Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (51-дарс). Тасдиқ ва иқрор амалдан иборат (биринчи мақола)

16:05 / 18.09.2019 5379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Иймон» сўзи луғатда «ишонч», «тасдиқ» маъноларини билдиради. Шариатда эса бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Иймоннинг етмиш нечта шуъбаси бор, дейиш иймонни етмишдан ортиқ шохи бор дарахтга ўхшатишдир. Дарахтнинг асли иймон бўлса, унинг шохлари иймоннинг шуъбаларидир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари – муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин – Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. «Тили билан айтиб қўйса кифоя», деганлар адашган «Муржиъа» мазҳабидагилардир.

Ушбу ҳадисда иймон етмиш ёки олтмишдан ортиқ шуъбага эга эканлиги ва ўша шуъбаларнинг энг юқориси, энг пасти ва яна биттасининг номи айтилмоқда. Бошқа ҳадисларда етмишдан ортиқлиги ва яна баъзи бошқа шуъбалар ҳақида сўз кетган. Лекин бирорта ҳадисда етмиш нечта шуъба санаб, ҳисоблаб чиқилмаган. Бу эса, ўз навбатида, уламоларимизни баҳсга, илмий изланишга чорлаган.

Имом Ибн Ҳиббон Бустий «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: «Ушбу ҳадиснинг маъносини бир қанча муддат ўргандим. Тоатларни санасам, бу ададдан бирмунча кўп чиқди. Суннатга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон деб номлаган тоатларни санадим. Қарасам, улар етмиш нечтадан кам. Қуръонга қайтдим. Аллоҳ таолонинг Китобида иймон деб номланган амалларни ҳисобладим. Қарасам, улар ҳам етмиш нечтадан кам. Сўнгра такрор бўлганларини қолдириб, Қуръон билан Суннатда иймон, деб номланган амалларни қўшиб санасам, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш нечта чиқди. Ана шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги ададда Қуръон ва Суннатда иймон деб номланган амалларни кўзда тутганларини англадим».

Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний эса қуйидагиларни ёзадилар:

«Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб, қуйидаги шеърни айтамиз:

«Иймоннинг асли қалб ила тасдиқ,

Тил ила иқрор қилмоқ бўлса ҳам,

Комил ва тугал иймон уч қисмдан:

Тасдиқ, иқрор ва амалдан иборатдир».

Биринчи қисм эътиқодиётлардан иборат бўлиб, ўттиз шуъбага бўлинади:

1. Аллоҳга иймон келтириш. Бунга Аллоҳнинг Зотига, сифатларига, тавҳидига ва ўхшаши йўқлигига иймон келтиришлар киради.

2. Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса кейин пайдо бўлганига эътиқод қилиш.

3. У Зотнинг фаришталарига иймон келтириш.

4. У Зотнинг китобларига иймон келтириш.

5. У Зотнинг пайғамбарларига иймон келтириш.

6. Яхши-ёмон қадарга иймон келтириш.

7. Охират кунига иймон келтириш. Бунга қабр савол-жавоби ва азоби, қайта тирилиш, маҳшарга тўпланиш, ҳисоб-китоб, Мезон ва Сиротлар ҳам киради.

8. Жаннат ваъдасига ва унда абадий қолишга ишониш.

9. Дўзах қўрқинчлари, азоби ва унинг фоний бўлмаслигига қатъият ила ишониш.

10. Аллоҳ таолонинг муҳаббати.

11. Аллоҳ учун муҳаббат қилиб, Аллоҳ учун ёмон кўриш. Бунга муҳожир ва ансорий саҳобаларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байт­ларига муҳаббат қилиш ҳам киради.

12. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш. Бунга у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш ва суннатларига эргашиш ҳам киради.

13. Ихлос. Бунга риёкорликни ва мунофиқликни тарк қилиш ҳам киради.

14. Тавба–надомат.

15. Хавф.

16. Ражо–умидворлик.

17. Ноумидлик ва ишончсизликни тарк қилиш.

18. Шукр.

19. Вафо.

20. Сабр.

21. Тавозуъли бўлиш. Бунга катталарни ҳурмат қилиш ҳам киради.

22. Раҳмли ва шафқатли бўлиш. Бунга кичикларга шафқат кўрсатиш ҳам киради.

23. Қазога рози бўлиш.

24. Таваккул (ҳар бир нарсада Аллоҳга суяниш).

25. Мақтанчоқлик ва кибрни тарк қилиш. Бунга ўзини мақташ ва покиза қилиб кўрсатиш ҳам киради.

26. Ҳасадни тарк қилиш.

27. Ҳиқд ва гинани тарк қилиш.

28. Ғазабни тарк қилиш.

29. Алдамчиликни тарк қилиш. Бунга ёмон гумон ва макр-ҳийла ҳам киради.

30. Дунё муҳаббатини тарк қилиш. Бунга молу мулк ва мансаб муҳаббати ҳам киради.

Агар қалб амалларига кирувчи фазилат ва разилатларнинг бу ерда санаб ўтилганлардан бошқаси топилса, у мазкур шуъбалардан бирортасига дохил бўлади. Ўйлаб кўрилса, дарҳол зоҳир бўлади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Алига.Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми, дедим..Йўқ Магар Аллоҳнинг Китоби, мусулмон давоми...

3555 17:00 / 16.02.2022
2. .Алҳамдулиллаҳи, тарозини тўлдирур. Мўминмусулмон одам .Алҳамдулиллаҳи, Аллоҳга мақтовлар бўлсин деган жумлани ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. давоми...

2373 19:00 / 27.07.2022
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

4004 13:09 / 08.07.2020
.Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида давоми...

2824 16:20 / 10.02.2021