1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Ҳаққонийлик ва яхшилик тарафдоримиз»

17:04 / 01 май 1257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сиз Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг талабига биноан ана шу обрўли ташкилотга демократик йўл билан сайланган биринчи диний раҳбарсиз. Бундан кўриниб турибдики, Сиз ўз қавмларингиз ҳаёти билан яқин танишсиз, уларнинг кайфияти ва умидларини пайқаб оласиз. Уларнинг бугунги қайта қуришга, Ўрта Осиёдаги янгиланиш жабҳаларига муносабатлари қандай?

– Мусулмонлар қизғин давом этаётган янгиланиш жараёнини қўллаб қувватлайдилар. Улар ҳаққонийлик ва яхшилик туйғуси билан яшашни истайдилар. Шу пайтгача ана шу муқаддас қонунга тўлиқ амал қилиб яшаш учун Ўрта Осиёда имконият йўқ эди. Бизнинг диний ишларимиз яхши йўлга қўйилмаганди. Бунга ҳукумат ҳам, қатор диний арбоблар ҳам айбдордир. Ҳозир ҳамма ишлар яхшилик тарафга ўзгармоқда. Ҳукумат раҳбарларининг диндорларга илиқ муносабат билдираётганини, мамлакатимизда ҳам улар ҳурматини жойига қўяётганини, диндорларнинг фикр-ўйлари билан ҳисоблашишаётганлигини кўриб турибмиз. Бунинг ёрқин мисоли давлат ташкилотларидан бирида сақланаётган халифа Усмон Қуръонининг бизга қайтарилиши бўлди. Бу ҳам қайта қуриш шарофати. Шунингдек, аста-секин эски масжидлар ҳам мусулмонлар ихтиёрига қайтарилмоқда…

Қайта қуриш маънавий покланишга чақирмоқда. Бизнинг динимиз талаби ҳам шу: Ислом ичкиликбозликни, фоҳишабозликни, гиёҳвандлик ва порахўрликни қаттиқ қоралайди. Биз шу пайтгача ана шундай иллатларга қарши курашда яккалиниб қолдик. Ҳозир эса бутун мамлакатимиз халқлари қайта қуриш туфайли ана шундай покланиш йўлини тутмоқда. Бу мусулмонларда яхшилик сари умид уйғотмоқда.

– Кўз ўнгимизда диндорларнинг ҳам, динга, ишонмовчиларнинг ҳам ҳаётнинг ҳамма соҳаларида фаоллиги ошаётганлиги кишини қувонтиради. Менимча, Шўро ҳаётидаги юз бераётган жараёнлар диндорларга ўз эркинликларини намоён этиш имкониятини бермоқда. Мана масалан, сизларда Ўрта Осиёда мусулмонлар ўз талабларини рўй-рост ўртага ташлаяпти. Ўзларига янги муфтий сайлашди.

– Ҳа, улар ўзгаришлар шамолини сездирмоқда. Ошкоралик ҳар кимнинг ўз дардини айтишига имконият беряпти. Қайси дин бўлишидан қатъий назар жамиятдан айри яшаб бўлмайди. Барча динларда жамият мавжуд бўлган ва юз бераётган тарафлар талқин қилинади. Диндорлар ҳақиқий ва арзигулик ҳаёт кечириш тарафдори.

– Сизни муфтийлик даражасига сайлаган мусулмонлар қурултойида қандай аниқ муаммолар муҳокама қилинди?

– Бу қурултой бизнинг Диний бошқармамиз тарихида тўртинчиси бўлди. Вакиллар илгаригидек махсус рўйхатлар асосида эмас, балки демократик йўл билан танланди. Диний жамоалар имом ва йигирмалик ҳайъатига кимни сайлашни ўзлари ҳал қилдилар. Жуда жонли тортишувлар бўлди. Ҳар ким ўз фикрини айтди. Муаммоларга келсак, улар бизда анча тўпланиб қолган экан. Улардан энг ўткири бу – диний ходимларнинг билим савияси ва фаоллиги бўлди. Билимдон муллалар етишмайди. Бу ҳақда қурултойда баралла айтилди. Кутилмаган кишиларнинг мулла бўлиб қолиши ҳам Исломга путур етказмоқда. Қурултойда Диний бошқармамиз номига мусулмонлардан кўплаб аризалар тушди. Биз уларни ҳозир атрофлича ўрганяпмиз. Баъзи бир талаблар қондирилмоқда. Диний бошқармамиз эшиги ҳамма вақт ҳамма учун очиқ. Мен ҳам, ёрдамчиларим ҳам доимо ҳар бир мусулмонни тинглашга тайёрмиз.

– Михаил Сергеевич Горбачев ўз чиқишларидан бирида ҳали мамлакатда турғунлик қоидалари билан яшаётган районлар борлиги, бу ерларга қайта қуриш жуда-жуда кеч кириб бориши ҳақида куюниб гапирдилар. Бу жараён Ўрта Осиёда қандай юз бераяпти? Диний соҳада янгиланиш қандай кўчмоқда?

– Умуман айтганда қайта қуриш бизга 6-февралдан кейин етиб келди. Митингда мусулмонлар турғунлик даврига, диний соҳага ҳам кириб келаётган буйруқбозликка қарши чиқдилар. Ислом ақидаларини менсимаган диний арбобларни одамлар қаттиқ қоралашди. Ислом хизматкори диннинг нозик тарафларини билмаслиги, пайғамбаримиз суннатларини мукаммал ўрганмаганлиги, бу – жуда ёмон фазилат! Тўғри, бу бир қарашда тузатиш мумкин бўлган камчилик. Лекин ўша арбоб ўз қавмлари ишончини оқламаса-чи? Бундай пайтда у мусулмонларнинг диний йўлбошчиси бўлолмайди.

– Ҳа, ҳозир Сиз жуда масъулиятли лавозимдасиз. Бунинг устига СССР халқ ноиби ҳам этиб сайландингиз. Муфтий ва ноиб сифатида биринчи галдаги режаларингиз нималардан иборат?

– Бу режаларни алоҳида-алоҳида баён этиш менимча ножоиз. Бугун бизни жамиятимизнинг маънавий даражаси безовта қилмоқда. Ёшлар алоҳида эътиборни ўзларига қаратяпти. Ҳозир кўча-куйда тўда-тўда ўспиринларни учратасан. Гўёки уларни борадиган жойи, қиладиган ишлари йўқдек. Уларнинг ақли, ҳис-туйғуси тарбиясиз қолмоқда.

Биз улардан ҳар қандай салбий ишларни кутишимиз мумкин. Бу ҳақда бутун жамоатчилик ўйлаши керак. Тўғри, ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор. Менимча, уларни руҳий жиҳатдан тарбияга тортиш керак. Улар қалбини поклаш учун масжидларга жалб этиш лозим. Чунки Исломда масжид нафақат ибодатхона, балки жамоатчилик тарбия маркази ҳамдир. Пайғамбаримиз даврида масжидларда умумжамоатчилик манфаатлари муҳокама қилинган. Бизда эса масжидларни фақат намоз ўқиш учун очишди. Ўйлайманки, бу анъаналарни қайта тиклаймиз. Ана шунда кимлар бу ердан бир-бирлари билан фикр алмашадилар. Ким нимага муҳтож, ким касалманд, кимга қандай ёрдам кераклиги хусусида тегишли маслаҳатлар оладилар. Масжидларни қайта тиклаш – умумжамоатчиликка фойда тегадиган тарбия масканига айлантириш менинг ноиб сифатидаги режаларимнинг асосийларидан бири. Албатта, биз радио, телевидение ва газеталар орқали кўпроқ чиқишлар қилиш тарафдоримиз. Чунки, бизнинг тарбияга муҳтож жамиятдан шикоятларимиз жуда катта. Фақат буни тушуниш керак.

– Ўрта Осиёдаги ўткир муаммолардан яна бири бу болалар ўлими, аёллар ва ёшларнинг касалмандлигидир. Мусулмонлар кўп болали бўлишни Ислом талаби деб тушунишади. Лекин ҳамма оила ҳам болаларни тўқ ва саломат ўстириш қобилиятига эга эмас-ку? Айрим ҳолларда врачлар хотинларга бошқа туғмасликни маслаҳат беришсада, улар ўз ҳаётларини хавф остита қўйиб бўлса-да, тўққизинчи ва ўнинчи фарзандли бўлишга ҳаракат қиладилар.

– Ислом шиори кўп болали бўлиш албатта. Лекин мусулмонлар уларни соғ-саломат ва ҳақиқий инсонлар қилиб ўстиришга мажбурдир. Агар шундай имконият бўлмаса керагидан ортиқча фарзанд туғмаслик гуноҳ эмас. Оиладаги болаларнинг нимжон ва касалманд бўлишига Ислом ёки мусулмонлар айбдор эмаслар. Бунинг илдизини социал муаммолардан қидириш керак. Фожиавий аҳвол ва болалар саломатлиги хусусида халқ депутатлари съездида ҳам гапирилди. “Бу иллатлар бутун ҳаётимиз қурилиши билан боғлиқдир. Исломни яхши талқин қилишга ожиз кишилар ана шу иллатларнинг барчасига Исломни айбдор деб биладилар. Қайсидир болалар врачи радио ва матбуотда чиқиш қилиб, болалар ўлимининг кўпайиши Исломга боғлиқ деб важ карсон кўрсатади. Журналистлардан бири эса Одилов ҳақида ёзар экан, унинг «империясини» вужудга келишига Ислом айбдор дейди. Ҳамма айбни Исломга ағдариш балки ким учундир жуда-жуда керакдир. Агар жамиятимизда Исломнинг туб манфаатлари чуқур ўрганилганда эди, бундай аҳмоқона фикрлар келиб чиқмасди.

Қуръони Каримда аёллар ўз болаларини тўлиқ икки йил кўкрак сути билан эмизишлари кўрсатилиб ўтилган. Бу аёлларга туғишдаги муҳлатни бир меъёрда сақлаш имконини беради.

– Ислом мусулмонлар қабри устида ҳайкаллар бўлишига эътироз билдиради. Бугун баъзи бир қабрларда қимматбаҳо тошлардан ёдгорликлар ўрнатилганлигини ҳам гувоҳи бўляпмиз. Албатта, бу кишининг ҳаётлик пайтида қандай иш билан банд бўлганлигини билдиради.

– Атеистлар, журналистлар ҳар доим ҳам Исломнинг асли билан бидъатлар орасида фарқ борлигини англашмайди. Ҳозирги дафн маросимларида, никоҳларда ва бошқа оммавий тантаналарда шунчалик кўп мол дунё сарфланмоқдаки, булар Исломнинг асл моҳиятига тамоман зид.

Пайғамбаримизнинг ҳадисларида қабр устига ёдгорлик ўрнатиш қатъиян ман этилади. Қабр ўз ҳолича туриши керак. Майли уни ёмғир ювсин, қор боссин. Ўт-ўланлар кўкарсин. Лекин уни ҳозир мармар тошлар билан бекитишади. Ҳаттоки Тошкентдаги қабристонларда шундай қабр тошлари борки, 40 – 50 минг сўмлик. Бу яхши одат эмас. Агар шу сарфланган пуллар бечора ҳожатманд камбағалларга берилганда эди, Аллоҳнинг раҳмати бўларди ўша бандага.

– Редакцияга келаётган кўплаб хатларда қаердан қандай қилиб Қуръон топиш сўралган. Мусулмонлардан бири шундай ёзади: «Мен тўрт ўғилнинг отасиман. Яқин орада уларни уйлантиришим керак. Анаъна бўйича мен уларнинг ҳар бирига Қуръон беришим лозим. Лекин уни қаердан олай? Менга ҳар бирини 400 – 500 сўмдан сотиб олишни маслаҳат беришяпти. Демак, уни қаердадир чоп этишади ва чайқовга чиқаришади»! Мусулмонлар бундан яна наҳотки давлатимиз ёки мусулмонлар раҳбарлари Қуръонни чоп этишни ва унинг ҳар бирини боринки 100 сўмдан сотишни йўлга қўя олмаса, деб сўрамоқда. Ҳақиқатдан ҳам шу йўл билан давлат манфаатларига фойда олиш ёки диний бошқарма томонидан ташкил қилиниб масжидлар эҳтиёжига ишлатиш мумкин-ку?

– Ҳа, бу саволлар жиддий жавоб талаб қилади. Мен муфтий сифатида мусулмонларни диний адабиётлар билан таъмин этишга мажбурман. Мусулмонлар ўз динлари тарихни оғизма-оғиз ёки чала муллалардан эшитиб эмас, балки ўз кўзлари билан ўқиб ўрганишлари шарт. Биз ўз имкониятларимиз ҳисобига 50 минг нусҳа Қуръон нашр қилишни режалаштирганмиз. Мусулмон давлатларидан ҳам бу муқаддас китобни келтириш мақсадимиз бор. Токи муқаддас китобни чайқовга чиқаришга ҳожат қолмасин.

– Сизнинг фикрингизча динга сиғиниш ҳақидаги қонун албатта бўлиши керакми?

– Энг асосийси – бу дин таълимотини ўқитишга рухсат этилиши. Яна диний тарғибот олиб боришга ижозат берилиши. Биз ҳамма масжидлар қошида Исломдан дарс берилишини йўлга қўйишни хоҳлаймиз. Чунки мусулмонлар етарли диний адабиётларга эга эмаслар, тарғиботчилар сўзи уларнинг ҳар бирига етиб бормайди. Исломдан дарс олиш имкониятига уларнинг ҳар бири эга эмас. Диний жамоаларни рўйхатга олишга ошиқувчи ташкилотлар жавобгарлигини ҳам белгилаш зарур. Мусулмонлар онда-сонда бўлса-да, жамоа бўлиб намоз ўқишни орзу қилишади. Шу сабабли улар қайсидир жойда тўпланадилар. Кейин қарабсизки, масжид рўйхатга олинмаган эмиш. Инсонларни шундай йўл танлашга мажбур этиш инсофданми? Ё Аллоҳ буюрганидан воз кеч, ёки давлат қонунини буз.

Билмадим, янги қонунда атеистик тарғибот тўғрисида гапирилармикан. Балки, унинг савияси ва тартиби қонунда кўрсатилмас. Лекин Ўрта Осиё мусулмонларида унга нисбатан ҳаққоний эътирозлар бор. Биздаги тарғиботчилар ўз ишларини яхши билишмайди. Исломнинг моҳиятидан мутлақо бехабар, Қуръон ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар. Ана шунинг учун ҳам уларнинг кўплаб чиқишлари мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ислом институтида ректор бўлиб ишлаган пайтимда тарғиботчилар билан учрашув ўтказдим. Улар ижтимоий фан олимлари, таниқли кишилар эди. Менга берилган саволлардан шу нарса маълум бўлдики, улар дин борасида энг оддий масалаларга ҳам нўноқ экан.

Улар ўзларининг тарғиботлари учун керакли нарсаларни олишарканда Қуръонда ундай дейилган, бундай дейилган деб юришавераркан.

Ўзбек тилидаги вилоят газеталаридан бирида таниқли исломшунос Қуръонда Исо алайҳиссаломнинг никоҳсиз туғилганлиги тан олинган деб ёзади. Не бахтки, Қуръонда бундай дейилмаган. Агар шу сўзни христиан дини вакиллари ўқишса борми? Бундай ўйловсиз ишлар фақат мусулмонлар ғашига тегишдан бошқа нарса эмас. Мана атеистларнинг қилаётган иши.

Албатта, бизнинг атеистларимиз орасидан Салмон Рушди чиқмас деб ўйлайман. Ўзингиз ўйланг – агар бир кишининг шахсиятига тегилса у судга беради. Миллионлаб кишиларни ҳақорат қилса-чи? Уларнинг муқаддас динини, китобини, пайғамбарини ҳақоратласа-чи? Китоб «Шайтон суралари» деб номланишининг ўзи бориб турган ҳақорат. Мусулмонлар доимо чидамли, сабр-бардошли бўлиб келишган. Лекин пайғамбар шахсияти ҳақида ҳақоратомуз гаплар айтилганда мусулмонлар қараб турмайди.

– Мен бу китобни ўқиганим йўқ. Лекин Салмон Рушди атрофидаги гап-сўзлар, айниқса, уни терговсиз ўлимга ҳукм этилиши кишини ташвишга солмай қўймайди. Наҳотки мусулмон олами инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро ҳужжатни тан олмаса?

– Ҳа, албатта. Халқаро суд ҳал қилиши керак. Салмон Рушди ким ўзи? Унинг мақсадлари нима? Уни бу китобни ёзишга нималар мажбур қилди?

– Инсонийлик ва ҳаққонийлик қонунига амал қилган ҳолда ҳамма нарсага қўл уриш мумкин. Наҳотки Исломнинг яшил байроғи остида, диний шиорларга амал қилиб, Фарғона, Қўқон ва Озарбайжонда кишиларни ўлдириш, уйларни ёндириш, харобага айлантиришда иштирок этганлар ҳаракати мусулмон ва ишонмовчилар туйғусини назорат қилиш бўлмаса?

– Улар катта гуноҳларга йўл қўйишди. Исломдан жиноятчилик мақсадида фойдаланишмокда. Менинг депутат сифатидаги бош вазифаларимдан бири кишилар қайси дин ва миллатга тааллуқли бўлишидан қатъий назар улар ўртасида илиқ муносабат ўрнатиш, Исломдан миллатлар ўртасида ўзаро адоват уруғини сочишда фойдаланувчиларга қарши қатъиян курашишдан иборат.

– Сизнинг бу борадаги ишларингизга муваффақият тилайман. Суҳбат учун раҳмат.

– Журнал ўқувчиларига ўз қарашларимни баён этаолганимдан миннатдорман, ўз навбатида ушбу имконият учун таҳрир ҳайъатига ташаккур айтаман.

«Наука и религия» журналининг 1989 йил,

7-сонидан қисқартирилган ҳолда олинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Африкадаги чорак асрлик даъват борасидаги тажрибамдан келиб чиқиб шунга иқрор бўлдимки, бошқалар билан гўзал муомалада бўлиш даъват йўлидаги энг афзал давоми...

2834 17:00 / 26.05.2022
Ҳофиз, илм талабида юрт кезган, фақиҳ Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий. Зуҳд ва одобга оид .АлЛуълуийёт, .Маржонлар, китобининг муаллифи.Довуд Зоҳирий, Абу Исо давоми...

1857 09:00 / 23.08.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг уйларига ташриф буюрдик.Раҳматуллоҳ қори давоми...

26836 13:24 / 24.01.2018
Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғазолий. У киши Тус вилоятининг ҳозирги Машҳад Тобарон номли шаҳарида 450 ҳ.с.да давоми...

22987 21:59 / 27.04.2017
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021