1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Бошига иш тушган ҳожатмандга ёрдам бериш (4-тавсия)

17:00 / 08.04.2016 7276 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бошига иш тушган ҳожатмандга ёрдам бериш (4-тавсия)


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишаган.

   Шарҳ: Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак.

Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ҳам мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади.

Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у мазкур ҳадисга амал қилади ва биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади.

Мусулмон одам ўз биродарининг айбларини беркитишга интилади, уларни фош қилиб, уни хижолат қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, биродарининг айбини яширган одамнинг айбини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи яширади.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир мўминдан бу дунёнинг ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг бир уйида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар (фаришталар) қаторида зикр қилади. Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди», дедилар».

Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилишган.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини айтиб, улар учун бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шу орқали сизу биз умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Улар қуйидагилар экан:

1. Мўмин банда мўмин биродарининг бу дунёдаги бир ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади.

2. Аллоҳ камбағалнинг ишини енгиллатган одамнининг дунёю охиратдаги ишларини енгиллатади. Жумладан, қамбағалга қарзини ўташ муддатини чўзиб бериш, қарзнинг бир қисми ёки ҳаммасини кечиб юбориш ҳам унинг ишини енгиллатиш ҳисобланади.

3. Мусулмоннинг айбини беркитиб, уни хижолатчиликдан қутқариб қолса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитиши.

Уламоларимизнинг айтишича, айбни беркитиш моддий ва маънавий бўлади. Моддий камчиликларни беркитиш деганда, мисол учун, баданни беркитиш учун кийим олиб беришни назарда тутиш мумкин бўлса, маънавий беркитиш эса бир мусулмоннинг ёмон иш қилганини кўриб қолиб, уни ҳеч кимга айтмай, яширишдир.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қиляптими, демак, унда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очиш, ҳаммага ошкор қилиш дуруст эмас. Гуноҳ ва айб ишларни ошкора қиладиган одамдан эса яхшилик кутиб бўлмайди.

4. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлиши.

Бу эса «Сен бировга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради», деганидир. Фуқаролари бир-бирларини қўллаб қувватлаб яшайдиган жамият кучли бўлади, чунки ўзаро ёрдам одамлар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни бирга бартараф қилишни ўргатади.

5. Аллоҳ илм талаб қилиш йўлида тушган одамга жаннат йўлини осон қилиб қўяди.

Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннатга киришдир. Чинакам мусулмон жаннатга кириш учун ҳар бир нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Жаннатга олиб борувчи йўл эса илм талаб қилишдан бошланар экан. Илм йўлидан борган одам, иншааллоҳ, оқибатда жаннат эшиги олдидан чиқади.

Кези келганда яна бир масалани эслаб ўтайлик. Одамлар орасида ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида баъзи тушунмовчиликлар юради. Кимдир «Оят ва ҳадисларда зикр этилган илм диний илмдир», дейди. Бу нотўғри фикр! Оят-ҳадисларда зикри келган илм барча фойдали илмларни ўз ичига олади. Албатта, диний илмлар биринчи ўринда туради, аммо бу ерда бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир.

6. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилишса, уни ўрганишса, Аллоҳ таоло уларнинг устига сакийнат, хотиржамлик нозил қилади, раҳмати билан ўраб олади. Уларни фаришталар қуршаб туришади. Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз ҳузуридаги фаришталар қаторида зикр қилади.

Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» деган жумла келса, масжидлар назарда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.

7. Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди.

Бунинг маъноси шуки, охиратда банданинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишидан қатъи назар, олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса, иши орқага кетаверади, аҳволи чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга юрмайди. Шунинг учун банда насабига ишонмаслиги, ота-бобосининг нуфузи билан мағрурланмаслиги керак. Аксинча, кўпроқ яхши амал қилишга уриниш лозим.

 

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир;

2. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир;

3. Мусулмонлар бир-бирини ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги керак;

4. Мўмин киши биродарининг бу дунёдаги бир ташвишини аритса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади;

3. Аллоҳ таоло мўмин кишининг оғирини енгил қилган одамнинг оғирини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам енгил қилади;

4. Аллоҳ таоло мўмин кишининг айбини беркитган одамнинг айбини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам беркитади;

5. Мўмин киши доимо ўз биродарларига ёрдам бериши лозим;

6. Аллоҳ таоло биродарига ёрдам берган кишига ёрдам беради.

7. Мўмин киши илм талаб қилиши зарурдир.

8. Аллоҳ дунё ва охиратда манфаат берадиган илмни истаган одамга жаннат йўлини осон қилиб қўяди;

9. Масжидларда Қуръон тиловати ва таълими ташкил қилиш марғубдир;

10. Масжидда Қуръон ўқиган ва ўрганганларга сокинлик, хотиржамлик нозил бўлади, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олади, Аллоҳ Ўз ҳузуридаги зотлар билан бир қаторда уларни зикр қилади;

11. Ҳар бир кишига фақат амалигина ёрдам беради.

12. Ҳеч кимга насаби ёрдам бера олмайди.

 

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

2439 19:00 / 08.03.2023
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4710 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5021 17:45 / 02.04.2018
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал давоми...

3347 19:00 / 01.06.2022