Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Жаҳрий намозда имомнинг ортидан қироат қилиш мумкин эмаслиги | Ҳадис дарслари (316-дарс)

19:00 / 30 январь 2215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا خَلْفَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فيِ صَلَاةِ الْفَجْرِ فَقَرَأَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَثَقُلَتْ عَلَيْهِ الْقِرَاءَةُ، فَلَمَّا فَرَغَ قَالَ: لَعَلَّكُمْ تَقْرَءُونَ خَلْفَ إِمَامِكُمْ. قُلْنَا: نَعَمْ، نَفْعَلُ هَذَا يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: لَا تَفْعَلُوا إِلَّا بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ، فَإِنَّهُ لَا صَلَاةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида Бомдод намозида эдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилдилар, қироат бир оз оғир бўлди. Фориғ бўлганларидан сўнг:

«Эҳтимол, имомингиз ортида туриб, қироат қилаётгандирсиз?» дедилар. Биз:

«Ҳа, шундай қилмоқдамиз, эй Аллоҳнинг Расули», дедик. У зот:

«Фақат Китобнинг «Фотиҳа»сидан бошқада ундай қилманглар. Чунки ким уни ўқимаса, намози бўлмас», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, иқтидо қилувчиларнинг имом ортида туриб, қироат қилишлари имомнинг қироат қилишига халақит беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ва бошқа ҳадисларида имом ортида туриб, қироат қилишни ман қилганлар. Шу боис имомга иқтидо қилган киши қироат қилмаслиги керак бўлади.

Аммо иқтидо қилувчининг имом ортидан туриб, Фотиҳа сурасини қироат қилиши ёки қилмаслиги алоҳида масала бўлиб, бу ҳақда бир неча ҳадислар келган. Ана шу бир неча ҳадислардан бири ушбу ҳадисдир.

Унда: «Фотиҳа сурасидан бошқани ўқиманг. Чунки ким Фотиҳа сурасини ўқимаса, намози бўлмас», дейилмоқда.

Шунга биноан, Шофеъий мазҳабида «Имомнинг орқасида турган одам Фотиҳа сурасини ўқиши керак», дейилади.

Жумҳур уламолар эса, жумладан, Ҳанафий мазҳаби ҳам «Иқтидо қилувчи шахс имомнинг ортидан туриб, умуман, жумладан, Фотиҳа сурасини ҳам қироат қилмайди», дейдилар. Бу ижтиҳодларига бир қанча ҳадислар ичидан қуйидаги икки ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтирадилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ انْصَرَفَ مِنْ صَلَاةٍ جَهَرَ فِيهَا بِالْقِرَاءَةِ، فَقَالَ: هَلْ قَرَأَ مَعِي أَحَدٌ مِنْكُمْ آنِفًا؟ فَقَالَ رَجُلٌ: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: إِنِّي أَقُولُ مَالِي أُنَازَعُ الْقُرْآنَ، قَالَ فَانْتَهَى النَّاسُ عَنِ الْقِرَاءَةِ مَعَ رَسُولِ اللهِ r فِيمَا جَهَرَ فِيهِ مِنَ الصَّلَوَاتِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари овоз чиқариб, қироат қилган намоздан бурилиб:

«Ҳозир мен билан бирга сиздан бирор киши қироат қилдими?» дедилар.

Бир киши:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

У зот:

«Айтдим, нимага мен билан Қуръонни тортишиляпти, деб», дедилар. Бас, одамлар овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Агар имомнинг ортидан бирор киши қироат қилса, имомнинг қироат қилиши қийинлашиши.

2. Бундай ҳолни сезган имом қавмга танбеҳ бериши.

3. Қавмнинг ичидан хатога йўл қўйган одам дарҳол тан олиши.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқалар ортларида намозда туриб, қироат қилганида жазб бўлганлари.

5. Овоз чиқариб қироат қилинадиган намозда имомнинг ортидан қироат қилиш мумкин эмаслиги.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларидаёқ кишилар аввал қироат қилган бўлсалар ҳам, шу ҳадисдан кейин қироат қилишдан тўхтаганликлари.

Жумҳур уламолар ушбу ҳадисни Шофеъийлар зиддига ҳужжат қилиб келтирадилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан икковимиз ҳам жунуб ҳолимизда ғусл давоми...

4581 19:00 / 20.09.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки давоми...

5611 14:00 / 04.03.2020
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган давоми...

3073 00:00 / 05.09.2022
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг ярмигача суриб, кейин давоми...

2813 19:00 / 01.05.2024