1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Илм ва уламолар фазли ҳақида

13:30 / 04.04.2019 3065 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Б и р и н ч и  б о б 

(давоми)

95. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб Қурайший ал-Умавий, оналари Ҳинд бинти Утба ибн Робийъа, кунялари Абу Абдурроҳман, Қурайш қабиласидан, Умавийлар давлатининг асосчиси.

Ҳижратнинг саккизинчи санасида Фатҳ кунида Исломга кирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ғазотида иштирок этганлар. Исломда улуғ фотиҳлардан бўлиб, у киши қилган фатҳлар Атлантика океанигача етиб борган.

У зот Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ислом аскарларига қўмондонлик қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида тўрт йил, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ўн икки йил, Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида тўрт йил чамаси Шомга волий бўлганлар. Мана шу вақтда у киши билан Али розияллоҳу анҳу ўрталарида келишмовчилик чиқади. Муовия Шомда ўзларини халифа деб эълон қиладилар. Бу ишнинг охири Али розияллоҳу анҳунинг ўлимлари билан тугайди. Оталарининг вафотидан сўнг халқ Ҳасан розияллоҳу анҳуга байъат қиладилар. Аммо Ҳасан розияллоҳу анҳу бу фитналар барҳам топиши учун ҳижратнинг 41-санасида халифаликни Муовияга топширадилар.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 163 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Жарир ибн Абдуллоҳ, Нуъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Саъид ал-Худрий, Соиб ибн Язийд, Абу Умома ибн Саҳл, тобеъинлардан Саъид ибн Мусаййиб, Холид ибн Абдурроҳман, Ибн Сийрийн  ва бошқа кишилар ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, Муовияни ҳидоят қилувчи, ҳидоят топган ва у сабабли ҳидоят топиладиган қил», деб дуо қилганлар.

Умар ибн Хаттоб Муовияни араблар Кисроси деб атаганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Муовия динда фақиҳлардан эди», деганлар.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Шомда вафот этдилар.

«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одам «фақиҳ» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодат, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Бундан, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз – умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Дарҳақиқат, бу улкан башорат, мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол, барча мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Қайсидир даврда баъзилари ва қайсидир даврда кўпчиликлари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. У зотдан бошқа одам бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом давлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар.

Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушларнинг кўпчилигида инсон ўлчови бўйича, Ислом душманлари ўз мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди.

Ҳар сафар, энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ топаверди.

Мўғул босқинчилари мусулмон олами бошига бало-офатдек ёғилиб келдилаар. Улар Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа Ислом марказларида тарихчилар таърифи билан айтилганда, кишиларни устара билан соч қиргандек қирдилар.

Ўша пайтда одамлар орасида «Осмон ерга узилиб тушди, деса, ишонгин-у, мусулмон мўғулдан устун келибди, деса, ишонма», деган гап тарқалган эди.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, мўғуллар номининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга солиб, қўл-оёқларидан мадорни олиб қўядиган даражага етган эди. Бир мўғул мусулмонни кўчада учратиб қолиб: «Эй мусулмон, тўхтаб тур, ҳозир қиличимни олиб келиб, сени ўлдираман», деб, қиличини олиб келиб, мусулмонни чопгунича у сеҳрлангандек тураверган ҳоллари ҳам бўлган.

Баъзи вақтларда бир мўғул аёл бир тўп мусулмон эркакни ўлдириб бўлгунича ҳаммалари лол бўлиб, қараб тураверганлар.

Кўпчилик мусулмонлар мўғулларни қиёматдан олдин пайдо бўладиган яъжуж-маъжужларга ўхшатиб, қиёмат қоим бўлиши яқин, деб ҳам ўйлаганлар.

Аммо Қуръон ва Суннатдан бохабар Изиддин ибн Абуссалом каби уламолар, Саййид Қутуз каби аскарбошилар мусулмонлар оммасини тавба қилишга, Қуръон ва Суннатга амал қилишга, душманга қарши курашга чорлаганлар. Мусулмонлар Айни Жолут номли жойда мўғилларга биринчи қақшатқич зарба берганларидан сўнг ўзларига келиб, Ислом юртларини босқинчилардан озод қилганлар. Кўпчилик мўғулларнинг ўзлари эса Исломга кириб, яхши мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари яна бир бор ўз тасдиғини топиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган башорат мўъжизаси намоён бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди».

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?

Ёки биз учун Аллоҳ яхшиликни ирода қилишининг кераги йўқми?

Ёки Ислом аҳкомларини дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг давоми...

5037 13:30 / 21.10.2020
Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Суннат тарихи ҳам Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса Суннатни илм сифатида шаклланиш давоми...

8987 14:41 / 12.10.2018
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса давоми...

3724 17:00 / 23.06.2021
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

22316 17:04 / 08.01.2017