1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Инсон ҳаётини дунёвий ва диний бўлакларга бўлмаслиги лозим

19:00 / 16 декабрь 192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ

«Агар улар Тавротга, Инжилга ва уларга Роббларидан нозил бўлган нарсага тўлиқ амал қилганларида эди, албатта, устиларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам еган бўлар эдилар. Ораларида мўътадил уммат ҳам бор. Уларнинг кўпларининг қилган амаллари жуда ҳам ёмон» (Моида сураси 66-оят).

Албатта, иймон ва тақво Аллоҳ таолодан нозил бўлган Таврот ва Инжилни, бошқа илоҳий китобларни, жумладан, Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ этишни тақозо қилади. Таврот ҳам, Инжил ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришга, у кишининг динига киришга амр қилган. Ҳамма Исломга кириши, сўнгги Пайғамбарга эргашиши ва Қуръони Каримга амал этиши лозим. Қуръони Карим келишидан олдин Таврот ва Инжилга амал қилганларида ҳам, ушбу оятдаги илоҳий ваъдага ноил бўлар эдилар. Қуръони Карим келганидан кейин унга амал қилинса ҳам, албатта, ўша ваъдага вафо қилинади.

Ушбу икки оятдан улкан исломий қоида келиб чиқади. Яъни: инсон ҳаётини дунёвий ва диний бўлакларга бўлмаслик лозим; инсон ҳаёти бўлинмас бир хил ҳаётдир; у ҳаёт ўзининг ҳамма соҳаларида илоҳий қоидаларга ва таълимотларга мос бўлиши лозим. Ким иймон келтирса, тақволи бўлса ва Аллоҳ нозил қилган нарсага – самовий китобга амал қилиб яшаса, гуноҳлари кечирилади, жаннати наъимга киради, устидан ҳам, оёқлари остидан ҳам (ризқ) ейди. Яъни, диндор бўлиш икки дунё саодатига сабаб бўлади. Бу эса ҳозирги вақтда дунё бўйлаб ҳукм сураётган, дин фақат охират иши учун керакли шахсий-маънавий ишдир, деган нотўғри фикрга мутлақо зиддир. Бу номаъқул фалсафанинг асли насороларда бўлган, аммо кейинроқ уни динга қарши чиққанлар ҳамма ёққа тарқатганлар.

Маълумки, насроний дини Европада тубдан бузилган ҳолда ёйилган. Одамлар томонидан бузилган ўша динга кўра, бу дунё бузуқлик ва гуноҳкорликдан иборат. Кишилар тарки дунё йўли билангина охират саодатига эришишлари мумкин, деб кенг тарғиб этилади. Каниса Европадаги халқларнинг ҳамма ҳаётий жабҳаларида аста-секин мазкур фалсафани куч билан жорий этди. Одамларни илм-маърифатдан ва эркин фикрлашдан қайтарди. Жаҳолат ботқоғига тортди. Озодлик, илм-маърифат ва яхши ҳаёт тарафдорларини шафқатсиз равишда жазолади, ўтларда куйдирди, ўлдирди ва азоблади. Ўрта асрларда бўлиб ўтган бу можаролар ҳаммага маълум. Аммо тарихларда, мактаб дарсликларида ўша номаъқулгарчиликларни насроний дини бўйича иш юритиб турган кишилар қилганлар, деб айтилмайди. Балки умумлаштириб, дин қилди, дейилади. Шу йўл ила кишиларга Исломга қарши ҳам айни шундай фикр сингдирилган. Аслида эса унинг бу даъволари ғирт бўҳтон, унинг соҳибларининг усуллари эса пасткашликдир. Ўша пайтларда худди Европанинг ўзида – ҳозирги Испания ва Португалия ерларида Андалус номли Ислом давлати мавжуд бўлиб, у ерда илм-фан, маърифат гуллаб-яшнаган, кишилар бу дунёнинг жаннатида яшай бошлаган эдилар. Каниса эса илм-фан ва маърифатга қизиққан насороларни мусулмонларга эргашганлари учун азоблашга, кофирга чиқаришга ўтди. Насроний дини раҳбарлари, Европа халқлари мусулмонларга қўшилиб, канисани ташлаб кетади, деб қўрқишар эди. Яъни, ўша пайтда илм-фан ва маърифат учун ҳаракат қилиш мусулмонликка ҳаракат билан баробар бўлиб қолган эди. Насоролардан фикри очиқларининг мусулмонлар каби илмли, маърифатли бўлишга уринишлари, мусулмонлар каби бу дунёда ҳам яхши ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишлари канисага куфр ва шаддодлик бўлиб кўринди. Бунинг натижаси ўлароқ, зулм ва истибдод кучайди. Оқибатда динга муносабат ўзгарди. Кишилар канисанинг зулмидан қутулишга ҳаракат қилдилар. Париж коммунаси ва бошқа ҳаракатлар бўлди. Ҳамма динга қарши чиқди. Умуман, динга эмас, балки насроний канисасига қарши чиқди. Аммо бу ҳаракатни дарсликлар «динга қарши» деб аташди. Бу курашнинг сўнгида канисага қарши бўлган тараф ғолиб келди. Мағлуб бўлган канисага – черковга вазифаларини чегаралаб қўйдилар. Унга биноан, гўё иймон қалбга тегишли нарса, ҳар кимнинг шахсий иши, хоҳласа, динга амал қилади, хоҳламаса, йўқ, дейишди. Черков мана шу шахсий-маънавий ишга амал қилиб, ўзига мурожаат этганларнинг руҳий талабларини қондирсин, бошқа ишга аралашмасин, дейишди. Одамлар ўзларининг шахсий эътиқодлари бўйича болаларини чўқинтирмоқчи бўлишса, чўқинтиришсин, якшанба кунги ибодатга боришни исташса, боришсин, никоҳ қилдираман, деса, қилдирсин, жаноза ўқитаман, деса, ўқитсин – булар ўзининг иши. Аммо бошқа ишларда черков четга чиқиб турсин. Ҳаётнинг қолган соҳалари бу дунёнинг иши, бу дунёнинг ишига аралашишга черковнинг ҳаққи йўқ. Бу дунёнинг ишини инқилоб қилиб, ҳукмни қўлга киритганлар тартибга соладилар, ўз ҳукмига бўйсундирадилар. Ва ҳоказо.

Биз ўрганаётган ушбу икки оятда у дунёнинг саодатига эришиш учун иймон ва тақво шарт қилиб қўйилмоқда.

«Агар аҳли китоблар иймон келтириб, тақво қилганларида эди, албатта, уларнинг ёмонликларини ўчирган ва наъим жаннатларига киритган бўлардик. Агар улар Тавротга, Инжилга ва уларга Роббларидан нозил бўлган нарсага тўлиқ амал қилганларида эди, албатта, устиларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам еган бўлар эдилар».

Бу тушунарли ҳол. У дунёда гуноҳлари мағфират қилиниб, жаннати наъимга кириш ҳар банданинг олий мақсади. Аммо бу олий мақсадга эришиш бу дунё ҳаёти ҳисобига бўлмайди. Балки ҳам келажакда жаннати наъимга кириш учун ва ҳам бу дунёнинг саодатига эришиш учун – устиларидан, оёқлари остидан (ризқ) ейиш учун ҳам, яъни ҳамма томонларидан нозу неъматларга кўмилиш учун ҳам иймон ва тақво зарурий шарт ҳисобланади. Динга амал қилинса, бу дунё ишлари юришмай қолади-да, деган хавф Исломда йўқ, бундай хавотир бошқа динларга мосдир. Бу ҳақиқатнинг тарихий далиллари ҳам бор.

Ўрта асрларда ҳамма халқлар ўз динларини маҳкам тутганлар, ўшанда мусулмонлар тараққиётга эришиб, ҳамма соҳаларда дунё халқларига устоз бўлганлар. Илм-фан ва маърифат, сиёсат ҳамда бошқа соҳаларда оламшумул даҳоларни тарбиялаб етиштирганлар. Айни пайтда бошқа динларга эргашувчилар қолоқ, жоҳил ва илмсиз бўлганлар. Кейинчалик ҳамма диндан узоқлашди. Жумладан, мусулмонлар ҳам. Оқибатда мусулмонман, деб юрганлар охирги сафга ўтиб, бошқа халқлар олдинга ўтиб кетдилар. Мусулмонликни даъво қилаётганлар агар яна жаҳон халқлари сафларидан олдинги ўринни эгаллашни хоҳласалар, Исломни маҳкам тутишлари, унга тўлиқ амал қилишлари лозим. Масжидга борганда, яқин қариндоши ўлганда Қуръонга амал қилиб, бошқа вақтда ўзига ўхшаган бандаларнинг йўриғига юрувчилар ҳозирги ҳолатларидан чиқа олмайдилар.

Оятнинг охирида аҳли китоблардан мўътадил тоифалар ҳам борлиги таъкидланади.

«Ораларида мўътадил уммат ҳам бор. Уларнинг кўпларининг қилган амаллари жуда ҳам ёмон».

Уларнинг Исломга кирадиган, тўғри йўлдан юрадиганлари ҳам бор. Аммо кўплари жуда ҳам ёмон ишларни қилиб юрувчи шахслардир. Шунга қарамасдан, динга даъват қилиш ва Исломни тушунтириш бардавом бўлиши лозим.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни қаттиқ ёмон давоми...

1755 19:00 / 15.08.2023
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Қуръонни одамларга астасекин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлакбўлак қилиб нозил қилдик, Исро сураси, давоми...

606 19:00 / 10 сентябрь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Роббонийлари ва аҳборлари уларни гуноҳни айтишларидан ва ҳаром ейишларидан қайтарсалар бўлмасми давоми...

870 19:00 / 03 декабрь
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва .Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, давоми...

1237 19:00 / 21 февраль