Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (82-дарс). Қадарга иймон келтириш

15:30 / 22.04.2020 5006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Ушбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. Муътазилий мазҳабидагилар: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар. Бу эса Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри бўлса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Холиқлиги ягона бўлмайди.

Жабрия мазҳабидагилар эса «Инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади. Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар Жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри бўлса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур қилиб, кейин сўроқ қилиб «Нима учун бу ишни қилдинг?», дея жазолаши унга нисбатан жабр бўлади.

Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган, яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси – уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси – инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши. Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни бирор ишни амалга ошириш учун йўналганлиги туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.

Уламоларимиз бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун қуйидаги мисолни келтирадилар.

Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари – одамнинг қўли, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар – Аллоҳ халқ қилган нарсалардир. Шунингдек, варақ, қалам ва улардаги ёзиш учун керак бўладиган хусусиятларни ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган. Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак. «Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади», деган гапнинг маъноси шу.

Аммо бу Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди, дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Бунинг учун аввало инсон ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ инсонда Ўзи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради. Шундай қилиб, «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўлди. Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Инсон ана ўша қасди ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри ҳурлиги ана шундадир.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

5065 13:30 / 20.01.2021
Тавҳид борасида умумий тавсия 2тавсия Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. У зот .Эй болакай Мен сенга давоми...

5146 17:00 / 08.04.2016
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ер юзида ёки ўзларингизга бирор мусибат етса, уни яратишимиздан олдин албатта китобдадир. Албатта, бу Аллоҳ давоми...

5880 13:10 / 15.07.2020
. . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида олтмиш оятдан юзтагача қироат қилар давоми...

1820 19:00 / 14 май