1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоз, намоз, намоз

17:00 / 02.02.2022 4638 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

فَإِذَا قَضَيْتُمُ الصَّلَاةَ فَاذْكُرُوا اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمْ ۚ فَإِذَا اطْمَأْنَنتُمْ فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ ۚ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتً

«Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир» (Нисо сураси, 103-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда бизни намозни адо этганимиздан сўнг У Зотни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолимизда, яъни қандай ҳолда бўлсак ҳам (ҳожатхона ва ҳаммомдан ташқари) зикр қилишга буюрмоқда. Шунингдек, намозни тўлиқ адо этишга амр қилиб, намоз вақти тайин фарз бўлганини баён этмоқда.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир» оятининг тафсирида «Ҳажнинг ўз вақти бўлгани каби намознинг ҳам ўз вақти бор» деганлар.

Маълумки, Ислом дини беш нарса устига бино қилингандир. Бу ҳақида ҳадислар ворид бўлган.

عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "بُنيَ الإِسْلاَمُ عَلى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقاَمِ الصَّلاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ الْبَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضاَن"َ. (رواه البخاري ومسلم).

Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ислом беш нарса устига барпо қилингандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш» деганларини эшитдим. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Намоз Ислом динининг энг муҳим рукнларидандир. Ҳар бир мусулмон киши иймон калимасини айтади, аммо ҳамма мусулмон ҳам Рамазонда рўза тута олмаслиги мумкин. Баъзи беморлар рўза тутсалар, тузалишлари ортга суриладиган ёки беморликлари кучаядиган бўлса, динимизда уларга то тузалиб олгунларича рўза тутмасликка рухсат берилган. Бунинг натижасида мусулмонлар орасида рўза рукнини адо этувчилар сони камаяди.

Ҳамма мусулмон ҳам закот берадиган даражада бой эмас. Фақирлар ҳам бор. Фақат моли нисобга етиб, ўша мол бир йил ҳижрий-қамарий сана давомида қўлида турган бўлса, ўша мусулмон молининг қирқдан бирини закот сифатида чиқаради.

Ҳамма мусулмон ҳам ҳажга боришга қодир эмас. Саломатлиги, ҳукумат рухсат бермаганлиги, маҳаллада навбати келмаганлиги, етарли маблағга эга бўлмаганлиги каби сабаблар борлиги учун ҳажга боролмайди. Фақат йўлга қодирларгина ҳажга боради. Бу қодирлик ҳукумат рухсат берган бўлиши, маҳаллада навбати келган бўлиши, бориб-келишга маблағи бўлиши, бориб-келгунича оиласига нафақа учун қолдириб кетадиган маблағи бўлиши, саломатлиги яхши бўлиши ва ҳоказо омиллардир. Демак, ҳажга борадиган мусулмонларнинг сони камайяпти.

Нима қолди? Намоз қолди! Ҳа, намозни ҳамма адо этади. Рўза тутолмаган ҳам, закот беролмаган ҳам, ҳажга боролмаган ҳам намозини адо этади.

Жазоир мамлакатида намоз ўқиб, рўза тутиб, закот бериб, ҳажга ҳам бориб келган мусулмонга мурожаат қилишганда, бизга ўхшаб “ҳожи ака” дейишмас экан. Улар ҳажга борган инсонга йўлиқиб қолсалар, “Аллоҳ таоло сизга Исломнинг бешта устунини бажариш неъматини ато қилган. Сиз шундай бахтли инсонсиз” дейишар экан.

Демак, Ўзбекистонда яшаётган мусулмонларнинг қанчадир фоизи Исломнинг беш рукнини бажарган, бажараётган инсонлар, бахтли инсонлар. Қанчадир фоизи Исломнинг тўртта рукнини бажарган инсонлар, яъни закот ҳам берган, ҳали ҳаж насиб қилмаган. Қанчадир миқдори закотга қодир эмас, балки Исломнинг учта рукнини бажарган: иймони бор, намози бор, рўзаси бор. Энди қанчадир миқдорида иймони бор, намози бор. Ҳали рўза насиб қилмади. Қандайдир сабаб бўлиб рўза тутолмади. Ёки энди намозга кирди, Рамазон келса, рўза тутади. Ўтган йили Рамазонда нимадир сабаб бўлиб рўза тутолмади. Энди намози ҳам бўлмаса, иймони жуда қувватсиз бўлиб қолади. Жуда ҳам заиф бўлиб қолади. Ағанаб кетиш хавфи кучли. Агар иймон йиқилиб тушса, иймондан жудо бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ таоло асрасин! Иймонни ушлаб, унга суянч, тиргак бўлиб турадиган ёнидаги намоз доим бирга туриши керак.

Намоз ҳеч қачон, ҳеч кимдан соқит бўлмайди. Тик туришга қодир бўлса, тик туриб ўқийди. Узри бўлмаса, намозни жамоат билан адо этади. Агар жамоатга боришга бирор узри бўлса, уйида ўқийди. Агар тик туришга қодир бўлмаса, ўтириб ўқийди. Ўтириб адо этишга қодир бўлмаса, ёнбошлаб адо этади. Имо-ишора қилиб бўлса ҳам намозини адо этади. Демак, намоз ҳеч кимдан соқит бўлмаяпти. Рўза тутса, тузалиши кечикадиган ёки касали кучайиб кетадиган ҳалиги рўза тутмасликка рухсат берилган бемор ҳам намозини адо этади. Рўза тутса, сафарида машаққатга учраса, рўза тутмасликка рухсат берилган мусофир ҳам намозини қаср қилиб адо этади. Закот беролмайдиган, ҳажга боролмаётган мусулмонлар ҳам намозларини адо этишади.

Намозга жуда эътиборли бўлайлик! Уни қолдирмайлик, қазо қилмайлик, кечиктирмайлик, вақтида адо этайлик!


عن عبدالله بن مسعود رضى الله عنه قال: سَأَلْتُ النبيَّ ﷺ: أيُّ العَمَلِ أحَبُّ إلى اللَّهِ؟ قالَ: الصَّلاةُ على وقْتِها قالَ: ثُمَّ أيٌّ؟ قالَ: برُّ الوالِدَيْنِ قالَ: ثُمَّ أيٌّ؟ قالَ: الجِهادُ في سَبيلِ اللَّهِ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳга энг маҳбуб амал қайси?” деб сўрадим. Шунда У Зот: «Ўз вақтида ўқилган намоз» дедилар. Мен: «Кейин қайси?» дедим. У Зот: «Ота-онага яхшилик қилиш» дедилар. Мен: «Сўнг қайси?» дедим. У Зот: «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш» дедилар. (Бухорий ривоятлари)

Ушбу ҳадисда Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалларнинг биринчиси ўз вақтида ўқилган намоз экани таъкидланяпти. Намознинг улуғлигини, аҳамияти юксаклигини шу ҳадис ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Аллоҳ таоло барчамизни намозини ўз вақтида, ихлос билан, масжидларда, жамоат билан адо этадиган бандаларидан қилсин! У Зот барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
vБешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.Шарҳ Бу ҳадиснинг ровияси Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу давоми...

5964 05:00 / 09.01.2017
Қизлардан бири айтади .Ёшлигимда отам билан бирга таом танаввул қилишни яхши кўрар эдим. Отам билан таом танаввул қилиш учун у киши .Намоз ўқимаган одам мен билан давоми...

3342 14:30 / 12.04.2022
Қизлардан бири айтади .Ёшлигимда отам .Ким намозини ўқимаган бўлса, ифторлик вақтида мен билан бирга ўтирмасин, дер эдилар. Агар бизни орамизда бомдод намозини давоми...

3160 14:30 / 06.05.2022
Бир ота айтади .Мен уйимда бир қути сақлар эдим. Унинг ичи фарзандларимга ёқадиган нарсалар ва ҳар хил ўйинчоқларга тўла эди. Фарзандларим жамоат намозларини давоми...

2223 14:00 / 25.11.2021