Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (86-дарс). Инсонни унинг дахли йўқ нарсада маломат қилиб бўлмаслиги

13:00 / 20.05.2020 5218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саксон бешинчи дарсимиздаги ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан хабардор бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича биргина ҳадиснинг зоҳирига, сиртига қараб ҳукм чиқариш хатарли эканлигини яхши тушуниб олдик.

Биз ўрганган ушбу ҳадиснинг сиртидан ҳукм чиқарган кўпчилик нобакорлар қадимдан: «Одам қадарни рўкач қилиб кўрсатиб, Мусони енгди, биз ҳам гуноҳимизни ихтиёримиз билан қилаётганимиз йўқ, Аллоҳ тақдиримизга ёзган экан, қандай қиламиз», деган баҳона қилиб келган эканлар. Аслида эса Одам алайҳиссалом ўзида бутун инсониятнинг бахтсизлиги учун жавобгарликни инкор этган, бу нарса Аллоҳнинг азалдан белгилаб қўйган илми асосида бўлаётганини айтган эканлар. Аммо биринчи хатога йўл қўйган чоғларидаёқ, эътироф этиб, тавба қилганлар. Аллоҳ таоло у зотнинг тавбаларини қабул этган.

«Демак, – дейди аввалги уламоларимиз, – инсон ўз касбига жавобгар, у Аллоҳнинг амри билан бўлган ва ўзининг дахли йўқ нарса учун маломат қилинмайди. Оламнинг мавжудлигига ва унда одамларнинг тарқалганига Одам алайҳиссаломнинг хатолари сабаб ҳам эмас, одамларнинг машаққатларига у зот жавобгар ҳам эмас».

Демак, нобакорларнинг ўз гуноҳларига қадарни узр қилиб кўрсатишлари ҳам тўғри эмас. Агар улар айтган гап тўғри чиқиб, инсон ҳамма ишини мажбур бўлиб қилганида эди, дунёнинг низоми тамоман мантиқсиз бўларди. Унда яхши билан ёмоннинг фарқи қолмас эди. Чунки яхши яхшиликни мажбур бўлиб қилмоқда. Шунинг учун яхшилиги унга фазл бўла олмайди. Ёмон ёмонлигини мажбур бўлиб қилмоқда. Шунинг учун ёмонлиги унга айб бўла олмайди. Ким нима қилса, жавобгар эмас, хоҳлаган ёмонлигини қилаверади.

Бу фикр жуда хатарли, у дунёнинг бузилишига чақириқдир. Бу фикр дунёдаги дийнлар, шариатлар, пайғамбарлар, илоҳий китобларнинг ҳаммаси беҳуда, деган гап. Чунки улар одамларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чақирадилар.

Ўз амалига қадарни рўкач қиладиган нобакорлар эса: «Буларнинг фойдаси йўқ, инсон фақат олдиндан белгилаб қўйилган нарсани бажаришдан бошқа иложи йўқ махлуқдир», дейдилар. Ушбу фикр қаерда тарқалса, ўша ерда бало-офат ҳам тарқайди. Ўша ерда ёмонлик ҳеч қандай тўсиқсиз, бемалол урчийди. Ҳар қандай масъулият, жавобгарлик осонлик билан тарк этилади. Оқибатда ҳамма нарса расво бўлади. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп.

Қазою қадар ақийдасини тузатиб, асл исломий ҳолига келтириш дийний ислоҳнинг муҳим вазифаларидандир. Аввалгидек, қазо ва қадар ақийдаси мусулмонларни ўлимдан, қийинчиликдан қўрқмай: «Бизга Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа ҳеч мусибат етмас», деб олға юришга чорлаши керак.

Қазою қадар масаласи инсон ўз касби учун жавобгар эканлигини исбот қилар экан, мусулмонларни фақат яхшилик қилишга, барча ёмонликни тарк этишга ундовчи биринчи омил бўлиши лозим. Ҳеч ким қазои қадарни рўкач қилиб, ўзини масъулиятдан олиб қоча олмайди.

Қўлга тушиб қолган бир ўғри ҳазрати Умарга:

«Қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман, нега энди қўлимни кесар экансан?» деганида у киши:

«Сен қазои қадар ила ўғрилик қилган бўлсанг, мен ҳам қазои қадар ила қўлингни кесаман», деган эканлар.

Кейин ҳазрати Умар ўз вазифадорларига:

«Уни аввал ўттиз дарра уриб, сўнгра қўлини кесинглар!» дебдилар.

«Нима учун?» дейишибди.

«Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон нисбат бергани учун дарра урилади, ўғрилик қилгани учун қўли кесилади», дебдилар.

Қазои қадар дангасаликка ёки гуноҳ ишларни қилишга баҳона бўлиши мутлақо мумкин эмас. Бу масала улуғ ишларни бажариш ва олий ғояларга эришиш унвони бўлиши зарур.

Қадарни қадар ила даф қилиш маъносини ҳам унутмаслик зарур. Очлик қадари озуқаланиш қадари ила даф қилинади. Чанқоқ қадари сероб бўлиш қадари ила даф қилинади. Беморлик қадари даволаниш қадари ила даф қилинади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб, ор­қага қайтишга қарор қилдилар.

Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлсаю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил, бошқаси қурғоқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қурғоғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» дедилар.

Бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ҳаммамиз учун яхши ўрнакдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирликка қарши иш билан, жаҳолатга қарши илм билан, беморликка қарши даволаниш билан курашганлар. У зот маҳзунлик, ожизлик, дангасалик каби ҳолатлардан паноҳ тилаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қадар масаласини нотўғри талқин қилишдан қайтарганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда у зот:

«Охири замонда бир қавм пайдо бўлади. Улар маъсиятларни қиладилар. Сўнгра «Буни бизга Аллоҳ тақдир қилган», дейдилар. Уларга рад қилувчи киши худди Аллоҳнинг йўлида қилич яланғочлаган киши кабидир», деганлар.

Қазо ва қадар масаласи тўғри англаб етилганда ва унга тўғри амал қилинганда мусулмонлар ўзларининг аввалги шон-шуҳратларини тиклашлари ҳамда дунёда ўзларининг муносиб жойларини эгаллашлари мумкин.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда алангламаслик ҳақида 21тавсия Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Болам, намозда у ёқбу ёққа аланглашдан давоми...

4700 17:04 / 08.01.2017
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келибкетиб давоми...

3267 19:00 / 02.09.2022
Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда мужоҳидлик номига доғ тушираётганлар ичимизда йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини давоми...

3749 17:00 / 07.09.2021
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робаъий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари давоми...

5502 13:30 / 08.05.2019