1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Мадоин фатҳи

14:57 / 12 июнь 1192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Узоқдан форс империясининг пойтахти кўринди. Мусулмонларнинг кўзлари Кисронинг оқ уйига тушди. Улар дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг умматимдан бир тўпи оқ уйни, Кисронинг уйини фатҳ қилурлар», деган ҳадиси шарифларини эслаб, шод бўлдилар.

Зирор ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳу Акбар! Бу Кисронинг оқ уйи! Бу Аллоҳ ваъда қилган нарса! Унинг Расули тасдиқ қилган нарса! Аллоҳу Акбар!» деб наъра тортди. Ҳамма бир овоздан:

«Аллоҳу Акбар!» деб осмонни такбирга тўлдирдилар.

Ҳамма Кисронинг қасрини фатҳ қилиш шавқи ила яшай бошлади.

Улар шаҳарни 15-ҳижрий сананинг Зулҳижжа ойи давомида қамал қилдилар. Бу орада отлиқ гуруҳлар яқин атрофдаги қишлоқларни фатҳ қилдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умардан асирга тушган деҳқонлар ҳақида маслаҳат сўрадилар. У киши шуро мажлиси чақирдилар. Шуро уларни қўйиб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

Шундан сўнг мусулмонларнинг ҳусни муомалаларини кўриб, Дажланинг ғарбий тарафидаги барча аҳоли мусулмонлар зиммасига ўтдилар.

Қамал кучайгандан кейин Форс подшоҳи Яздажир Мадоиннинг ғарбий қисмидан шарқий қисмига дарё оша қочиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шериклари билан маслаҳат қилиб, дарё кечиб, Мадоиннинг шарқий қисмига ўтишга қарор қилдилар.

Форсларнинг қолган барча кучлари ўша ерга тўпланган эди. Тезроқ дарёни кечиб ўтилмаса, улар яна ҳам кўпроқ куч тўплашлари хавфи бор эди. Бунинг устига, ўша вақт айнан дарёнинг суви кўпа­йиб, тошқин бўлаётган даврига тўғри келган эди.

Албатта, ҳар қандай аскарбоши бундай ҳолатда нариги қирғоқда шай бўлиб турган душман томон дарё кечиб ўтишга қарор қилиши қийин. Аммо Саъд ибн Абу Ваққос ҳар қандай қўмондонлардан эмас эдилар. У киши «чангали кучли арслон» эдилар. Саъд ибн Абу Ваққосни шер қилган эса Аллоҳ таолога бўлган кучли иймон эди.

У киши ҳеч иккиланмай, дарёни кечиб ўтишга тайёрлана бошладилар. Кечишга қулай жойни танлашга амр қилган эдилар, одамлар ана шундай жойни топдилар.

Дарёдан кечиб ўтиб, қирғоқда турган душман билан жанг қилиш шароитини ҳисобга олиб, лашкар ичидан алоҳида вазифалар бажарадиган гуруҳларни туздилар.

Ана шундай гуруҳлардан бирини «Катийбатул аҳвол» («Қўрқинч бўлинмаси») деб номладилар ва унга Осим ибн Амрни амир этиб тайинладилар. Иккинчи бир гуруҳни «Катийбатул харсо» («Тилсиз бўлинма») деб атадилар ва унга Қаъқоъ ибн Амрни амир қилдилар.

Режа бўйича, ушбу икки гуруҳ қирғоққа олдин чиқиб, асосий лашкарнинг дарёдан нариги қирғоққа ўтишига қулай шароит яратиши лозим эди.

Саъд ибн Абу Ваққоснинг режалари билан танишган шериклари у кишининг заковатларига таҳсинлар айтдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қувониб, кафтларини бир-бирига уриб:

«Албатта, Ислом янгидир! Уларга қуруқлик бўйсунганидек, денгизлар ҳам бўйсунур. Салмоннинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, унга (дарёга) тўп бўлиб тушганларидек, тўп бўлиб чиқурлар!» деди.

Осим ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигида олтмиш кишилик Бани тамимликлар гуруҳи олдин ўтиб, душманнинг йўлини тўсиб турди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳу дуо қилдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос мусулмонларга «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил»ни ўқиб ўтишни амр қилдилар. У кишининг ўзлари биринчи бўлиб, Дажла дарёсига от солдилар. Одамлар у кишининг ортларидан эргашдилар. Бирор киши ортда қолмади. Улар дарё устида худди текис ердагидек юриб борар эдилар. Отлиқлар ва пиёдалар зич юрганларидан дарё тўлиб, суви кўринмай қолди. Улар сув устида бир-бирлари билан бемалол гаплашиб борар эдилар. Чунки Аллоҳнинг ёрдамига, қўллашига ва нусрат беришига уларнинг ишончлари комил эди.

Мусулмонлар дарёга тўп бўлиб тушганларидек, тўп бўлиб чиқдилар. Бирор нарсага зарар етмади.

Фақат бир кишининг ўқдони сувга тушиб кетди. Унинг шунча одам ичида ўқдонини йўқотган ягона киши бўлгиси келмади шекилли, шерикларидан уни сувдан олишда ёрдам сўради. Шунда тўлқин ўқдонни юқори кўтарди ва мусулмонлардан бир киши уни олиб, эгасига берди.

Мусулмонларнинг Дажла орқали ўтишлари катта мўъжиза эди. Бу ҳодиса барча тарихчиларни ҳайратга солган ҳодисалардан биридир.

Форслар мусулмонларнинг дарёдан ўтганларини кўришлари билан улар оддий одамлар эмаслигини билишди ва Яздажир Ҳулвон тарафга қочди. Мусулмонлар шаҳарга ҳеч қандай қаршиликсиз кириб бордилар.

Шаҳарга биринчи бўлиб, Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан кирди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оқ қаср­га кириб, намоз ўқидилар ва қироатига Аллоҳ таолонинг:

«‎Улар ортларидан қанчадан-қанча боғу роғларни ‎ва булоқларни қолдирдилар, ‎экинзорларни ва шарофатли масканни. ‎Ва ўзлари ичида ҳузур ҳуловат қилаётган нозу ‎неъматларни. ‎Мана шундай! Биз у(нарса)ларни бошқа ‎қавмларга мерос қилиб бердик» ‎деган оятларини ўқидилар («Духон» сураси, 25-28-оятлар).

Ўшанда 16-ҳижрий сананинг Сафар ойи эди.

Қочганларни тутиш ва ўлжа тўплаш бошланди. Ҳамма қочганлар тутилди ва катта миқдорда ўлжа тўпланди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шариат ҳукмига биноан, адолат ила ўлжа беришни йўлга қўйдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўша ерда биринчи бор Жумъа намозини ўқидилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суюнчилик хабар ила ўлжанинг бешдан бирини юбордилар. У киши ўлжаларга қараб туриб, «Буни адо қилган қавм, албатта, омонат эгаларидир», дедилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

4888 19:35 / 21.04.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Амвосдаги вабо хабарини эшитиб, Шомга кирмай, қайтиб кетганликлари ҳақида аввал ўрганган эдик. Ана шу вабо дарди оқибатида давоми...

1315 11:14 / 21 сентябрь
Жоғир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Саъд келаётган эди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини давоми...

27677 20:17 / 21.04.2017
Абдураҳмон розияллоҳу анҳу Абу Бакр Розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғли бўлиб, жоҳилият даврида уни АбдулКаъба дейишар эди. Оиша розияллоҳу анҳо ва Абдураҳмон давоми...

3697 19:26 / 21.04.2017