Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (46-дарс). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар

13:50 / 14.08.2019 4548 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини истайди. Ўзига дўзахга кирмасликни раво кўрган мусулмон ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради. Шунинг учун бизнинг ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдамиз ҳам улкан бўлади. Бундан олдин билмасак ҳам, энди бу улкан исломий ҳақиқатни тушуниб олдик. Энди бу ҳадисга қатъий­ амал қилишимиз лозим бўлади. Ўзимизга нимани яхши кўрсак, ўзгаларга ҳам ўша нарсаларни яхши кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Шу билан бирга, ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканини тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида, аввало мусулмонлар бошига, қолаверса, бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибдодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтишимиз лозим.

5. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»

Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам олдинги икки ҳадиснинг ровийси ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Ушбу ҳа­дисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири – комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. «Ҳаловат» сўзи «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиора ила маънавий маънода келмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади», деб, эшитувчини қизиқтириб олмоқдалар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган масаладир. Ҳамма «Иймон ҳаловатини қандай қилиб топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътибор жалб қилиб олингандан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:

1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

2. «Бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи».

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина, улар комил иймон ҳа­ловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиқ­қан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

3. «Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз аниқ. Бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, Ал­лоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бош­қага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алай­ҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қиляпмиз? Ёки молу дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча, халос бўлолмай юрибмизми? Ёхуд мансаб поғонасида кўтарилишга восита бўлувчи ўзимизга ўхшаш ожиз бандага кўпроқ эгилиб-букилиб, қуллуқ қилмоқдамизми? Эҳтимол, шунинг учун иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?! Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббатимизга ҳам қайта бир назар солайлик. Шояд, бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!

Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик: нега кишиларни фақат Аллоҳ учун севмаймиз? Улар­га бўлган муҳаббатимизда ғаразсизмизми? Бу муҳаббатнинг ортидан дунё матоҳини, иззат-икромни ва яна қандайдир манфаатни кутмаяпмизми? Бунақалар йўқ, бўлса ҳам оз, дейсизми? Ундай бўлса, ўрганган ҳадисимиздан фойда олишга ўтайлик, Аллоҳнинг мухлис, тақводор бандаларини Аллоҳ учун севишни бошлайлик! Ҳа, бу муҳаббатимиз мансаб, дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлсин! Фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун бўлсин! Ана шунда иймон ҳаловатини топамиз.

Шунингдек, куфрга ва унга тегишли нарсаларга бўлган муносабатимизни ҳам қайта кўриб чиқай­лик. Дарҳақиқат, куфрдан ва унга тегишли нарсалардан оловга ташланишдан қўрққандек қўрқамизми ёки бепарвороқмизми? «Қандай қилайлик, замон шу экан, одамлар қилаяпти-ку» деб, яна ғафлатда юрган бўлмайлик! Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, шундай бепарволик қилаётган бўлсак, унда дарҳол ўзимизни ўнглаб, иймон ҳаловатини топишга ҳаракат қилайлик.

Улуғ маъноларни ўзида акс эттирган бу ҳа­диснинг ҳикматларига бугунги кунда инсон қанчалик муҳтож эканини англаб ета олармиканмиз? Ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида инсоният иймон ҳаловатини қандай тотишини англай оляпмизми? Ушбу ҳадиси шарифни ўрганганимиздан кейин, албатта, англаймиз.

Бошқаларни қўйиб, мусулмонлик даъвосини қилаётганларни, ушбу ҳадисни айтган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларни олиб кўрайлик.

Кишиларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатлари қай даражада? Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиши қай даражада? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига амал қилиш қай даражада? Катта масалаларни қўятурайлик, энг осон, кўп ҳаракат талаб қилмайдиган калимаи шаҳодатни қанча одам тушунган ҳолда, тўғри нутқ қила олади? Бу саволлар жавобсиз қолаётган экан, иймон ҳаловатига биз муҳтож бўлмай, ким муҳтож бўлсин?

Бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офатлардан қутулиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.

Куфрдан қўрқмаслик, ундан тап тортмаслик, бугунги кунимиз одатларидан биридир. Гап билмай туриб куфрга юриш ёки куфрга оид фикрни, гапни ёки ишни амалга ошириш ҳақида кетаётгани йўқ. Гап кўра-била туриб, қасддан шу йўлга юриш ҳақида кетмоқда.

Фақат иймон ва Ислом даъвосини қилаётганларни олайлик – улар куфрдан қанчалик ҳазар қиладилар? Куфрга тегишли ишлардан қанчалик сақланадилар?

6. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймоннинг белгиси ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси ансорийларни ёмон кўришдир», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ансорийлар асли мадиналик мусулмонлардир. Улар асосан Хазраж ва Авс қабиласидан бўлиб, оғир пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берганлари учун «Ансорийлар» – «ёрдам берувчилар» номини олганлар. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларини инсоният тарихида мисли кўрилмаган бағрикенглик билан кутиб олганлар. Уларга уй-жойларини, мол-мулкларини тақсимлаб беришган. Ҳатто баъзи кўп­хотинлилар муҳожирлар уйланиши мумкин, деб айрим хотинларини талоқ қилишган. Макка кофирлари Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилиб турган бир пайтда улар Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қўлларидан келган барча ёрдам – нусратни беришган. Аллоҳ таоло ансорийларни Исломнинг ер юзида сақланиб қолишига сабабчи қилган ва уларнинг бу ишларини муносиб тақдирлаб, Қуръони Каримда мадҳ қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ансорийларга муҳаббат қилишни комил иймон аломати деб таърифламоқдалар. Бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми?! Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмасдан, ансорийларни ёмон кўриш мунофиқлик аломати эканини ҳам баён қилмоқдалар. Демак, ҳар бир мусулмон ансорийларга муҳаббат қилиши ва уларни ёмон кўришдан сақланиши лозим.

Агар бунга қиёс қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши учун Ислом динига хизмат қилган ҳар бир одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш лозим бўлади. Ислом динига ҳизмат қилган одамни ёмон кўрганлар эса мунофиқ бўладилар. Чунки Исломга қилинаётган хизматни ёмон кўриш Исломни ёмон кўриш демакдир.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сутра,, деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқдир. .Сутра,ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари давоми...

287 19:00 / 17 декабрь
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

3729 13:30 / 27.01.2021
. . . . . Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1482 19:00 / 17 январь
. . . Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас, унга уч мартауч мартадан кўрсатдилар. давоми...

2235 19:00 / 12.04.2023