1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (18-қисм)

16:31 / 13.10.2017 5773 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТАВБА

وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى

“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман”. (Тоҳо, 82)

Тавба – банда ўзлигини англаб, қилган гуноҳларига надомат чекиб, келгуси ҳаётида яна шундай ҳолатга дучор бўлиб қолса ҳам, ўша гуноҳни такрорламасликка чин дилдан азм қилишидур. Шундагина банда ҳақиқатан Аллоҳга тавба қилган ва Унинг розилиги йўлига юрган саналади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кечаси гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кун бўйи илтифот қилади. Кундузи гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кечаси билан илтифот қилади.

Тавба икки хил бўлади:

– биринчиси меҳрибон ва шафқатли Аллоҳ таоло томонидан бўлади. Бу  - Аллоҳнинг бандаларига марҳамати ва банданинг тавбасини қабул қилиши;

– иккинчиси банда томонидан бўлади. Бу – гуноҳдан қайтиш ва истиғфор айтиб гуноҳи кечирилишидан умидвор бўлиш.

Пок Парвардигорнинг раҳмати ҳар бир нарсани ўз ичига олгусидур. Унинг раҳмати кенгдур. Гуноҳдан қайтишни ирода қилган ҳар бир гуноҳкор осий бандага етиб борур. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавба қилиб истиғфор айтган бандасидан Ўз раҳматини дариғ тутмагай. Шунинг учун мен тавбанинг фазилат қанчалар буюк, тавба қилган бандага тавба қилгани учун Правардигори томонидан марҳамат қилинадиган мукофотлари қанчалар улуғлиги бизларга далил бўлсин деб бу бобда қиссалардан бир қанчасини тақдим қилдим.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳадиси қудсийда айтади:

“Эй одам боласи! Мен сени ўз қудратим билан яратдим, неъматим ила тарбия қилдим. Сен эса менга хилоф қилдинг ва осийлик қилдинг. Агар  Менга қайтсанг, Мен сенинг тавбангни қабул қиламан. Мен шунчалик кечиримли ва меҳрибондурман, сен Менга ўхшаган тангрини қаёқдан топа оласан?!”

Зониянинг тавбаси

Жуҳайнадан бўлган бир аёл Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

Мен жазолашга лойиқ иш қилиб қўйдим. Уни менга қўллашингизни сўрайман, – деди.

У зинодан ҳомиладор бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уни токи туққунга қадар чиройли парваришлаш учун валийсига топширдилар. Қачон туғиб, нифосдан пок бўлиб, эмизишларни адо қилганидан сўнг тошбўрон қилдирдилар. Унинг жанозасини ўқимоқчи бўлган эдилар, Умар розияллоҳу анҳу ажабланиб сўради:

Эй Аллоҳнинг расули! У зинокор бўлса ҳам, жанозасини ўқийверасизми?

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:

У шундай тавба қилдики, унинг тавбасини Мадина аҳлидан етмиштасига тақсимлаб берсам, ортиб қолур. Қандай қилиб жанозасини ўқимайин, ҳолбуки, у ўз жонини Аллоҳ йўлида қурбон қилган бўлса!?

Каъб ибн Моликнинг тавбаси

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам асҳобини Табук ғазотидан шаръий узрсиз қолган кимсалар билан гаплашишни тақиқлаб қўйдилар. Улар Каъб ибн Молик, Мирора ибн Рабиъ ва Ҳилол ибн Умайя эди.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:

“Одамлар биздан қочар, муносабатлари ўзгариб қолган эди. Ҳатто ер ҳам, бошқа нарсалар ҳам мендан ўзини олиб қочаётгандек эди. Бу ҳолат эллик кеча давом этди. Иккала шерикларим эса уйларидан чиқмай йиғлаб ўтирар эдилар. Мен қавмнинг ёшроғи ва бардошлироғи эдим. Шунинг учун мен чиқиб намозни мусулмонлар билан бирга ўқир ва бозор айланиб юрар эдим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг намоздан кейинги мажлисларига бориб салом берар эдим. Ўзимча “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам менинг саломимга жавоб қайтариш учун лабларини қимирлатдилармикин ё йўқми”, – дер эдим. Сўнг у зотга яқин бўлиб намоз ўқиб, яширинча назар солиб қўяр эдим. Қачон намозимга юзлансам, менга юзланар, у зот томонга қарасам, юз ўгириб олар эдилар.

Шу ҳолатда одамларнинг мендан алоқа узишлари чўзилиб кетди. Шунда мен бориб амакимнинг ўғли, мен учун инсонларнинг энг суюклиси бўлган Абу Қатоданинг деворидан тирмашиб тушиб унга салом бердим. Аллоҳга қасамки, у ҳам менга жавоб қайтармади. Мeн унга:

Эй Абу Қатода, сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман. Сен мeнинг Аллоҳни ва расулини яхши кўришимни биласанми? – дeдим.

У сукут қилди. Иккинчи бор яна Аллоҳнинг номи билан сўрадим. Яна сукут қилди. Учинчи бор ҳам Аллоҳнинг номи билан сўраган эдим:

Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ, – дeди. Шунда икки кўзим ёшга тўлиб, дeвордан тирмашиб орқамга қайтиб кeтдим.

Эллик кечадан сўнг уйимизнинг тeпасида бомдод намозини ўқиётган эдим, Аллоҳ зикр қилгандек ҳолимда юрагим сиқилиб, ер кeнг бўлишига қарамай, торайиб кeтгандeк бўлиб турган бир пайтда ногаҳон бир кишининг Сал тeпалигига чиқиб олиб баланд овози билан:

Эй Каъб ибн Молик! Суюнч хабари! – деган овозини эшитиб қолдим.

Хурсандчилик соати кeлганини билиб, саждага йиқилдим. Инсонларнинг энг билгувчироғи – Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намози вақтида Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мeн ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини бeришга шошилишибди. Бир киши мeнинг олдимга от минган ҳолда чопиб кeлди. Яна бир киши Аслам қабиласидан пиёда кeлди. Бу киши тоғ ошиб кeлиб баланд овоз ила башорат бeрди. Унинг овози отдан ҳам тeзроқ эди. Устимдаги икки кийимимни ечиб мeнинг ҳузуримга хушхабар олиб кeлиб бақирган кишига суюнчи учун кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунда шу икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим.

Энди мeн икки кийимни қарзга олиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тавба қабул бўлгани билан мeни табриклашарди. Улар мeнга: “Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз!” – дeйишар эди.

Масжидга кирсам, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам атрофларида  одамлар билан ўтирган эканлар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўрнидан турди-да, мeн томон югуриб, мeн билан қўл бeриб сўрашиб табриклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан Талҳа розияллоҳу анҳудан бошқа бирор киши турмади. Шунинг учун уни ҳаргиз унутмайман.

Сўнг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга салом бeрдим. У зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб:

Онанг сени туққанидан бери ўтган кунларнинг энг яхшисининг хурсандлик хабарини бeраман! – дeдилар.

Эй Аллоҳнинг расули, бу Сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми? – сўрадим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:

Йўқ, бу Аллоҳ  томонидан, – дeдилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари гуёки ойнинг парчасига ўхшаб нурланиб кeтар эди. Биз буни шундан билиб олар эдик.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни тиловат қилдилар:

وَعَلَى الثَّلاَثَةِ الَّذِينَ خُلِّفُواْ حَتَّى إِذَا ضَاقَتْ عَلَيْهِمُ الأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ وَضَاقَتْ عَلَيْهِمْ أَنفُسُهُمْ وَظَنُّواْ أَن لاَّ مَلْجَأَ مِنَ اللّهِ إِلاَّ إِلَيْهِ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ لِيَتُوبُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Тавба, 118)

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ўтириб:

Эй Аллоҳнинг расули, мeн бу тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан, дeдим. У зот:

Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Шу сeн учун яхши бўлади, – дeдилар. Мeн:

Ундай бўлса Хайбардаги улушимни олиб қоламан, – дедим”.

Абу Суфённинг кечирилиши

Абу Суфён ибн Ҳорис Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси ва эмикдош биродари эди. Уни ҳам Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо эмизган эди. Ёшлигидан Расулуллоҳнинг  ўртоғи бўлган. Аммо пайғамбар бўлгач, у зотга ҳеч кимга қилмаган душманликлар қилди. Расулуллоҳни ва саҳобаларини ҳажв қилар эди.

            Шу зайлда 20 йил давомида Расулуллоҳга душманлик қилиб мусулмонларни ҳажв қилди. Қурайш қабиласи Расулуллоҳга қарши жанг қилиши учун чиққан ўринларнинг бирортасидан ҳам қолмади.

            Кейин эса Аллоҳ таоло унинг кўнглини Исломга мойил қилди. Ҳолбуки, унинг қонини тўкиш ҳалол қилинган эди.

            Абвода Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга рўпара келди. Абу Суфён айтади: “Менга кўзлари тушиши билан мендан юзларини ўгириб олдилар. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Расулуллоҳ мендан юз ўгирганини кўриб, мусулмонларнинг ҳаммалари юз ўгирдилар.

            Ансорлардан бирор кишини ўртага солиши умидида Умарга қарадим. У  эса “Эй Аллоҳнинг душмани! Сен эмасми Расулуллоҳга ва асҳобларига озор берган! Душманлигинг машриқу мағрибни тўлдирди-ку!” – деди.

Сўнгра Аббоснинг олдига кириб: “Эй амаки, мен исломга киришим билан ўз яқинлигим ва ашрафим туфайли Расулуллоҳни хурсанд қиламан деб умид қилган эдим, аммо ўзингиз кўриб тургандек бўлди. Энди ўзингиз гаплашиб мендан рози бўлишга кўндириб беринг”, – дедим.

“Йўқ! Аллоҳга қасамки, шу ҳолатни кўриб туриб у зот билан сен тўғрингда асло гаплашмагайман!”

Али билан гаплашсам, у ҳам ўша гапдан бошқа сўз айтмади.

Бориб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг эшиги олдига ўтириб олдим. Аммо на Расулуллоҳ, на мусулмонлардан бирор киши менга бир оғиз ҳам гапирмадилар. Қаёққа борсалар ҳам, ўғлим Жаъфарни олиб эшигининг олдида ўтиравердим. Бироқ менда фақатгина юз ўгирар эдилар.

Бирга юравердим. Макка фатҳи кунларида ҳам бирга бўлдим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абтаҳга тушганларида ёнларига яқин бордим. Бу сафар аввалгидан кўра  мулойим назар ташладиларки, ҳатто табассум қилсалар деб умид қилдим.

У зотнинг ҳузурларига бани Абдулмутталибнинг аёллари байъат қилиш учун келганларида менинг хотиним ҳам бирга келди. Унинг исломга кириши менга нисбатан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари яна ҳам юмшашига сабаб бўлди.

Ҳунайн ғазоти куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хачирларини тўхтатиб қиличларини яланғочладилар. Мен ҳам қўлимда қилич билан отимдан сакраб тушдим. Аббос хачирнинг жуганининг бир тарафидан, мен иккинчи тарафидан тутдим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ким?” деб сўрадилар.

Аббос: “Бу сенинг биродаринг, амакингнинг ўғли Абу Суфён ибн Ҳорис. Эй Аллоҳнинг расули! Энди ундан рози бўлиб қўйгин”, – деди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Хўп, майли. Менга душманлик  учун қилган ҳар бир адоватини Аллоҳ кечирсин!” – дедилар.

Жангда қатнашдим. Мен энди Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам томон ёғилаётган душман найзаларидан асло ҳайиқмас эдим. Қачонки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни мўлжалга олганларида менга:  “Олдинга ўт!” дедилар. Шундай ҳамла қилдимки, душманлар ўз ўринларидан чекинишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ортимдан изма-из келдилар. Уларнинг ҳар бирини бир фарсаҳдан узоқликка улоқтириб юбордимки, натижада ҳар тарафга тум-тарақай бўлиб кетишди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳовуч тупроқ олиб мушриклар томонга: “Шоҳатил вужуҳ” (Юзларинг дабдала бўлсин!) деб сочиб юбордилар. Сўнгра: “Каъбанинг Роббисига қасамки, хор бўлгайсизлар!” дедилар”.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга тавба қилишнинг фазли 11тавсия Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй одамлар, Аллоҳга тавба давоми...

4959 05:00 / 28.02.2017
.УЛУМ УЛҲАДИС,Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг ҳаммаслаклари Пайғамбаримиз саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилмаган. Кимни, Пайғамбаримиз давоми...

5118 16:59 / 08.04.2016
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

20807 17:04 / 08.01.2017
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5901 09:26 / 06.09.2017