1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Олимнинг ўлими оламнинг ўлими

17:15 / 16.06.2021 3883 pdf Ўқиш режими + -

Бугун ўта оғир жудолик бўлди. Ўзбек халқининг ноёб гавҳарларидан бири, фақиҳ, воиз, зоҳид, ҳофизи Қуръон, тақводор олим, балоғат, мантиқ, ақийда илмлари мутахассиси, Ёрқинжон домла Хўқандий домламиздан айрилиб қолдик.

Устоз Ёрқинжон домламиз, ҳақиқатан, бир олам инсон эдилар. У кишидан жудолик бутун ўзбекзабон халқлар учун ўта катта йўқотишдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим вафот этса, қиёматгача ўрни тўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади», деб бежизга айтмаганлар. Ёрқинжон домламиз ана шундай катта бўшлиқ қўйиб кетдилар.

Илм ўқиган кўп, уни таратадиган ҳам кўп, аммо нуқтадон олимлик, зарофату заковат, ҳикмату ихлос ҳар доим ҳам топилмайди. Бир инсоннинг Ёрқинжон домладек бўлиши учун қанча куч‑қувват, вақту меҳнат, яна қанча омиллардан ташқари алоҳида илоҳий иноят, тавфиқ бўлиши керак.

Ёрқинжон домла юртдаги аҳли илмлар қўлида таҳсил олгач, Девбанд уламоларидан шаръий илмларда таълим олди. Кейин юртга келиб, гавҳардек ярқираб, илм зиёсини тарата бошлади. Аммо ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, бироз халқдан панароқда юришга тўғри келди. Кейин Мисрга бориб, у ерда ҳам илм таҳсил қилдилар ва узлатда кўплаб китоблар мутлаа қилдилар. Мирсда баъзи шайхлар ҳузурига бирга зиёратда бўлдик. У кишининг аҳли илмларга ихлосу эҳтироми ҳам ўзгача эди ва жуда нозик масалаларда саволлар билан кўпчилик учун илмий мазвулар очиқланишига сабаб бўларди. Мен: «Бу ерда нима янгилик бўлди сизга?» десам, «Ақийда илми ўта чуқур ва зўр ўқитилар экан, Ҳиндистонда бу борада дарслар бунчали эмас», деган эди.

Ёрқинжон домла тошқин дарё эди. Бўлганда ҳам илму ҳикматга тўла дарё эди. Суҳбатлашиб тўймасдингиз. Ўта беғубор, бетакаллуф, улфатнишин, сертабассум, ҳазилкаш, зарофатли инсон эди. Қайси мавзудан гап бошласангиз, у кишидан ўша ҳақида теша тегмаган маълумот олардингиз. Ҳамиша ёнларида бир халта китоб олиб юрарди. Бўш қолди дегунча мутолаага бериларди. Аҳли илм шерикларга илинган маълумотларини муҳокамага ташлаб, илмий баҳсни қизитарди. «Билмадим» дейишдан ҳеч ийманмас эди. Бирор фикрга қарши гап айтмоқчи бўлса ҳам суҳбатдошга малол келтирмасдан сўзларди.

Адабиётда ҳам жуда пешқадам эди. Форсий, турки шеъриятдан жуда кўп байтларни ёд биларди. У киши ҳозир бўлган мажлисда сўз бир фиқҳдан, бир ақийдадан бўлар, ҳали фузулийхонлик, ҳали навоийхонликдан суҳбатлашар эдик. Тарих, хусусан, яқин тарихимиз ҳақида кўп маълумотга эга эди. Хотираси ўта кучли, заковати ўта тез эди. Фикрни жуда ҳам равон етказар, сўзини осон уқтирарди. Хуллас, суҳбати тарёқ, ўзи жонга малҳам эди. Шоир Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қилиб қолганди ва у киши ҳам забардаст шоир билан адабиётда басма‑бас суҳбатлаша оларди.

У кишининг суҳбатдошлари, жумладан, шу сатрлар муаллифи ҳам энди у зотнинг суҳбатларини бир умр соғиниб ўтишмиз тайин.

Сўнги пайтларда эркинлик шабодалари эсиб, муҳтарам домламизнинг масжидда хизмат бошлаганларидан жуда ҳам шодланган эдик. Тўғриси, биз бу илм хазинасининг қадрига ета олмадик. У кишидан илм олиб, мадрасаларимизга жалб қилиб, кўп хайрли ишлар қилишимиз керак эди. Халқнинг умиди ҳали жуда катта эди. Масжидда олиб борган илмий суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, жуда кўпчилик йўлини топиб, баҳраманд бўлаётган эди. Аммо Аллоҳнинг иродаси экан, оғзимиз энди болга тегди деганда ундан маҳрум бўлиб қолдик. Энди қолган аҳли илмларимиз, уламоларимизнинг қадрига етишимизни Ўзи муяссар этсин!

Домла уйимизга кўп ташриф буюрганлар. Баъзан ётиб қолардилар. Саҳархез ва кам уйқи эди. Беҳуда гаплардан тамоман йироқ, ибодатга ва мутолаага полвон эди. Гуноҳдан ҳамиша ҳазир бўлар, ғийбату шикоятлардан ҳам узоқ эди. Ўзини намоён этишни истамас, риёу ужбга бегона, биров ҳақида ёмон фикр айтишдан сақланар эди. У киши замонамизнинг валийларидан эди. У киши ҳақларида гапирсак сўзимиз поён билмай қолади. Роббим Ўзи раҳматига олсин.

Бир неча ой олдин бизнинг уйда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Васият» китобларини шарҳи билан ўқиб, тугатгандик. Ўшанда расмга олиниб қолган экан. Бугун ўша ширин дамларни қўмсаб, бирдан ёдимга келган айрим гапларни сиз билан улашгим келди. Мақсад ‒ бироз дардлашиш ва муҳтарам домламиз ҳақларига кўпчиликлашиб чин дилдан дуо қилишдир.

Аллоҳим! Ёрқинжон домламизни Ўзинг раҳматингга ол, камчиликларини мағфират айла, яхши амалларини, динингга қилган хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, ҳузурингдан ҳасанотлар ила мукофотла. У киши бир умр илм йўлида яшаб ўтди, пайғамбарнинг ворисларидан эди, у кишини охиратда ҳам набийлар, аҳли илмлар билан бирга қил! Қолган аҳлларга сабру салвон бер, барчаларимизга чидам ато қил ва йўқотганимиз ўрнига хайри халаф бер.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар».

Бу ҳадиси шариф олимлардан айрилиш жамиятга масъулият юклашини ҳам уқтиради. Ёрқинжон домла каби олимларимиз ичимиздан кетар экан, қолган аҳли илмлар зиммасига у киши қиладиган хизматлар ҳам тушади ва у кишидек олимлар етиштириш ҳаракатини ҳам тақозо этади.

Ё Аллоҳ! Ўзингга шукрки, бу дунёда солиҳларга ёндаштирдинг, энди охиратда улардан айирмагин! Гарчи солиҳ бўлмасам ҳам, солиҳлар муҳаббатини бердинг, Расулинг ҳадислари ҳурмати, икки дунёда улар билан бирга айла!

Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
2021 йил 16 июнь

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми доирасида .Алоқабанк, АТБ ҳамда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси давоми...

1070 15:40 / 04.11.2022
Жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик, меҳроқибат ғоялари ва қадриятларини қарор топтирувчи муқаддас Рамазон ойи кириб келгани муносабати билан давоми...

1259 16:42 / 28.03.2023
Туркиянинг Мардин вилоятида яшовчи Султон Кўсенга муфтийлик вакиллари унинг учун махсус тайёрланган совғаларни топширди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот давоми...

1964 14:00 / 24.03.2021
Бугун Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имомхатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний давоми...

1585 10:34 / 28.08.2021
Видеолар
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021