

14:29 / 12 май 2303 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳайвонот боғини томоша қилиб юрган меҳмонлардан бири филнинг оёғига боғланган кичкина ипга аҳамият бериб қолди. Шундай катта ҳайвонни кичкина ип тутиб турса-я! Унинг олдинги икки оёқлари бир-бирига оддий ип билан боғлаб қўйилган эди. Ҳеч қандай улкан занжирлар, қафаслар йўқ. Энг қизиғи шундаки, фил ўз оёғига боғланган ипни узиб, истаган пайтида қочиб кетиши мумкин. Лекин негадир у бу ишни қилмайди.

Меҳмон фил ўргатувчини кўриб қолди ва унинг олдига бориб: «Нега бу улкан ҳайвон ўз жойида индамай туради? Нега қочишга ҳаракат қилмайди?» деб сўради.

Шунда ҳайвон ўргатувчи қуйидагича жавоб қилди: «Яхши. Бу ҳайвон янги туғилган пайтида ҳозирги ҳолатидан анча кичик бўлади. Биз ўша пайтда филчани боғлаш учун сиз кўриб турганингиздек мана шундай кичкина ип ишлатамиз. Аслида ўша пайтда кичкина филга мана шу ип кифоя қилади. Бу ипдан кичик фил қочиб кета олмайди. Мазкур ип унинг оёқларида катта бўлгунича боғлиқ туради. Жонивор катта бўлгач, ўзини ҳалиям ўша ипдан қочиб кета олмайман, ипни барибир узолмайман деб ўйлайди. Шунинг учун қочишни хаёлига ҳам келтирмайди».

Бу жавобни эшитган меҳмон ўзича шундай деди: «Мен даҳшатдаман. Улкан тошларни, оғир юкларни бемалол кўтара оладиган фил шу кичкина ипни ҳам бир ҳаракат билан узиб, ундан қутула олади. Аммо миясига «қутула олмайман, кучим етмайди» деган ақида ўрнашиб қолгани учун ҳеч қаерга қочиб кетмай, жойида туради».

Хулоса

Кўпчилигимиз ҳам ўша филга ўхшаймиз. Ҳаётимизни бир хил тарзда ўтказаверамиз. Турғунликка кўникиб қолганмиз. Илмда, касб-ҳунарда тараққий этишга, юксалишга, янада гуллаб-яшнашга интилмаймиз. Аниқроғи, «шу ишни эплолмайман, қила олмайман» деган ақида миямизга ёпишиб олган. Ваҳоланки, ўша ишни осонлик билан қила оламиз. «Қила олмайман» деб ўтирмасдан, «Аллоҳ хоҳласа, албатта, қила оламан, бу дунёда имконсиз ишнинг ўзи йўқ, ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор» деб юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва ўзимизнинг дунёю охиратимиз обод бўлишига сабаб бўладиган эзгу ишларга уринишимиз керак. Ўзимиздаги ишончсизлик ҳиссини йўқотиб, буюк ишларга уриниб, «Албатта, Аллоҳ таоло унинг натижасини гўзал қилади» деб ишонишимиз лозим.

«Вазиятларни бошқариш санъати» китоби асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Генри Форд ширкатидаги катта бир лавозимга номзод бўлган икки киши билан бирга овқатланди. Номзодларнинг иккаласи ҳам битта унивеситетни битирган эди. давоми...

2127 11:00 / 19.01.2023
Англиялик машҳур футбол дарвозабони Сэмюэл Бартрэмнинг футболчилик фаолиятида қизиқ воқеа юз берди. 1937 йил 25 декабрь куни .Челси,га қарши .Стемфорд Бридж, футбол давоми...

6133 14:00 / 29.05.2022
Саҳобалар буюк бир дарс арафасида туришганини билишмас эди. Набий алайҳиссалом улар билан бирга ўтирган эдилар. Ҳаммаси оддий эди. Дунё ишларида бирорбир янгилик давоми...

4769 14:31 / 09.04.2022
Ижтимоий тармоқ воситаларидан бироз узоқлашинг. Шунда уни ичида юриб бирон нарсани топганингиз йўғу, лекин ташқарисида яъни, воқеий ҳаётда улкан нарсаларни давоми...

2221 09:36 / 02.09.2024
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132409 14:35 / 11.08.2021