Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (22-дарс). Ҳадисларни яхши тушуниш учун зарур омиллар (давоми)

17:10 / 27.02.2019 5980 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки улар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, ҳадиси шарифларнинг нима учун, қандай, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлган.

Бу гапнинг тасдиғи учун бир мисол келтирайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбар номли жойнинг ерларини ўша жойни фатҳ этишда иштирок қилган мужоҳидларга тақсимлаб берганликлари маълум. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Шунга биноан, кейинги даврларда ҳам қайси жой фатҳ этилса, унинг ерларини фатҳда иштирок этган мужоҳидларга тақсимлаб бериш лозим бўлар эди.

Лекин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ироқ ерларини фатҳчиларга тақсимлаб бермай, ўз эгаларида қолдириб, уларга хирож тайин қилганлар. Хирождан эса келажак авлод мусулмонлари фойда оладиган бўлди.

Салафи солиҳ уламолардан Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳи бу ишнинг ҳикматини тушунтириб, қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбар ерларини тақсим қилишлари Исломнинг аввалида, ҳожат кўп пайтида бўлган. Ўша вақтда шундай қилиш фойдали эди. Кейин эса ерни вақф қилишдан фойда чиқадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ана шу ишни қилиш вожиб бўлди».

Ҳазрати Умар Ироқ ерларини фатҳ қилувчиларга бўлиб бермай, ўз эгаларида қолдирганларига ва уларга хирож солганларига саҳобаи киромларнинг қарши чиқмаганлари эса бу ҳукмни кўпчилик яхши тушунганидан дарак беради.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида фитр садақаси ҳайит куни бомдод намозидан кейин, ҳайит намозидан олдин чиқарилар, кўпроқ хурмо ва буғдойдан иборат бўлар эди. Чунки ўша пайтда Мадинаи Мунавварадаги асосий овқат шулардан иборат эди. Ислом жамияти ҳали кучаймаган, ҳамма гуруҳ бўлиб, бир жойда яшар, бир-бирларини яхши танир эдилар. Бомдоддан кейин фақир-мискинларни топиб, уларга фитр садақасини беришга улгуриш мумкин эди.

Саҳобаи киромларнинг даврларида Ислом давлати кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайди. Шаҳар-қишлоқлар катталашди. Бомдод намози билан ҳайит намози орасида фитр садақасини тарқатиш мумкин бўлмай қолди. Шунда саҳобаи киромлар бу ҳолатни тўғри тушуниб, фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин берадиган бўлишди.

Кейинроқ эса Ислом бутун дунёга тарқалди. Турли юрт ва эллар мусулмон бўлдилар. Мазҳаббоши имомларимиз барча омилларни ҳисобга олиб, баъзилари фитр садақасини Рамазон ойининг ярмидан, баъзилари эса аввалидан берса бўлади, деган фатво чиқардилар. Шунингдек, ҳар юртдаги кўп саналган таомдан ёки ўша таомнинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги ҳақида фатволар чиқарилди. Демак, ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини бомдод билан ҳайит намози орасида буғдой ва хурмодан беришни тайин қилганлари ҳақидаги ривоятга келсак, ҳозирги вақтда ҳайитдан аввал ёки буғдой ва хурмодан бошқа нарсадан фитр садақа бераётганларни айблаб юришимиз дуруст эмас.

Баъзи бир кишилар ўзларича билағонлик қилиб: «Одамлар ҳаммаси иссиқ сувда таҳорат қилади, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат қилганлар», деб, қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қиладилар-да, касал орттириб оладилар. Бу ҳам ҳадиснинг сиртини ушлаб, жавҳарини, аслини тушунмасликнинг бир турига киради.

5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш. 

Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.

Мисол учун, баъзи ҳадисларда, ким Аллоҳнинг йўлида бир камон ўқини отса, унга савоб бўлади, маъноси зикр этилган. Хўш, Аллоҳнинг йўлида милтиқ, тўппонча, автомат, тўп, ракета отса бўладими, йўқми? Булардан ўқ отган мусулмон савоб оладими-йўқми? Мазкур ҳадиси шарифнинг мақсади мусулмонларни Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чорлаш эди. Демак, модомики камондан бошқа қуроллардан ўқ отиш билан ҳам Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш мумкин экан, мақсад ҳосил бўлганидан кейин, улардан ўқ отган кишиларга савоб тегаверади.

Имом Бухорий, Имом Насаий, Имом Шофеъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир», деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, ҳадисдан асосий мақсад – оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Мисвок деганда, бута шохидан, кўпроқ Арок деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак, дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўларди. Баъзи кишилар шундай тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин бщлган ҳамма нарса билан, латта ёки бармоқ билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддаодир.

Тиб борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифнинг кўпчилигида ҳам мазкур маъно бор. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш нарсаларда ўз замонлари ва шароитларидан келиб чиқиб гапирганлар.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув давоми...

2953 19:00 / 29.03.2023
.Ўрта намоз, деб таржима қилганимиз араб тилида .ассолатул вусто, дейилади. Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда .ўрта намоз,нинг фазли ҳақида жуда кўп давоми...

1733 19:00 / 03 апрель
Юқорида зикр этилган илмларга қўшимча яна бир қанча илмлар ҳам юзага чиқди. Улар умумлаштирилиб, .Улумулҳадис, ndash .Ҳадис илмлари,, деб аталади. Шу ўринда улардан давоми...

8299 10:01 / 07.11.2018
. .Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани давоми...

4955 13:35 / 18.03.2020