1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Устозга эҳтиром

15:02 / 30.09.2020 2036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Кимдир устозидан касб-ҳунар ўрганса, яна мактаб ва олий ўқув юртларида ундан илм таҳсил олади. Хуллас, бирон инсон йўқки, дунё ҳаётининг қайсидир жабҳасида бир устознинг этагидан тутмаган ёки бир мураббийга иши тушмаган бўлсин.

Устозларнинг меҳнати, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Айниқса, дин илмини ўргатган устозларимизга кўпроқ эътибор ва марҳамат кўрсатишимиз зарур. Чунки дунёвий илм ёки бир касб-ҳунар ўргатган устоз дунё ҳаётининг камоли ва равнақи учун ёрдам беради. Диний илм ўргатувчи устозларнинг эса ҳам дунё, ҳам охиратимизга фойдаси тегади, улар бизни жаҳаннам оловидан паноҳ топишимизга сабабчи бўлишади. «Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир», деган эди Аҳнаф ибн Қайс.

Аждодларимиз устозни ҳурматлаш, унинг шаъни ва иззатини кўтариш бобида ғоятда катта ибратни қолдиришган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишда ёрдам бературиб бундай деганлар: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли».

«Ҳидоя» муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: «Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юришибди. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келишса, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман», деб жавоб қилдилар.

Яна ҳикоя қилишадики, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Марвлик қози Имом Фахриддин ал-Арсобандий вилоятдаги барча олимларнинг раиси эди, у зотни Марв султони ҳам қаттиқ ҳурмат қилар эди. Шу киши айтган эканлар: «Устозимнинг дуолари баракотидангина шундай мартабага эришдим. Ҳамиша устоз хизматларини ва ҳурматларини ўринлатишга интилдим. Устозим қози Имом Абу Язид Дабусий хизматларига қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, пойабзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устоз овқатланиб бўлгунларича ўзим тановул қилмас эдим».

Бухоронинг Мир Араб мадрасасида ўтган аср ўрталарида Шаҳобиддин қори исмли улуғ мударрис кўп йиллар дарс берганлар. Шу зотнинг ҳикоя қилишларича, ҳар куни эрталаб турсалар, барча устозларнинг ҳужра эшиги олдида қолдирган пойабзаллари ювилиб, тозалаб қўйилар экан. Кимдир бу билан чекланмай, ҳатто ҳожатхоналарни тозалаб, таҳоратга сув иситиб қўябошлабди. Буни ким қилаётганини билмоқчи бўлиб кўп пойлашибди, лекин бу ҳиммати улуғ шогирд ўзини ҳеч кўрсатмабди. Ниҳоят, бир куни уни «қўлга туширишибди». Андижонлик бир талаба экан. Шаҳобиддин қори хижолатликдан ерга қараб турган шогирдга: «Қиблага қараб, қўлингни дуога оч», дебдилар. У айтганларини қилибди. «Ўзинг ҳам олим бўл, зурриётларингдан ҳам фақат олимлар чиқсин», деб дуо қилибдилар. Дарҳақиқат, устозлар дуоси ижобат бўлиб, бу зотнинг ўзлари ҳам олим бўлдилар, фарзандлари ҳам олим бўлишди, ҳатто бир фарзандлари дунёга машҳур аллома бўлиб етишди, набиралари ҳам исломий илм соҳиблари бўлиб улғайишди.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу илм ўрганувчига қарата бундай деганлар: «Олимнинг сендаги ҳақларидан бири сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Унинг рўбарўсида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг билан ишора этмаслигинг, кўзингни қисмаслигинг, устозга керагидан зиёда савол бермаслигинг, жавоб беришида унга ёрдам бермаслигинг, агар хоҳламаса, унга қайта-қайта савол бермаслигинг, устоз туришга ҳаракат қилганда унинг кийимларидан ушламаслигинг, унинг сир-асрорларини фош этмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир кишини ғийбат қилмаслигинг, уни бирон-бир масалада хато қилишини ҳеч қачон тиламаслигинг, устоз агар ногоҳ адашса, узрини қабул этишинг, устозга қарата: «Мен фалончи бундай деганини эшитдим» ёки «Фалончи сизнинг хилофингизга гапирди», деб айтмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир олимни тавсифламаслигинг, узун суҳбатидан ҳеч қачон малолга келмаслигинг, устоз хизматидан ўзингни олиб қочмаслигинг лозим бўлади. Устознинг бирон ҳожати чиқиб қолса, уни адо этиш учун барча қавмлар чопишади. Устоз гўё бир хурмо дарахтига ўхшайдики, сен ундан бирон нарса тушишини пойлаб турасан». Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу айтдилар: «Уламолар бўлишмаганида эди, инсонлар гўё ҳайвонларга ўхшаб қолишарди».

Суҳбатимизни Имом Раббоний ҳазратларининг бир фикрлари билан якунламоқчимиз: «Паҳлавонга раҳмингиз келсин, чунки у бир куни кучдан қолмоғи мумкин. Бойга ҳам раҳмингиз келсин, чунки унинг бойлиги ҳам мангу эмас. Лекин кўпроқ олимга шафқат қилинг, у бечоранинг умри нодонлар орасида хору зорликда ўтиб кетмасин».

«Ҳилол» журналининг 9(18) сонидан

Мавзуга оид мақолалар
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят.Мен.Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг,, дедим.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.Рўзани лозим давоми...

1572 18:23 / 04.05.2020
Қуръонда пайғамбарлар дуоларидавомиҚуръоннинг уч сурасида Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо баён этилган. Кекса Закариё алайҳиссалом бефарзанд эдилар. давоми...

7455 11:45 / 14.04.2019
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон давоми...

3129 09:10 / 28.08.2019
Имом Ибн Абу Шайба Амр ибн Саъид ибн Ҳусайндан ривоят қилади .Онам менга отамдан хабар бердилар. Отам шундай деганлар .Ёш йигит эдим. Бир куни Умму Салама давоми...

2224 08:00 / 20.01.2021