1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Истихора намози (32-тавсия)

21:40 / 07.05.2017 46218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондаги сурадек ўргатар эдилар:«Киши бир иш қилмоқчи бўлса, икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг: «Аллоҳим, мен Сендан илминг ила истихора* қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сенинг буюк фазлингдан сўрайман, чунки Сен қодирсан, мен эса қодир эмасман, Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ниҳоятда билувчи Зотсан. Аллоҳим, агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида [ёки«ҳозирги ишимдаю келгусида», дедилар] яхши деб билсанг, уни менга тақдир қилгин. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида [ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида», дедилар]ёмон деб билсанг, уни мендан нари қил, мени ундан нари қил. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени ундан рози қил», десин ва ҳожатини айтсин».

Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

* Истихора сўзи луғатда «яхшисини сўраш, танлаш» деган маънони билдиради. Истилоҳда эса мусулмон киши икки ишдан қай бирини танлаш ёки бажаришга иккиланиб қолганида Аллоҳдан танлаб беришини сўраши, ўз қисматини Аллоҳга топшириши «истихора» дейилади. Ишларнинг яхшиси, мақбулини танлаш учун ўқиладиган икки ракъат нафл намоз «истихора намози» дейилади. Истихора дуосининг ўқилиши: «Аллоҳумма, инний астахируука би ъилмик. Ва астақдирука би қудротик. Ва ас’алука мин фадликал ъазийм. Фаиннака тақдиру, ва лаа ақдир. Ва таъламу, ва лаа аълам. Ва анта ъаллаамул ғуйууб. Аллоҳумма, ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрун ли фий дийний ва маъаший ва ъақибати амри – ъажили амрий ва ъаажилиҳи – фақдурҳу лий ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий – ъажили амрий ва ъаажилиҳи – фасрифҳу ъанний васрифни ъанҳ. Вақдур лийал хойро ҳайсу каан, сумма роддиний биҳ» («Олтин силсила» китобидан).

 

Истихоранинг фойдалари тўғрисида қуйидаги ривоятлар келган:

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага истихора қилиш Одам боласининг саодатидандир», дедилар».

Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Ҳоким ривоят қилишган. 

Имом Аҳмад: «Аллоҳ азза ва жаллага истихора қилмаслик Одам боласининг бахтсизлигидандир»ни зиёда қилган ва «Санади саҳиҳдир», деган.

 

Изоҳ: Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарса кутилади. Кейин кўнгилга тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, ўша иш қилинади. Бу ҳақда туш кўриш ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай, туриб қолса, истихора намози яна қайтадан ўқилади. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Кафирун сураси, иккинчи ракъатида Ихлос сураси ўқилади.

Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бош­қа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир, бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг Холиқи ва Бошқарувчиси – Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир. Намоз ўқимайдиганлар эса бу улуғ саодатдан бебаҳрадирлар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра давоми...

2095 19:00 / 11 январь
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари давоми...

3988 14:30 / 17.07.2019
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди гўзал шакл ва динда фақиҳ давоми...

3626 19:00 / 24.11.2021
. . Жобир розияллоҳу анҳу айтади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига давоми...

3109 16:00 / 14.04.2021