Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (94-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (саккизинчи мақола)

13:10 / 15.07.2020 4680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ер юзида ёки ўзларингизга бирор мусибат етса, уни ‎яратишимиздан олдин албатта ‎китобдадир. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир‎» (Ҳадид сураси, 22-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга етадиган ҳар бир мусибат, касаллик, очлик, камбағаллик, ўлим ва бошқалар улар юзага чиқишидан аввал ҳам Лавҳул Маҳфузда, Аллоҳнинг илмида собит бўлишини таъкидламоқда. Шунинг учун мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзни қийнашнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш фақат мусулмонларга хос эканини ҳамма билиши керак.

Худди мусибат каби, ҳар бир хурсандчилик, яхшилик ҳам аввалдан Лавҳул Маҳфузда ёзилган бўлади. Шунинг учун бирон-бир неъмат, яъни яхшилик етса, ортиқча хурсанд бўлиб, ўзини йўқотиб қўйиш ҳам мусулмонларга хос иш эмас. Ушбу ҳолатларни кейинги оят баён қилади:

«‎(Бу) кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан ҳовлиқиб кетмаслигингиз учун. ‎Аллоҳ ‎ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни суймас» («Ҳадид» сураси, 23-оят).

Биз ўрганаётган ушбу ҳадиснинг ҳикмати қазои қадар ақийдасидан кўзланган ҳикматнинг асосини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди. Бу эса инсоният учун жуда зарур нарсадир. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қазои қадар ақийдаси асосан бўлиб ўтган нарсага нисбатан ишлатилади. Бировга мусибат етади, бировнинг бошига оғир иш тушади, молида, жонида нуқсонга учрайди, яна биров кўзлаган яхшилигига эриша олмайди. Ана шунда афсус-надомат бошланади, умидсизлик юзага чиқади. «Нима учун шундай бўлди?» деган савол пайдо бўлади. Одатда инсон бу мусибатларнинг сабабини ахтара бошлайди. Ҳатто мусибатимга мана шу сабабчи бўлган, деб гумон қилиб, баъзи кишиларга душманлик қилишни бошлайди. Ўзи руҳий-маънавий зарар кўргани етмагандек, бошқаларга ҳам зарар етказиш, ижтимоий алоқаларни бузиш бошланади. Қўйингки, ўтиб кетган иш учун, қайта тиклаб бўлмайдиган нарса учун беҳудадан-беҳуда зарар кўриш бошланади. Қазои қадарга ишонган одам эса ушбу ҳадиси шарифга амал қилади-да: «Менга етган ушбу нарса мени четлаб ўтиб кетиши мумкин эмас эди, муқаррар иш бўлди. Қазои қадардаги бор нарсага беҳуда афсус-надомат чекиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, энди ўзимга муяссар бўлган ишни қилишдан қолмай», дейди. Беҳудага асабини бузишдан, руҳий-маънавий эзилишдан, ақл-заковат, куч-қудрат сарфлашдан, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказишдан тийилади. Куч ва имкониятларини келажаги учун сарфлашга ўтади.

Бу ҳолат фақат мусулмонларда бўлиши мумкин, холос. Франциялик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақидаги хотираларида жумладан, қуйидаги фикрларни айтади:

«Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб, кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерлик аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб, ўзларини, мол-мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса, учириб кетар эди. Бу ҳол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Тирик ҳайвон қолганининг аломати ҳам йўқ эди. Дов-дарахт, экин-тикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман, ҳаётдан асар қолмади. Биз ўзимизча «Энди ерлик аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак», деб ўйлар эдик.

Шамол тўхтади. Аммо биз кутган нарсаларнинг бирортаси бўлмади. Ҳеч ким «дод-вой» солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб, ҳеч нарса бўлмагандек, қолган-қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Ҳеч ким кўрилган зарарга афсус-надомат чекмас, фақат қолган нарсалардан фойдаланиб, ҳаётни аввалгидай давом эттириш пайидан бўлар эди. Бу оддий, саҳровий одамларнинг ўзларини тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди.

Сўраб-суриштириб, уларнинг қазои қадарга ишонишларини, ўша ақийдага биноан иш тутаётганларини англадим».

Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб жойларида қазои қадар ақийдаси йўқлиги туфайли муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Турли-туман асабий касалликлар, тушкунлик ва умидсизликлар, ўз жонига қасд қилишлар ҳамда бошқа муаммолар шулар жумласидандир. Бунинг бирдан-бир сабаби бўлиб ўтган нарсани қазои қадар ақийдасига биноан тушунмасликдир. Биз, мўмин-мусулмонлар бу ақийдани ўз ўрнида ишлатмоқни билишимиз зарур.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робаъий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари давоми...

5399 13:30 / 08.05.2019
.У ҳаводан нутқ қилмас. У Қуръон юбориладиган ваҳий, холос,, деган Нажм сураси, 3ndash4оятлар.Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат давоми...

5557 05:00 / 06.03.2017
Исломда иймон Аллоҳ таолодан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки давоми...

4913 14:00 / 03.08.2019
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

6284 17:04 / 08.01.2017