Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (117-дарс). Ширк бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас (иккинчи мақола)

13:00 / 30.12.2020 4451 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. «Ўғрилик қилмаслигингиз...».

Яъни ҳеч нарсани ўғирламаслигингиз ҳақида аҳд беринг. Аллоҳга ширк келтирмаслик ҳақидаги аҳддан кейин бевосита ўғриликнинг зикр қилиниши бу жиноятнинг нақадар разил иш эканлигини ва ўша вақтда энг зарур ишлардан бири ўғриликка қарши кураш эканлигини кўрсатиб турибди.

3. «Зино қилмаслигингиз...».

Бу ҳам худди ўғрилик каби, инсониятга катта зарар етказадиган гуноҳлардан биридир. Ўғрилик ҳақида айтилган гаплар зинога ҳам тегишли. Мулоҳаза шуки, кўпгина ҳадисларда ўғрилик билан зино ушбу тартибда зикр қилинади.

Бу икки гуноҳи кабирада кўпгина муштаракликлар борлиги учун шундай қилинган бўлса керак.

4. «Болаларингизни ўлдирмаслигингиз...».

Ўша вақтда одамларда очликдан қўрқиб, ўғил-қизларни ўлдириш одати бор эди. Ор-номусдан қўрқиб, урушда қўлга тушиб қолса, чўри бўлади, деб норасида қизчаларни ўлдириш одати ҳам бор эди. Ислом ўзининг дастлабки кунлариданоқ бунга қарши чиқди. Мана, Расули акрам биринчи байъатда энг муҳим масалалар ичида ўз саҳобаларидан болаларини ўлдирмаслик ҳақида аҳд олмоқдалар.

5. «Қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмасликларингиз».

«Аёллар байъати» ҳақидаги оятда ҳам худди шу ибора келган бўлиб, унда аёлларнинг зинодан бола топиб, эрига: «Сендан бўлди», деб бўҳтон қилиши назарда тутилади. Бу ерда эса умуман ҳар қандай киши томонидан бўҳтон содир бўлмаслиги маъносида ишлатилмоқда. Бўҳтон деб эшитган одам даҳшатга тушадиган даражадаги очиқ-ойдин ёл­ғонга айтилади. Исломда ёлғончиликнинг қанчалик қаттиқ қораланишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.

6. «Маъруф ишда осий бўлмасликларингиз...».

«Маъруф» сўзи луғатда «танилган» деган маънони англатади. Бу ердаги маъруф иш эса шариатда маълум ва маъруф бўлган ишда осий бўлиб юрмаслигингиз, деган маънодадир.

Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат учун шарт қилиб қўйган олти нарсанинг бештаси Исломдан олдинги жоҳилият тузумининг қабиҳ ишларидан халос бўлишга оид ишлардир. Бош масала – жоҳилиятнинг асосий муаммоси ва балоси бўлган ширкдан халос бўлишдир. Шунингдек, ўша даврнинг энг разил ижтимоий балолари бўлмиш ўғрилик, зинокорлик, ўз боласини ўлдириш, бўҳтон тўқишлардан халос бўлишдир.

Бу ўз навбатида Ислом аввал кишиларни жоҳилиятга оид нарсалардан поклаб олишга ҳаракат қилганлигини кўрсатиб турибди. Ширкни тарк этиб, мўмин бўлиш, мушриклик сифатларини ташлаб, мўминлик сифатлари билан сифатланиш биринчи галдаги вазифа бўлган. Ундан кейин маъруф ишларни бажариш вазифа қилиб қўйилган. Албатта, аҳд бериш бошқа, унга вафо қилиш бошқадир. Баъзилар аҳдга вафо қилишлари мумкин, аммо айримлар бунга тўлиқ эриша олмайди.

Яна бошқа ҳолатлар юзага чиқиб қолиши мумкин. Ана шуларни эътиборга олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида бу ҳақда ҳам баёнот бериб, қуйидагиларни айтмоқдалар:

«Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир».

Яъни кимки байъатдаги нарсаларга тўлиқ амал қилса, ажр-савобини Аллоҳнинг Ўзидан олади.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоратдир».

Каффорот гуноҳнинг ювилишидир. Ким байъатда зикр қилинган, ман этилган нарсаларни содир қилиб, гуноҳкор бўлиб қолсаю, бу дунёда шунга яраша шаръий жазо олган бўлса, гуноҳи ювилади. Албатта, дийндан қайтиб, муртад бўлган кимсанинг ҳукми бундан мустасно. Қасддан муртад бўлган одам шаръий ҳукмга биноан ўлдирилади, лекин у кофир ҳолида кетади. Бу билан унинг кофирлик гуноҳи ювилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда ширкни кечирмаслигини қатъий айтиб қўйган.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйсаю, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола».

Яъни бир киши бир гуноҳ содир қилди. Ҳеч ким билмади, сирлигича қолиб кетди, Аллоҳ унинг айбини беркитди. Ундай одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилинади. Аллоҳ таоло хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа иқобига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапларни эшитиб, Убода ибн Сомит ва у кишининг шериклари бу шартларга рози бўлдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдилар. Бу ҳақда у киши:

«Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик», дейдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Байъатнинг шариатдаги муҳим омил бўлгани.

2. Мусулмон одамнинг ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги.

3. Ширкдан узоқ бўлиш энг зарур нарса эканлиги.

4. Ўғрилик энг ёмон гуноҳлардан эканлиги.

5. Зино энг ёмон гуноҳлардан эканлиги.

6. Ёлғон – бўҳтон энг ёмон гуноҳлардан эканлиги.

7. Осийликдан сақланиш зарурлиги.

8. Гуноҳига яраша шариатда кўрсатилган жазони олган одамнинг гуноҳи ювилиши.

9. Гуноҳи бекилиб, шаръий жазо олмай қолган одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилиниши.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ алАздий асСижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи .Китоби Саҳиҳ, деб тан давоми...

5616 14:10 / 17.04.2019
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йилида Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

5144 13:50 / 01.05.2019
. . Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Сувдан сув вожиб бўлади,, деб берган фатволари Исломнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2413 19:00 / 31.05.2023
Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади 1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар. Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза давоми...

6898 12:00 / 28.11.2018