Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (11-дарс). Шом мадрасаси

11:01 / 12.12.2018 6300 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шом қадимдан илм-маърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаб ўтган. Бу ўлканинг одамлари Исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана бошладилар. Уларга машҳур саҳобалар устозлик қилдилар.

Ибн Саъд, Ҳоким ва имом Бухорий «Тарихи сағийр»да мухтасар қилиб Муҳаммад ибн Каъб Қаразийдан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ансорлардан беш киши: Муъоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳу жамланишган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замони келганда унга Язийд ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу: «Аҳли шомлар кўпайдилар, катта бўлдилар, шаҳарларни тўлдирдилар ва ўзларига Қуръондан таълим берадиган, уларга фиқҳ ўргатадиган кишиларга муҳтож бўлдилар. Эй мўминларнинг амири, менга уларга таълим берадиган кишилардан ёрдам беринг», деб ёзди.

Умар ҳалиги беш кишини чақириб, уларга:

«Аҳли Шом биродарларингиз мендан уларга Қуръондан таълим берадиган ва динни ўргатадиган кишилардан ёрдам беришни сўрашди. Аллоҳ хайрингизни берсин, сизлар ўзингиздан учтангиз билан менга ёрдам беринглар. Агар хоҳласангиз, қуръа ташланглар. Агар учтангиз кўнгилли бўлиб чиқса, чиқишсин», деди. Улар:

«Қуръа ташлашга ҳожат йўқ. Бу киши, – дейишди Абу Айюбни кўрсатиб, – қариб қолган. Бу киши бўлса, – дейишди Убай ибн Каъбни кўрсатиб, – бемор».

Шундан сўнг Муъоз ибн Жабал, Убода ва Абу Дардо чиқдилар. Умар:

«Ҳимсдан бошланглар. У ерда турли-туман одамларни учратасизлар. Уларнинг ичида талқин қиладиганлари ҳам бор. Қачон ўшандоқни кўрсангиз, унга бир тоифа одамни йўллаб қўйинг. Қачон улардан рози бўлсангиз, у ерда бир киши қолсин. Бир киши Димашққа борсин, бошқаси Фаластинга», деди.

Улар Ҳимсга бордилар. То одамлардан рози бўлгунларича турдилар. Кейин у ерда Убода қолди. Абу Дардо Димашққа, Муъоз Фаластинга кетди.

Муъоз Амвос ўлати йили вафот этди. Убода кейин Фаластинга бориб, ўша ерда вафот этди. Абу Дардо вафот этгунча Димашқда турди».

Тарихчиларимиз ўша пайтдаги илм мажлислари ҳақида Абу Муслим Ҳавлонийдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Ҳимснинг масжидига кирсам, бир тўп ёши ўтган кишилар ичида тишлари ялтираган ёш йигит ўтирибди. У жим ўтирар, гапирмас эди. Қавм бирор нарсани билмай қолса, унга мурожаат қиларди. Ёнимдаги одамга:

«Бу ким?» дедим.

«Муъоз ибн Жабал», деди. Унинг муҳаббати қалбимдан жой олди».

Язийд ибн Қутойбдан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Ҳимс масжидига кирсам, бир жамалаксоч ёш йигит ўтирибди. Атрофида одамлар тўпланган. Гапирса, худди оғзидан нур ва маржон чиққандай бўларди.

«Бу ким?» дедим.

«Муъоз ибн Жабал», дейишди».

Муъоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумнинг илм йўлидаги фидокорликларини алоҳида таъкидлаш керак. Улар ўзларининг қари ва бемор шерикларини эҳтиром қилиб, барча оғирликни ўзларига олдилар ва бу машаққатли ишни умрларининг охиригача шараф билан адо этдилар.

Ҳимс, Димашқ ва Фаластиндан ҳозиргача машҳур уламолар тинимсиз чиқиб турганига ушбу азизлар розияллоҳу анҳум асос солган бўлсалар, ажаб эмас.

Тобароний ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб:

«Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким молу дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», деди».

1. Муъоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий Хазражий.

Муъоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий ал-Хазражийнинг кунялари Абу Абдурраҳмон бўлиб, у киши Ясрибда Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъватлари ила 12 ёшларида Исломни қабул қилганлар.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз тенгдошлари ичида зеҳни ўткирлиги, фаҳму фаросатлилиги, гапи тиниқлиги ва ҳиммати олийлиги билан алоҳида ажралиб турар эдилар.

Яман подшоҳларининг элчилари келиб, ўз қавмларининг Исломга кирганлари ҳақидаги хушхабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар ва одамларга дин илмларини ўргатиш учун устозлар юборишларини сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кишиларни юборишга қарор қилдилар. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўша муаллимлар рўйхатининг биринчи қаторида эдилар. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Яманга фақат устоз сифатида эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омиллари, аниқроғи, волийлари сифатида жўнашлари керак эди. У киши Яманга жўнаб кетишларидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини олдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб:

«Муъоз Шомга чиқди. Унинг чиқиши аҳли Мадинага фиқҳда тақчиллик туғдирди. Мен Абу Бакрга, одамларнинг унга ҳожати борлиги учун уни ушлаб қолишни айтсам, «Шаҳидликни истаган одамни ушлаб қололмайман», деди. Мен: «Аллоҳга қасамки, киши уйида, ўз тўшагида ётиб ҳам шаҳидликка эришиши мумкин», дедим», дер эди.

Каъб ибн Молик:

«Муъоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрнинг ҳаётлик даврларида Мадинада одамларга фатво айтар эди», деди».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу кўзга кўринган олимга айланган эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг дастлабки вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ила масжидга кирган Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади:

«Ўттиз кишидан ортиқ одам иштирокидаги мажлисда ўтирдим. Уларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтар эди. Ҳалқада қорамағиздан келган, даҳани ширин ва кўркамгина ёш йигит ҳам бор эди. У қавмнинг ичида энг ёши эди. Агар уларга ҳадисдан бирор нарса иштибоҳли бўлиб қолса, ундан сўрашар, у фатво берар эди. Улар сўрамагунча, у гапирмас эди. Уларнинг мажлиси тамом бўлганда, мен унга яқинлашиб:

«Сен кимсан, эй Аллоҳнинг бандаси?» дедим.

«Мен Муъоз ибн Жабалман», деди у».

Саҳобаи киромларнинг мажлисларида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳам бўлсалар, ҳар бир сўзловчи гапни бошлашдан олдин у кишига бир қараб олар эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу доимо Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраб турар эдилар. Қийин масалаларни Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳал қилиб берган чоғларда эса:

«Хотинлар Муъоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздирлар. Агар Муъоз бўлмаса, Умар ҳалок бўларди», дер эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан ташкил қилинган ва мазкур саҳобаи киромлар устозлик қилган Шом мадрасасидан Абу Идрис Ҳавлоний, Макҳул ибн Абу Муслим Димашқий, Умар ибн Абдулазиз, Ражо ибн Ҳайва Киндий каби машҳур илм соҳиблари етишиб чиқдилар.

2. Абдурраҳмон Авзоъий.

Мазкур олимларнинг энг каттаси Абдурраҳмон Авзоъий эди. У киши Баълабаккада туғилиб, Дамашқ ва Байрутда яшаган. Шом аҳли Авзоъийни «Имоми аҳли Шом» деб номлашар эди ва у кишининг мазҳабида эдилар. У кишининг фиқҳий мазҳаби Шомдан ташқарида Мағриб ва Андалусда ҳам кенг тарқалган эди. Аммо вақт ўтиши билан Авзоъийнинг мазҳаби унутилиб кетди.


“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса.Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш давоми...

3358 13:00 / 19.11.2020
Халқимизда маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса адо этасизмиrdquo, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач давоми...

3736 05:00 / 18.01.2017
...аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. давоми...

7779 05:00 / 03.03.2017
Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат 1. Миср ёки унинг чети давоми...

1616 19:00 / 02.11.2023