Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (207-дарс) Набий алайҳиссаломнинг болажонликлари

00:00 / 02.12.2022 3292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أُمِّ قَيْسٍ بِنْتِ مِحْصَنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا أَتَتْ بِابْنٍ لَهَا صَغيرٍ لَمْ يَأْكُلِ الطَّعَامَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَجْلَسَهُ فِي حِجْرِهِ فَبَالَ عَلَى ثَوْبِهِ فَدَعَا بِمَاءٍ فَنَضَحَهُ وَلَمْ يَغْسِلْهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَلَمْ يَزِدْ عَلَى أَنْ نَضَحَ بِالْمَاءِ. رَوَى هَذِهِ الْأَرْبَعَةَ الْخَمْسَةُ.

Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтирғиздилар. Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни ўрганар эканмиз, кичкина ўғил бола кийимга бавл қилиб қўйса, нима қилиш кераклиги билан бирга, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозелик, меҳрибонлик, одамохунлик каби юксак инсоний фазилатларга эга эканликларига гувоҳ ҳам бўламиз.

Мадиналик мусулмонлар ўзларининг гўдак болаларини доимо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни қўлларига олар, ўпиб-эркалар, танглайларини кўтарар ва ҳақларига дуо қилар эдилар.

Кунлардан бир куни Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо «ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди».

Яъни, гўдак онасини эмар эдию, ўзи таом ейдиган ёшга етмаган эди. Бу васфни зикр қилишдан мақсад ҳукмнинг қандай бўлишига таъсир қилади. Чунки фақат сут эмаётган ўғил бола билан таом ейдиган ўғил бола орасида фарқ бор. Уларга боғлиқ ҳукм икки хил бўлади.

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар».

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги болани қучоқларига олиб ўтирдилар.

«Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди».

Ҳамма болаларнинг одати каби, Умму Қайснинг ўғилчаси ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ҳўл қилиб қўйди.

«Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар». 

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув олиб келишларини сўрадилар ва сувни олиб, бола бавл қилган жойга сепдилар. У жойни ювиб, сўнгра сиқиб ташламадилар.

Бошқа бир ривоятда «Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.

Яъни, боланинг пешоби теккан жойга сув қуйиб қўйганлар, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Эмизикли ўғил боланинг бавл қилган жойига сув қуйиш мумкинлиги.
2. Эмизикли бўлмаган боланинг пешоби нажаслиги (баъзи уламолар «нажас эмас», деганлар).
3. Кичик болаларга шафқатли ва меҳрибон бўлиш кераклиги. (Бу ишда мўмин-мусулмонларга сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш гўдакларни қучоқларига олар, лутф кўрсатар, ўпиб-эркалатар, ҳатто гўдаклардан баъзилари кийимларига бавл қилиб юборса ҳам аччиқланмас эдилар).
4. Ёш гўдакларни тақводор, аҳли фазл ва солиҳ кишиларга олиб бориб, дуоларини олиш яхши эканлиги.


«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Намозларни, айниқса ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳ учун итоаткор ҳолда қоим бўлинг,, деган Бақара сураси, 238оят. Шарҳ Намозни муҳофаза давоми...

3224 19:00 / 21.03.2024
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир эмизикли гўдак келтирилди. У эса қўйниларига бавл қилиб давоми...

4747 00:00 / 08.12.2022
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мени фақат мўмингина яхши давоми...

7777 19:35 / 22.08.2019
. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммомларга киришдан қайтардилар. Сўнгра эркакларга изор билан давоми...

2032 19:00 / 09.08.2023