Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозни ўз вақтидан кечга суришнинг салбий оқибатлари | Ҳадис дарслари (285-дарс)

19:00 / 06 июнь 1450 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذَكَرُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَوْمَهُمْ عَنِ الصَّلَاةِ فَقَالَ: إِنَّهُ لَيْسَ فِي النَّوْمِ تَفْرِيطٌ إِنَّمَا التَّفْرِيطُ فيِ الْيَقْظَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Бас, у зот:

«Албатта, уйқуда (қасддан) нуқсонга йўл қўйиш йўқ. (Қасддан) нуқсонга йўл қўйиш фақат уйғоқликда бўлур», дедилар».

Термизий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Имом Муслимнинг ривоятларида мазкур кишилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз ухлаб қолиб, намозда нуқсонга йўл қўймоқдамиз», деган эканлар. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уйқуда қасддан нуқсонга йўл қўйиш йўқ. Қасд­дан нуқсонга йўл қўйиш бошқа намознинг вақти келгунча намоз ўқимай юрган одам томонидан бўлади», деганлар.

Демак, намоздан ухлаб қолган одам айбдор ҳисобланмайди.

Бир фарз намознинг вақти иккинчи намознинг вақти киргунча давом этади. Албатта, Бомдод бундан мустасно.

Намозни ўз вақтидан кечга суриш ҳаромдир.

Кўриниб турибдики, бу ривоятларда келишича, намозни ўз вақтидан кечга суришга фақат икки нарсагина – ухлаб қолиш ва эсдан чиқариш узр бўлиши мумкин. Унда ҳам ухлаб қолган уйғониши билан, эсидан чиқарган эсига тушиши билан дарҳол ўқиб олиши шарт қилинади.

Аммо бошқа далил ва ҳужжатлар яхшилаб ўрганиладиган бўлса, яна узрлар борлиги аён бўлади.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллардан ўша пайтдаги намозлари соқит бўлади. Улар мазкур намозларнинг қазосини ҳам ўқимайдилар. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам мусулмон бўлса ёки тузалса, аввалги намозларининг қазосини ўқимайди. Жинни ва ҳушидан кетган кишиларнинг узрли ҳолати беш маҳал намоз вақтидан ортиқ давом этса, улардан намоз соқит бўлади. Агар мазкур миқдордан оз бўлса, қазосини ўқийдилар.

Душманнинг қаттиқ хавфи қоим бўлиб турганда ҳам намозни кечга суришга рухсат бор. Ҳандақ куни мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тўрт вақт намоздан машғул қилганлар.

Шунингдек, туғилаётган боланинг ўлимидан қўрққан доя ва туғаётган она ҳам узрли ҳисобланадилар.

Намозни вақтида ўқимаган одам учун уларнинг қазосини ўқиши лозимлигини билдирадиган бошқа далиллар ҳам кўп.

Қазо намозни ўқиш лозимлиги ҳақида сўз юрита бориб, аллома Бадриддин Айний Ҳанафий «Ҳидоя»га битган «Биноя» номли кўп жилдли китобларининг иккинчи жилди, 582-бетида қуйидагиларни ёзадилар:

«Бу ҳукм уйқу ва унутишга хос эмас. Қачон намозни фосиқлик ёки бепарволик билан тарк қилган бўлса ҳам унга қазо ўқиш фарз бўлишига умматнинг ижмоъси собит бўлган.

Имом Аҳмад «Намозни қасддан тарк қилган одам муртад бўлгани учун қазосини ўқимайди», деганлар. У кишининг фикрича, ундай одамни қазо ўқишга қўймай, қатл қилиш керак.

Қазо намоз худди ўз вақтида адо этиладиган намоз каби ўқилади. Ҳазарда қазо қилса, тўлиқ, сафарда қазо қилган бўлса, қаср қилинади. Қироатни махфий ёки ошкор қилиш ҳам шу намознинг ўз вақтида адо этилишидаги каби бўлади. Витр намозининг қазоси ҳам ўқилади.

Олти вақтгача намозни қазо қилган одам қазоларини тартиб билан ўқийди. Ундан кўп бўлса, тартиб бузилади ва иложини қилганда ўқийверади.

Кимнинг қазо намозлари ададини билмайдиган даражада кўп бўлса, ўзининг тахминида ғолиб бўлиб, қарзим тугади, деган ҳолга етгунча ўқийверади.

Ҳаммамиз яхши ва аниқ билишимиз керакки, мазкур узрлардан бошқа ҳеч қандай узр ила бир вақт намозни ҳам қолдириб бўлмайди. Ҳар бир қолдирилган намоз бенамознинг бўйнига битмас-туганмас гуноҳ бўлиб ёзилади. Шунинг учун бир вақт ҳам намозни қолдирмай ўқишимиз керак. Баъзи бир намоз ўқимай юрган ёр-биродарларимиз, оила аъзоларимиз ва қариндош-уруғларимизга ҳам буни яхшилаб тушунтирмоғимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Биримизнинг кийимига ҳайзнинг давоми...

899 19:00 / 17 июль
Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ алБағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар. Насаблари давоми...

6204 13:30 / 22.05.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, давоми...

3186 19:00 / 01.12.2021
тўртинчи мақола Бир неча йиллар аввал ўқиган бир мақола менга қаттиқ таъсир қилган эди. Ўша мақолада мусулмонларнинг бахтсаодати фақат Исломга амал қилишда давоми...

4302 19:00 / 24.08.2022