1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сиз Умра қилмоқчимисиз ёки...

11:00 / 01.02.2023 3126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнги вақтларда Аллоҳнинг марҳамати, фазлу карами билан умрага бориш осонлашиб қолгани учун минглаб юртдошларимиз ҳарамайнга бориб, зиёрат ва умра ибодатларини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Бунинг учун меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. 
Лекин, умрада ёки ундан қайтгач айрим миллатдошларимиз жуда ғалати, кулгили, риёга йўғрилган янгидан-янги «оламшумул» ишларни ўйлаб топаётганлари ачинарли.


Эҳтимол, ҳозир айтмоқчи бўлган сўзларим баъзи биродарларимизга ёқмас, аммо, айтиш мендан лозим. Азизлар, динимизда ҳар ишда мўътадиллик, урфга мувофиқлик ва кўпчиликдан ажралиб олмаслик каби тамойилларга риоя қилиш ниҳоятда муҳим саналади. 


Кекса отасини опичлаб тавоф қилдираркан суратга олдирган инсонни кўрдим. Бугун эса худди акробатлар сингари аёлини икки оёғини бошининг икки тарафидан ўтказиб, елкасига ўтқазиб олиб, тавоф қилдираётган ва шу аснода видеога олдираётган инсонни кўрдим. 


Бу ишлар тўғри эмас, азизлар. Нима учун дерсиз?.. Тушунтираман. Бугун имконият ва шароитлар минг йил аввалгидек эмас. Қадимда баъзилар отаси ёки онасини опичлаб тавоф қилдирган бўлиши мумкин. Чунки, у вақтда бугунгидек қулай аравачалар йўқ эди. Шу боис ўша замонга нисбатан бу ғайритабиий ва урфга зид иш бўлмаган. 


Бугун эса опичиб тавоф қилдиришдан беҳожат қиладиган шунча имконият ва воситалар бўла туриб бу ишни қилаётганлар кўпчиликдан ажралиб қоладиган ғайритабиий иш қиляптилар. Ундан ташқари айнан шу ҳолатда сурат ва видеоларга олиб интернетга чиқариб юборишлари ҳам ихлосга зид келади ва бу ишга риё аралашаётганидан дарак беради. Албатта, инсоннинг қалбини билиш қийин аммо, қариналар ихлоснинг зиддига далолат қиляпти.


Ҳанафий фақиҳларимиздан баъзилари айтадиларки, инсон масжидга осон ва қисқа йўл турганда атайин узоқроқ ва машаққатлироқ йўл танлаб, гўё шу билан кўпроқ ажрга эга бўламан деб ўйласа, хато қилади, ундай инсонга ўзи ўйлаганидек кўп ажр берилмайди. Чунки, унинг бу иши табиий эмас. Агар масжидга олиб борадиган биттаю битта йўл машаққатли бўлса, бошқа гап эди. У бўлса, такаллуф билан осонни қийин, яқинни узоқ қилгани учун мазкур гумонидаги савоб берилмаслиги билан жазоланади. 


Азизлар, отаси ёки онасини опичиб тавоф қилдиришнинг умумий ҳукми жоиз бўлсада, юқоридаги сабабларга кўра бугунги кунда бу ишни тарк қилган афзал. 


Қолаверса, елкасига қопни ортгандек опичиб олганда унинг устидан тушиб кетмаслик учун отаси ёки онаси озмунча машаққат чекмайди. Бу худди ўз вазни билан бирор нарсага осилиб олгандек қийин иш, айниқса ёши катталар учун. Ўғлининг елкасидан тушиб кетмаслик учун бор кучи билан унинг елкасига, бўйнига тирмашиб туриш осон эмас, ахир.


Масаланинг яна бир жиҳати бор. У ҳам бўлса, бу ҳолатда ўзингиз ҳам янги касаллик орттириб олишингиз хавфи. Масалан, бел чуррасини орттириб олиш мумкин бу ҳолатда. Отам учун жоним фидо, дейсиз, албатта. Аммо, бу баландпарвоз гап бошқа йўл қолмаганда ўринли бўлади. Дейликки, уйнинг ичида экансиз бирдан ер қимирлай бошлади. То отангизни аравачага ўтказиб олиб чиққунча вақт кетади. Ёки отангиз ичида бўлган уйда ёнғин чиқди. Шу ҳолатларда шартта у кишини елкангизга олиб, уйдан чиқсангиз бу иш ҳалиги бел чурраси каби хатарни оқлайдиган иш бўлади. Лекин, аравачалар бўла туриб, ошиғич ҳолат бўлмай туриб, отангизни опичиб тавоф қилдирганингизда орттирадиганингиз хасталик ақлсизлик натижаси бўлади.   


Шундай экан, масаланинг бу тарафларига ҳам назар солинг. Агар қулайликлар бисёр бўлгани ҳолда атайин кўпроқ ажр оламан деб машаққат ва такаллуфни танласангиз бу ишингиз динимиз руҳиятига терс бўлгани учун ўзингиз ўйлаган қўшимча ажр берилмаслиги мумкин. 


Бордию мана шундай ишларни отангизга яхшилик қилиш деб ўйлаётган бўлсангиз, демак яхшилик борасидаги тасаввурингиз ниҳоятда тор ва маҳдуд экан. Яхшиликнинг йўли кўп, эзгуликнинг тури кўп ва эшиклари ҳам хилма-хил. Ота-онага қилинадиган асосий яхшилик уларнинг дилини оғритмаслик, ҳолларидан хабар олиш, хасталансалар даволатиш, иссиқ-совуқлари, ош-овқатларидан хабардор бўлиш, яхши муомала қилиш, ҳурматларини жойига қўйиш, жеркмаслик, ранжитмаслик, турли ҳадялар бериб, кўнгилларини олиш ва ҳоказолардан иборат.


Агар сиз ота-онага қилинадиган яхшиликни мана шундай зоҳирий кўринишлардан иборат деб ўйласангиз биратўласи ҳамма нарсанинг машаққати ва қадимийсини танланг. То Маккаи мукаррамага қадар иложини қилсангиз туя миниб, ёки яёв боринг. То, ўша ерга етгунча отангиз ёки онангизни опичиб олиб боринг. Нега энди айнан тавофга хослайсиз бу ишни?..


Аллоҳ таоло барчамизга динимизни тўғри тушуниб, амал қилишни насиб этсин. Ҳаддидан (меъёридан) ошган нарса зиддига айланади. Васатийлик, урф-одатга эътибор муҳимлиги ҳам шундан. Шунинг учун ҳам "العادة محكمة" (алъаадату муҳаккама) яъни "урфу-одат ҳакам қилинади" деган фиқҳий қоида пайдо бўлган. Мазкур қоидага кўра, асли жоиз ишлар ҳам урфга қараб қилиш афзал ёки афзалмасга ажралади. Чунки, мубоҳотларда шариат ҳакам қилинмайди. Мубоҳ ишларда соғлом табиатларга уйғун бўлган урфу одат ҳакам қилинади. 


Мисол учун, ўзидан йигирма-ўттиз ёш кичик қизга уйланиш шаръан жоиз. Аммо, бугуннинг урфида тарк қилиш афзал бўлган ишлардан. Зеро, бу фитнага олиб бориши мумкин. Ўғлингиз ўзи тенги ёш ва навқирон аёлни кўрганда фитналаниб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ёки ўша аёл сиздан ёшроқ ва кучга тўлганроқ бегонани кўрганда фитналаниб қолмаслиги ҳам қатъий нарса эмас. 


Бунга мисоллар жуда кўп шариатда. Яъни, баъзида асли мубоҳ ишлар урфга зид бўлиб қолиши, кўпчиликдан ажралиб қолиши жиҳатидан афзалнинг хилофи бўлиб қолишига мисоллар ниҳоятда кўп. Агар бу ишларга заррача бўлсин риё аралашса, - зотан бу ҳолатларда риё аралашиши нақадар осон - у ҳолда аҳвол янада баттарлашади.


Риё шундай нарсаки, унга мубтало бўлган одам ўлса ҳам риё қилаётганини билолмайди. У ўзини энг холис ва мухлис одам деб ўйлайди. Риё бамисоли бир вирус. Унинг энг оз миқдори ҳам қалбга кириб қолса кўпайиб кетиш хусусиятига эга. Баъзида риё амалнинг аслида, баъзан васфида пайдо бўлади. Амалингиз аслида холис Аллоҳ учун қилинаётган бўлса ҳам унинг васфига риё аралаштириб қўйишингиз мумкин. 


Ишонинг, риёни фақат ўзини риёкор деб ўйлаган одамгина кўра олади. Фақат шундай одамгина амалларини тафтиш қила олади. То, нафсингизни айбламас экансиз, ундаги айбларни кўра олмайсиз. Қачонки, турли важ-корсонлар билан ўзини оқласа, билингки, у одам ихлосдан узоқлашиб қолган. Аллоҳ офият берсин.


Баъзида ўйлаб қоламан, ота-онасини ҳажга ҳам, бошқа вақтларда алоҳида умрага ҳам такрор-такрор олиб борган, Америкаю Европага ҳам олиб борган, уларни ҳақиқий маънода бошига қўядиган, бош тожи қиладиган инсонларни танийман (уларнинг баъзилари фейсбук дўстлигимда ҳам бор), шулар ҳам тавофда опичиб олиб, видеога олдирса бўлар эди. Аммо, бундай ғалати ишлардан йироқ юришади. Чунки, улар гарчи шаръий билими кучли бўлмаса-да ўз фитратидан узоқлашмаган, басират кўзи очиқ, савияси баланд инсонлар. Бундай одамлар нима тўғрию нима нотўғрилигини ўз онглари билан ажратиб олиш неъматига муяссар бўлган одамлар. Мана шу нарсадан маҳрум одам қаерда қайси ишни қилиш тўғри бўлишини билолмай ғалати ҳолатларга кўп тушади.


Алим (ҳамма нарсанинг илмини билувчи), Хабир (барча нарсадан хабардор), Ҳаким (чексиз ҳикмат соҳиби) зот томонидан нозил қилинган дин борасида тафаккурни ишлатмасдан, ақл юритмасдан иш кўриш инсонни хатога туширади. Ҳатто, ўз фикрида суннатга амал қиляпман деб, ҳадиси шарифдан далил келтирган ҳолда хатога тушиши мумкин инсон, гарчи у араб тилини билиб, маълум маънода китоб кўрган бўлса ҳам. Кейинги постларимда шу ҳақда ўзим билан содир бўлган қизиқ бир воқеани айтиб бермоқчиман. Чунки, бу мақола катталашиб кетади.


Аллоҳ таоло бу динни чуқур идрок қилишни насиб этсин барчамизга. Динда фақиҳлик зотан шудир. Фиқҳий китобларни ўқиш билан том маънода фақиҳ бўлинмайди. Балки, шу билан бирга у инсонга Аллоҳ томонидан берилган фиқҳ яъни теран англаш қобилияти ҳам бўлиши лозим. Ана шунда ҳақиқий маънода фақиҳ бўлиш мумкин ва бу Аллоҳнинг марҳамати, буюк инъоми бўлади.


Алишер Султонходжаев фейсбук саҳифасидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

2965 16:26 / 02.06.2021
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Розийту биллаҳи роббан ва бил ислами дийнан ва бимуҳаммадин давоми...

2310 15:47 / 20.05.2021
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.Аввал ҳам таъкидлаб давоми...

2747 10:04 / 13.12.2019
Қурайшдан бир киши маккалик Умму Қайс исмли аёлга совчи қўйди. Умму Қайс мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилган эди. Муслима аёл у кишига Мадинага ҳижрат қилсагина давоми...

3026 13:52 / 04 март