Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (144-дарс). Набий алайҳиссаломнинг суннатларини ўрганишга ҳаракат қиляпмизми?

17:30 / 07.07.2021 3252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: لَقَدْ ظَنَنْتُ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ أَلَّا يَسْأَلُنِي عَنْ هَذَا الْحَدِيثِ أَحَدٌ أَوَّلُ مِنْكَ لِمَا رَأَيْتُ مِنْ حِرْصِكَ عَلَى الْحَدِيثِ: أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ خَالِصًا مِنْ قَلْبِهِ أَوْ نَفْسِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу аҳли суффадан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари суффасида яшар ва доимо У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган ҳадисларни пойлаб турар эдилар. Кўпинча саволлар ҳам берар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундай саволларидан бирида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўлдиган ким?» яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибага ҳиссадор бўладиган ким, деб сўраган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим», дебдилар.

Бу эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун буюк шаҳодатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фалон саволни Абу Ҳурайрадан бошқа одам бермаса керак, деб юришларига сазовор бўлиш катта гап. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларининг давомида:

«Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар.

Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш эди.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.

Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шартлигию ихлос билан айтиш амалсиз бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.

Иккинчидан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейишдан мақсад, фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас. Чунки ҳатто муржиаларнинг ўзлари ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни қўшиб айтмаса бўлмаслигини, бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга иймон келтирмаса бўлмаслигини яхши биладилар.

Демак, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтишдан мурод, Аҳли сунна ва жамоа қабул қилганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қиёмат, шафоат каби нарсалар ҳақида савол бериш мумкинлиги.

2. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари умматларининг ихлос ва қилган амалларига қараб бўлиши.

3. «Лаа илааҳа иллаллоҳ»нинг фазли улуғлиги.

4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг аҳли фазл эгаларидан эканликлари.

5. Бировнинг фазли ҳақида ўзига хабар бериш мумкинлиги.

6. Ҳадисга ҳарис бўлиш – ниҳоятда қизиқишнинг яхшилиги.

7. Ихлос билан иш тутиш зарурлиги.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, ҳадисларини иложи борича кўп ва яхши ўрганишга ҳаракат қилмоқдамизми?

Ваҳоланки, кўпларимиз ҳадис нима эканлигини яхши билмаймиз.

Ҳадисни ўрганиш, унга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчи эканлигини англаганимизда эди, ҳадис Қуръони Каримни тушуниш ва уни татбиқ қилишда биз учун энг ишончли масдар эканлигини билар эдик.

Ваҳоланки, ҳадис биз ўрнак олишимиз лозим бўлган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, амаллари, тақрирлари, сифатларининг тўпламидир. У мусулмон учун ҳаётнинг ҳар бир соҳасида, ҳар бир ишида исломий кўрсатмалар манбаидир.

Ҳадисга ҳарис бўлмай туриб, уни яхши ўрганмай туриб, Исломни билдим, унга амал қилдим, дейиш қийин. Бу ишда бизга саҳобаи киромлар, хусусан, ушбу ҳадиснинг ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўрнакдирлар.

Ихлосли бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ихлос бўлмаса, яхши натижага эришишимиз қийин. Ихлосли бўлсак, оз амалимиз ҳам кўп савоб келтиргай. Шундай экан, ихлосли бўлишга ҳаракат қилайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Одамлар Қубода Бомдод намозини ўқиб турганларида бирдан бир одам келиб .Расулуллоҳ давоми...

1247 19:00 / 31 июль
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

3919 13:30 / 20.01.2021
КИРИШБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсинАллоҳга шукрлар давоми...

4621 16:59 / 08.04.2016
. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, давоми...

1770 19:00 / 29.11.2023