Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга:
«Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради» деб башорат берди», дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.
Сўнгра тўртинчи мартада:
«Абу Зарр истаса-истамаса», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шариф Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Келинг, аввал у кишининг таржимаи ҳоллари билан танишайлик.
Абу Зарр Ғифорий - бу саҳобийнинг исмлари Жундуб ибн Жунода Ғифорий, кунялари Абу Зарр. Исломга энг аввал кирган саҳобаларнинг бешинчиси. Бу зотга Ҳандақ жангидан кейин Мадинага ҳижрат қилиш насиб этди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган саҳобалардан эдилар. Абу Зарр эртанги кунга емак сақламайдиган зоҳид зотлардан эди.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 281та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилдилар. Бу зотдан Аҳнаф ибн Қайс, Абдурраҳмон ибн Ғанам, Атоъ ва бошқалар ривоят қилганлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида, 32-ҳижрий санада Рабазада вафот этдилар.
Имом Термизий ўз ривоятлари охирида:
«Зуҳрийдан: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтса, жаннатга киради», деган ҳадис ҳақида сўрашганда:
«Бу Исломнинг аввалида, шариат аҳкомлари туширилмасдан олдин, одамларни дийнга тарғиб қилиш мақсадида бўлган эди», деган» жумласини қўшиб қўйган.
Демак, Имом Термизий ҳам одамлар нотўғри тушунмасин, деган мақсадда ушбу қўшимчани киритганлар.
Биринчи ҳадис китобини тўплаган улкан тобеъийн Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий эса саҳобалардан билганларини айтганлар.
Зотан, Оиша онамизнинг ҳам: «Аввалги тушган оятларда иймон, жаннат ва дўзах зикри бор эди, одамлар қизиқиб, дийнга кирганларидан кейин намоз, рўза каби аҳкомлар нозил бўлди», деган маънодаги гаплари ривоят қилинган.
Ушбу ҳадисда тавҳиднинг, Аллоҳга ширк келтирмасликнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, тавҳид ақийдаси улкан шараф ва бахт-саодат эканлигида ҳеч шубҳа йўқ.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Фаришта Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон олиб келишдан ташқари, бошқа хабарларни ҳам бериб кетишлари.
2. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай ўлиш фазилатли бўлиб, охир-оқибат жаннатга киришга сабаб бўлиши.
3. Зино ва ўғриликнинг катта гуноҳ эканлиги.
4. Бирор нарсани аниқлаб олиш учун қайта-қайта сўраш мумкинлиги.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг зино ва ўғрилик ҳақида қайта-қайта сўрашларининг боиси шуки, бу икки амал ўша пайтдаги энг оғир ва энг кўп тарқалган жиноятлардан бўлган. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, гуноҳлар умумий равишда икки йўналишга бўлинади. Биринчиси – Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш. Иккинчиси – банданинг ҳаққини поймол қилиш. Зино Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги, ўғрилик эса банданинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги гуноҳларга киради. Демак, савол икки йўналишни ҳам ўз ичига олган.
Эътибор берадиган бўлсак, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳнинг амрини ва ибодатларини бутунлай тарк қилиб юриш ҳақида эмас, гоҳ-гоҳида содир бўладиган гуноҳлар ҳақида сўралмоқда. Шунга биноан, ушбу маънодаги ҳадисларни Аллоҳнинг амрларини тарк қилишга далил қилиб оладиганларнинг иши тамоман ботил эканлиги яна ҳам равшан бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносига ўхшаш маъноларни ботил аҳллари нотўғри таъвил қилишлари мумкинлигини ўша вақтда, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан мулоҳаза қилинганини келгуси ҳадисдан билиб оламиз.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан