1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидаги ташбеҳ услуби

13:28 / 21.06.2017 5451 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча ҳамду санолар ёлғиз Аллоҳгадир. У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳлига ва асҳобига салоту салом бўлсин.

Ташбеҳ илми араб тили ва балоғатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Уламолар уни шундай таърифлашади: «Ташбеҳ деб орасида муштараклик бўлган икки нарсани бир-бирига боғлашга айтилади». «Ташбеҳ» калимасининг маъноси бир нарсани бошқа нарсага ўхшатиш, қиёслашдир.

Араблар хоҳ жоҳилиятда бўлсин, хоҳ Исломда, Набий алайҳиссаломнинг даврларида бўлсин, ташбеҳ услубини жуда моҳирона ишлатишар, ўз мақсадларини баён қилишда ундан кенг фойдаланишар эди. Арабларни бу борада дунёдаги энг пешқадам миллатлардан десак, муболаға қилмаган бўламиз. Улар бир воқеани тасвир қилар экан, қисқа жумлалар билан воқеанинг барча тафсилотларини ёритиб бериш қобилиятига эга эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қурайш қабиласининг Бану Ҳошим авлодидан бўлганлар, Маккада туғилиб-ўсганлар ва ана шундай баёну балоғат бобида юксак маҳоратга эга бўлган қавмга пайғамбар қилиб юборилганлар. Қурайш қабиласи араб қабилалари ичида фасоҳату балоғат эгаси сифатида машҳур бўлишган. Улар гап-сўзларида, шеърларида ташбеҳни кўп ишлатишар эди. Ташбеҳни кўп ишлатишларининг сабаби шуки, уларнинг аксарияти саводсиз бўлиб, ёзиш ва ўқишни биладиганлар озчилик эди. Шунинг учун улар ёзув қуролларига ишлари тушмай, эшитган нарсаларини осонлик билан ёдлаб олиш учун қисқа ибораларни ишлатишга мухтож эдилар. Аммо бу қисқа иборалар айни пайтда балоғатли, равшан ва пурмаъно бўлар эди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ташбеҳ ва тамсилдан (фикрини мисоллар билан тушунтириш услубидан) моҳирона фойдаланганлар. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни башариятни куфр зулматидан иймон нурига олиб чиқиш учун пайғамбар қилиб юборган эди. У зотнинг зиммаларидаги вазифа ниҳоятда қийин ва хатарли эди. Шунинг учун у зот Ислом даъвати йўлида араб тилининг бой имкониятларидан, ташбеҳ ва тамсилдан кенг фойдаланар эдилар. Айни пайтда бунда мушриклар ва бошқалар «Биз тушунмаган гапларни гапирди, бизга маълум бўлмаган мисолларни келтирди» деган баҳоналар билан ўз ботил даъволарида туриб олишининг ҳам олди олинган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларини шу даражада очиқ-ойдин, тушунарли қилиб етказар эдиларки, энг моҳир шоирлар, энг тили ўткир адиблар ҳам бу борада у зотга эътироз қила олмас эди. Зеро, нубувватнинг тамал тошларидан бири ҳам рисолатни етказишда тил воситасидан энг юксак даражада фойдалана олишдирки, токи ҳеч қандай баҳонага ўрин қолмасин.

Ушбу мўъжаз мақоламизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ташбеҳ ва тамсилдан қандай фойдаланганлари, уларни қандай ва қайси мавзуларда ишлатганлари ва бундан нимани кўзда тутганларини тасвирлашга баҳолиқудрат ҳаракат қиламиз.

Дастлаб рисолатни инсонларга етказишда ташбеҳ услубидан фойдаланилган ҳадислардан мисоллар келтирайлик. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Нима учун рисолатни инсонларга етказишда бу услубдан фойдаланилган?» Назаримизда, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган рисолатнинг аҳамиятини инсонларга батафсил тушунтириш зарурлигидан келиб чиқмоқда, чунки у зот алайҳиссалом хотамун-набиййин (яъни анбиёларнинг муҳри, сўнггиси) бўлганлар, энг охирги самовий диннинг элчиси бўлиб келган эдилар. Инсониятни икки дунё саодатига эриштириш учун эса уларга бу муқаддас динни яхшилаб тушунтириш, унинг асл моҳиятини етказиб бериш лозим эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нубувватларининг аҳамиятини, башариятга нима учун юборилганларини ўз қавмларига, бутун умматга қисқа, лўнда, очиқ-ойдин қилиб тушунтиришлари лозим эди. 

Масалан, қуйидаги ҳадисни олиб қарайлик: 

عَنْ أَبِي مُوسَى، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مَثَلِي وَمَثَلَ مَا بَعَثَنِيَ اللهُ بِهِ كَمَثَلِ رَجُلٍ أَتَى قَوْمَهُ، فَقَالَ: يَا قَوْمِ، إِنِّي رَأَيْتُ الْجَيْشَ بِعَيْنَيَّ، وَإِنِّي أَنَا النَّذِيرُ الْعُرْيَانُ، فَالنَّجَاءَ، فَأَطَاعَهُ طَائِفَةٌ مِنْ قَوْمِهِ، فَأَدْلَجُوا فَانْطَلَقُوا عَلَى مُهْلَتِهِمْ، وَكَذَّبَتْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ فَأَصْبَحُوا مَكَانَهُمْ، فَصَبَّحَهُمُ الْجَيْشُ فَأَهْلَكَهُمْ وَاجْتَاحَهُمْ، فَذَلِكَ مَثَلُ مَنْ أَطَاعَنِي وَاتَّبَعَ مَا جِئْتُ بِهِ، وَمَثَلُ مَنْ عَصَانِي وَكَذَّبَ مَا جِئْتُ بِهِ مِنَ الْحَقِّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Имом Муслим «Саҳиҳ»да Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен ва Аллоҳ менга юборган нарса (яъни ҳидоят ва шариат) қавмига келиб шундай деган кишига ўхшайди: «Эй қавмим, мен (устингизга бостириб келаётган) лашкарни ўз кўзим билан кўрдим. Мен бамисоли «Жонингизни қутқаринг!» деб ҳайқираётган яланғоч огоҳлантирувчидекман. Унинг қавмидан бир тоифа унга итоат қилиб, қоронғу кечада оҳиста чиқиб, узоқлашиб кетишди ва жонларини қутқариб қолишди. Аммо иккинчи тоифа эса унга ишонмай, эрталабгача жойидан қимирламади. Эрталаб (душман) лашкари уларга ҳужум қилиб, ҳаммасини ўлдириб, ер билан яксон қилди. Мана шулар менга итоат қилган, мен келтирган нарсага (шариатга) амал қилганлар билан менга иймон келтирмаган, мен келтирган нарсага (шариатга) амал қилмаганларга ўхшайди».

Бу ҳадисдаги услуб ташбеҳнинг бир кўриниши бўлиб, тамсилий ташбеҳ деб аталади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерда ўзларини яқинлашаётган хавф-хатардан огоҳ қилиш учун уст-бошини ечиб, қавмига ишора берган хабарчига ўхшатганлар. Ҳадисдаги «яланғоч огоҳлантирувчи» сўзининг маъноси қуйидагича: қадимда араблар баланд тепаликлар устига пойлоқчилар қўйишар эди. Душман яқинлашиб келаётгани кўринса, ўша пойлоқчи тепалик устида туриб, қавмига қараб, эгнидаги кийимини боши узра силкитиб, душман яқинлашиб келяпти, хатар катта деб хабар қилар эди. Худди шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун умматга охиратдаги хавф-хатарни тушунтирмоқдалар. У зотга ишонган, иймон келтирган, у зот келтирган шариатга амал қилган одам хабарчининг хабарини эшитиб, тунда узоқроққа қочиб кетган, душмандан қутулиб қолган одамга ўхшайди. У зотга иймон келтирмаган, шариатларига итоат қилмаганлар эса хабарчига ишонмай, уйида ўтираверган, оқибатда душман тарафидан халок қилинганларга ўхшатилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерда ўзларини қавмини огоҳлантираётган пойлоқчига ўхшатганлар. Дарҳақиқат, қурайшликларнинг бир қисми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, охиратнинг азобидан қутулиб қолди. Аммо у зотга ишонмай, охиратини қўлдан бой берганлар ҳам бўлди. 

Яна бир мисолни кўриб чиқайлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّمَا مَثَلِي وَمَثَلُ النَّاسِ كَمَثَلِ رَجُلٍ اسْتَوْقَدَ نَارًا، فَلَمَّا أَضَاءَتْ مَا حَوْلَهُ جَعَلَ الْفَرَاشُ وَهَذِهِ الدَّوَابُّ الَّتِي تَقَعُ فِي النَّارِ يَقَعْنَ فِيهَا، فَجَعَلَ يَنْزِعُهُنَّ وَيَغْلِبْنَهُ فَيَقْتَحِمْنَ فِيهَا، فَأَنَا آخُذُ بِحُجَزِكُمْ عَنِ النَّارِ، {وَأَنْتُمْ تَقْتَحِمُونَ} فِيهَا».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Мен одамлар учун гулхан ёққан одамга ўхшайман. У теварак-атрофни ёритган пайтда унга капалаклар ва ўтга тушадиган мана бу жониворлар туша бошлайди. У (ўша одам) уларни тутиб қолишга уринса ҳам, улар бўй бермай, ўзларини унга ураверишади. Худди шунингдек, мен сизларни дўзахдан тутиб қолишга уриняпман, аммо сизлар ўзингизни унга уряпсиз».

Имом Нававий бу ҳадис шундай шарҳлаганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳил ва мухолиф кимсаларнинг жаҳаннам оловига тушишини ўзини гулханга урган капалакларга ўхшатмоқдалар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантиришларига қарамай, жоҳиллиги ва шаҳватга ружу қўйгани туфайли жаҳаннам оловига тушишади. Капалаклар гулханнинг ўзи учун ҳалокат эканини билмай, жоҳиллиги туфайли бу дунёдаги гулханга ўзини уриб, ҳалок бўлганидек, одамлар ҳам жоҳиллиги туфайли бу дунёга алданиб, ўзини ўзи ҳалокатга уришади».

Бу ерда ҳақ билан ботилни ажрата олмай, ҳалок бўлаётган, нафсига эргашганлар ўзини ўтга урган капалакларга ташбеҳ қилинмоқда.

Ҳадисда инсонларни капалакка ўхшатиш борасида Ибн Ҳажар шундай дейдилар: «Қоронғида юрган капалак оловни кўриб, уни ёруғлик томон очилган бир туйнук деб ўйлайди ва ўша туйнукдан ёруғликка чиқмоқчи бўлиб, оловга қараб учади ва ўзи билмаган ҳолда ёниб кетади. Ёки капалак оловни ўзига зарар берувчи ёруғлик деб ўйлаб, уни ўчирмоқчи бўлади ва оқибатда ёниб, ҳалок бўлади».

Ҳидоят нури бўлмаганида, инсонлар ҳам капалаклар мисоли ҳавои нафсларига эргашиш оқибатида ўзларини ҳалок қилган бўлишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни бундай аянчли оқибатдан қутқариб қолиш учун нубувватларининг бошидан то вафотларигача тинимсиз курашдилар, инсонларга жаҳаннам оловидан қутулиш йўлларини батафсил тушунтириб ўтдилар.

 

Рисолатнинг хотимаси (тугаганлиги) ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча набий ва расулларнинг охиргисидирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонда шундай дейди:

 

«مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَٰكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ ۗ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا».

«Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин у Аллоҳнинг Расули, набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари ёшлигида вафот этишган. Шунинг учун у зотдан кейин ўғиллар қолмаган. Аммо у зот Аллоҳнинг Расули, набийларнинг охиргисидирлар. Аллоҳ таолонинг илми бениҳоядир, У Зот ҳар бир нарсани билувчидир.

Исломдан кейин келадиган рисолат, дин йўқ. Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин келадиган набий ҳам йўқ. Инсонларнинг нажот топиши фақатгина у зот келтирган ҳидоятга, у зотнинг суннатларига эргашиш орқалигина бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нубувватларининг охирги, сўнгги нубувват эканига алоҳида урғу берганлар, буни муборак ҳадисларида баён қилиб берганлар. Башарият у зот алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай самовий рисолат билан шарафланмайди. Рисолати Муҳаммадийя инсон зотига ўзини қутқариш, нажотга эришиш учун берилган сўнгги фурсатдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مَثَلِي وَمَثَلَ الْأَنْبِيَاءِ مِنْ قَبْلِي كَمَثَلِ رَجُلٍ بَنَى بَيْتًا فَأَحْسَنَهُ وَأَجْمَلَهُ، إِلَّا مَوْضِعَ لَبِنَةٍ مِنْ زَاوِيَةٍ، فَجَعَلَ النَّاسُ يَطُوفُونَ بِهِ وَيَعْجَبُونَ لَهُ، وَيَقُولُونَ: هَلَّا وُضِعَتْ هَذِهِ اللَّبِنَةُ، قَالَ: فَأَنَا اللَّبِنَةُ، وَأَنَا خَاتِمُ النَبِيّينَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. »

Абу Ҳурайра розияллоҳуанҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен ва мендан олдинги анбиёлар бир киши чиройли ва гўзал қилиб қурган, аммо бир бурчагида биргина ғиштнинг ўрни бўш қолган уйга ўхшаймиз. Одамлар унинг атрофида айланишади, ҳайратланишади ва: «Мана шу ғишт ҳам қўйилганда эди», дейишади. Мен ана ўша ғиштман. Мен хотимун-набиййинман (набийларнинг сўнггисиман)».

Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда ҳам ажойиб ташбеҳ ишлатганлар. У зот ўзларидан аввал ўтган барча набийлар ҳамда улар келтирган динларни бир иморатга ўхшатдилар. Одам алайҳиссаломдан бошлаб келган ҳар бир набий рисолат уйнинг бир ғишти бўлиб, шу тариқа бу муборак уйнинг деворлари кўтарилиб борди. Охирги ғиштни қўйиб, уйни битказиш арафасига келганида сўнгги Набий – Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Шу билан охирги ғишт қўйилди, нубувват уйи битказилди.

Бадриддин Айни бу ҳақда шундай дейдилар: «Бу ердаги ташбеҳ қуйидагича: юборилган пайғамбарлар ва улар олиб келган динлар инсонларни ахлоққа чорлар эди. Шу тариқа қурилаётган уйнинг пойдеворлари қурилди, деворлари секин-аста кўтариб борилди. Охирги ғиштни қўйиш вақти етиб келганда ушбу ахлоқ иморатини якунига етказиш, битказиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар. У зот макоримул ахлоқни тамомлаш учун юборилдилар («Мен карамли ахлоқларни, энг юксак фазилатли ахлоқни якунига етказиш учун юборилдим» деган ҳадис назарда тутилмоқда)».

Бу ерда сўнгги ғишт қўйилиши билан уйнинг қуриб битказилиши, камолга етиши охирги пайғамбар юборилиши билан рисолатларнинг ҳам камолга етишига ташбеҳ қилинган. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 

 «الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا».

«Сизга неъматимни тўкис қилдим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).

Бу оятнинг маъноси шундай: «Бугун динингизни камолга етказдим, сизларга ато этган нeъматларимни батамом қилдим ва динингиз Ислом бўлишига рози бўлдим».

Табиатда ҳар бир нарса охирида камолга етади. Ўртада ёки бошланишида камолга етган, мукаммал бўлган нарса йўқ. Бунга мевали дарахтни мисол қилишимиз мумкин. Қиш фаслидан чиққан дарахт баҳор келиши билан кўкариб, дарҳол мева бермайди, албатта. У аввал куртак ёзади, барглари каттаради, гуллайди ва шундан кейингина, охирида мева беради. Мева ҳам дарров пишиб, етилмайди, балки вақти келганда пишиб, таъми, ранги ва ҳиди мукаммал бўлади. Шундан сўнг дарахтнинг вазифаси тугаб, барглари тўкилади. 

Худди шунга ўхшаш, нубувват ҳам охирида камолга етди, пайғамбарлик вазифаси тугалланди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин расул ёки набий келмаслигининг боиси ҳам шундадир. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло рисолат дарахтининг сўнгги меваси бўлган Исломни инсонларга бериб, набийларнинг вазифасини якунига етказди.

Яна бир мисол:

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بُعِثْتُ أَنَا وَالسَّاعَةُ كَهَاتَيْنِ». يَعْنِي إِصْبَعَيْنِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларини (кўрсаткич ва ўрта бармоқларини) билан ишора қилиб, «Мен қиёмат билан мана бу иккисидек қилиб юборилдим», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ўз рисолатлари билан қиёмат ўртасидаги яқинликни тушунтириш учун шу услубни ишлатганлар. Бундан мақсад икки бармоқнинг яқинлигини кўрганлар қиёматнинг нақадар яқин эканини яхшироқ тушуниб етишсин, шунга яраша тайёргарликларини қилишсин.

Қози Байзовий шундай дейдилар: «Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятга юборилишлари ва қиёматнинг қоим бўлиши ўртасида ана шунча, яъни икки бармокчалик фурсат бор. Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматнинг жуда яқинлигини инсонларга мана шундай очиқ-ойдин ташбеҳ билан кўрсатиб берганлар».

Азизлар, ушбу мақолада икки мавзу ҳақида – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай улуғ мақсадда юборилганлари ҳамда нима учун сўнгги пайғамбар эканлари ҳақида сўз юритдик. Бошқа мавзуларда ҳам бўлганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки мавзуда, икки ниҳоятда муҳим масалани тушунтиришда ташбеҳ услубини ишлатганлар. Биринчи мавзу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотнинг суннатларини маҳкам ушлаб, жаҳаннам оловидан қутулиб қолишдир. Бу мавзу ниҳоятда муҳим, охират учун хатарли бўлганидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни энг оддий инсон ҳам бемалол тушуна оладиган қилиб етказдилар, натижада ҳеч қандай баҳонага ўрин қолмади. Иккинчи мавзу эса у зотнинг охирги пайғамбар эканликлари, у зотнинг шариатларини қабул қилиш охиратда нажот топиш учун инсонларга берилга сўнгги фурсат экани эди. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар дуч келиши мумкин бўлган хатар тинглаган одамнинг кўз ўнгида яққол гавдалансин, зеҳнида мужассамлашсин, дарҳол дунёю охиратини қутқариб қолсин деган мақсадда бу масалани тушунтиришда ҳам ташбеҳ услубини ишлатдилар. 

Охирги илтижоимиз оламларининг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, набийларнинг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оила аъзоларига, саҳобаларига ва қиёмат кунигача уларга яхшиликда эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.

 

Убайдуллоҳ Муҳаммад Карим

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саксон бешинчи дарсимиздаги ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан хабардор бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича биргина ҳадиснинг зоҳирига, сиртига давоми...

5219 13:00 / 20.05.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан давоми...

3237 19:00 / 25.05.2022
4625. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам балонинг шиддатидан, бадбахтлик етишидан, қазонинг ёмонлигидан ва давоми...

5241 19:10 / 12.03.2018
2. .Алҳамдулиллаҳи, тарозини тўлдирур. Мўминмусулмон одам .Алҳамдулиллаҳи, Аллоҳга мақтовлар бўлсин деган жумлани ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. давоми...

2493 19:00 / 27.07.2022