1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 181-дарс. Аллоҳ таолонинг розилигини топишга ҳаракат қилайлик

20:00 / 27.04.2022 2783 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُجَارِيَ بِهِ الْعُلَمَاءَ أَوْ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ أَوْ يَصْرِفَ بِهِ وُجُوهَ النَّاسِ إِلَيْهِ أَدْخَلَهُ اللهُ النَّارَ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».

Бу икки ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида толиби илм илм талаб қилишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:

Илм талаб қилаётган киши уни:

1.«Уламолар билан можаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «Уламолар билан талашиб-тортишиб, можаро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй» деган ниятда бўлмаслиги керак.

2.«Эсипастларга ғолиб келиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиби илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушунмаган одамларни мағлуб этиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятни дилига тугмаслиги лозим.

3.«Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» илм талаб қилмаслиги керак. Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил», дейишлари учун ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм олмаслик лозим. Агар шундай ният билан илм ўрганилса, оқибати яхши бўлмас экан – Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан. Шунинг учун илмни фақатгина Аллоҳ розилиги учун талаб қилиш керак.

Кўпчилик толиби илмлар бу ҳадисга амал қиладилар, устозлари бу муҳим қоидани уларга доимо эслатиб турадилар. Минг афсуслар бўлсинким, баъзи ҳолларда бу ҳадисга амал қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган кимсалар учраб турадилар. Баъзи бир ўзига олим нисбатини бериб юрганлар шогирдларига «Фалончининг олдига бориб, манави саволни бер. Ундай деса, бундай де», деб, можаро чиқаришга ундаб юборадилар. Худди илм ўрганиш фақат уламолар билан можаро қилиш учунгина бўладиганидек ҳолатни вужудга келтирадилар. Оқибатда толиби илмлар ўртасида, элу юрт ичида талашиб-тортишиш, беҳуда можаро, ихтилоф кўпаяди. Исломга, мусулмонларга катта зарар етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат бундай ишни қилишдан эмас, балки уни ният қилишдан ҳам қайтармоқдалар. Ана шундай ножўя ишни хаёлга келтириш, ният қилиш ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳозирги кундаги кўпгина беҳуда можаролар, Ислом даъвати йўлида мусулмонлар ўзларига ўзлари «сотиб олаётган» ғовлар баъзи бир илмни ўзига нисбат берган ва илм талаб қилаётган шахсларнинг ушбу ҳадиси шарифга амал қилмасликларидан келиб чиқмоқда.

Энди ўзимиздаги илм ила эсипаст, жоҳил, илмсиз кишиларга ғолиб келишга уриниш масаласига ўтайлик. Ҳозирги ҳаётимизда бу иллат ҳам кенг тарқалган. Оммавий дийний саводсизлик шароитида уч-тўрт калима нарсани ўрганиб олган жоҳил ўзини аллома ҳисоблай бошлайди. Қаерда бўлса, ҳамма оғзига қараб туришидан ғурурланиб кетади. Бориб-бориб атрофидаги диний саводи йўқ кишилар унга олим сифатида қараётганлари ҳам оз кўриниб қолади. Нафақат ўзи яшаб турган замони ва мақомида, балки барча замонлар ва маконларда ўзини тенги йўқ аллома ҳисоблай бошлайди. Бу даъвони исботлаш учун замондош ва аввалда ўтган уламоларга осилишга киришади-да, уларни хатокор, адашганлар деб эълон қилади. Ўз она тилида иккита жумлани тўғрироқ ёза олмайдиган кимса ўнлаб оламшумул китоблар муаллифини танқид қилишга тушади. Ўз оиласига диний амалларни тушунтириб беролмаган одам Ислом умматига шариатнинг барча ҳукмларини осон йўл билан тушунтириб берган, бутун Ислом уммати томонидан имом, мазҳаб соҳиби деб тан олинган зотларни ҳақоратлайди. Диний саводи йўқларга ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринган ўша жоҳил ҳадис илмини сув қилиб ичиб юборган, минглаб ровийларнинг таржимаи ҳолларини, юз минглаб ҳадисларни яхшилаб ўрганган ва ёд олган буюк муҳаддислар, мазҳаб эгаларига тош отади, беҳурмат қилади. Бундай кишилар фиқҳий мазҳабга тобеъликларига қарамай, илмсизликлари туфайли шу даражага бориб етадилар. Агар улар озгина илмдан баҳраманд бўлганларида, бу ишни қилмас эдилар. Улар диний саводи йўқ кишиларга ғолиб келиш, уларнинг олдида ўзини билимдон кўрсатиш учунгина шундай қиладилар. Чунки озгина бўлса ҳам диний саводи бор одам унинг сафсатасини мутлақо қабул қилмайди.

Илм билан одамларни ўзига қаратишни хоҳлаганларнинг ҳоли ҳам шунга ўхшаш. Улар Аллоҳ розилигини эмас, одамларнинг эътиборини қозониш учун ҳаракат қиладилар. Оддий ҳолатда одамлар ичида шуҳрат қозониш қийин бўлганидан «хилоф қилсанг – таниласан» қоидасига амал қиладилар. Ҳар бир нарсада уламоларга ихтилоф қилишга ўтадилар. Ўзлари яшаб турган жамиятда, мусулмонлар ичида ўз хилофлари билан келишмовчиликлар, можаролар келтириб чиқарадилар. Натижада Ислом ва мусулмонлар зарар кўради.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилмай, илмини Аллоҳ розилиги учун эмас, уламолар билан можаро қилиш учун, диний саводи йўқлардан ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ишлатадиганлардан мусулмонлар кўп азиятлар чекдилар ва чекмоқдалар. Улар бор куч-ғайратни Исломга хизмат қилишга қаратиш ўрнига шу хизмат билан машғул уламолар билан беҳуда тортишиб, одамларнинг диндан совушларига сабаб бўлмоқдалар.

Инсоф қилишимиз, Аллоҳдан қўрқишимиз керак. Аллоҳ таоло озми-кўпми, диний илм берган бўлса, бу билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлашимиз лозим. Толиби илмлар ниятни поклашлари, турли можароларнинг яқинига ҳам йўламасликлари керак. Илм билан одамларни ўзимизга қаратишга, шуҳрат топишга уринмайлик. Аллоҳ берган илмга амал қилиб, у билан Аллоҳ таолонинг розилигини топишга ҳаракат қилаверайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1 . . 1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ислом беш нарсага бино қилингандир давоми...

5342 15:30 / 27.06.2019
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гапсўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда давоми...

6231 15:00 / 16.01.2019
. . Жобир розияллоҳу анҳу айтади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига давоми...

3100 16:00 / 14.04.2021
Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож алҚушайрий анНисобурий Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир. У зот ҳадис давоми...

4868 21:10 / 10.04.2019