Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тижорат моллари закоти | Фиқҳ дарслари (302-дарс)

19:00 / 10 октябрь 510 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ

«Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан инфоқ қилинглар», деган (267-оят).

قَالَ مُجَاهِدٌ: نَزَلَتْ فِي التِّجَارَةِ.

«Мужоҳид: «Ушбу оят тижорат ҳақида нозил бўлган», деган».

Бу ояти каримани зикр қилиш билан тижорат молларидан закот бериш вожиб эканига далил келтирилмоқда.

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَّا بَعْدُ، فَإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَأْمُرُنَا أَنْ نُخْرِجَ الصَّدَقَةَ مِنِ الَّذِي نُعِدُّ لِلْبَيْعِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аммо баъду, шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни савдо учун тайёрлаб қўйган нарсаларимиздан садақа чиқаришимизга амр қилар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр қилишлари ҳам савдо молларидан закот бериш фарз эканига далилдир.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فِي الْإِبِلِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْغَنَمِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْبَقَرِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْبَزِّ صَدَقَتُهُ». رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Туянинг ўз садақаси бор, қўйнинг ўз садақаси бор, қорамолнинг ўз садақаси бор, кийим(мато)нинг ўз садақаси бор», дедилар».

Дорақутний ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган.

«Кийим(мато)»дан мурод кийим (мато) тижоратидир, у эса ҳамма тижорат молларига далолат қилади. 

Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва салафи солиҳнинг барчалари тижорат молларидан закот чиқариш фарз эканига ижмоъ қилишган. Мусулмон умматининг адо этиши ҳам фарз амал ҳисобланади.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدِ الْقَارِيِّ قَالَ: كُنْتُ عَلَى بَيْتِ الْمَالِ زَمَانَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ، فَكَانَ إذَا خَرَجَ الْعَطَاءُ جَمَعَ أَمْوَالَ التُّجَّارِ، ثُمَّ حَسَبَهَا غَائِبَهَا وَشَاهِدَهَا، ثُمَّ أَخَذَ الزَّكَاةَ مِنْ شَاهِدِ الْمَالِ عَنِ الْغَائِبِ وَالشَّاهِدِ.

Абдурраҳмон ибн Абдул Қорийдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттобнинг даврида Байтулмолга масъул бўлган эдим. У қачон ато чиқса, тожирларнинг молини, ҳозиринию ғойибини ҳисоб қилар, сўнгра ҳозиридан ҳозирининг ҳам, ғойибининг ҳам закотини олар эди».

أَخْرَجَ الشَّافِعِيُّ وَأَحْمَدُ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَالدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ أَبِي عَمْرِو بْنِ حَمَاسٍ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّهُ قَالَ: كُنْتُ أَبِيعُ الْأُدْمَ وَالْجِعَابَ، فَمَرَّ بِي عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ، فَقَالَ لِي: أَدِّ صَدَقَةَ مَالِكَ، فَقُلْتُ: يَا أَمِير الْمُؤْمِنِينَ، إِنَّمَا هُوَ فِي الْأُدْمِ، فَقَالَ: قَوِّمْهُ ثُمَّ أَخْرِجْ صَدَقَتَهُ.

Шофеъий, Аҳмад, Абдурраззоқ ва Дорақутний Абу Амр ибн Ҳамас ва унинг отасидан ривоят қилишича, у қуйидагиларни айтган:

«Тери ва ўқдон сотаётган эдим. Умар олдимдан ўтаётиб, менга:

«Молингнинг закотини адо қил», деди.

«Эй мўминларнинг амири, тери, холос», дедим.

«Қийматини ўлчаб, сўнгра закотини адо қил», деди».

رَوَى عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي «مُصَنَّفِهِ» عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّهُ كَانَ يَقُولُ: فِي كُلِّ مَالٍ يُدَارُ فِي عَبِيدٍ، أَوْ دَوَابٍّ، أَو بَزٍّ لِلتِّجَارَةِ، تُدَارُ الزَّكَاةُ فِيهِ كُلَّ عَامٍ.

Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида Абдуллоҳ ибн Умардан қилган ривоятда у киши:

«Қуллар, ҳайвонлар ёки кийимлар тижоратида айлантириб туриладиган молда ҳар йили закот бор», деганлар.

Бунга ўхшаш ривоятлар жуда ҳам кўп. Хулоса қилиб айтилганда, мусулмонлар жумҳури тижорат молларида закот борлигига иттифоқ қилганлар.

Тижорат энг кўп ва кенг тарқалган касблардан бўлиб, мол топиш ва пулни ишлатишнинг машҳур йўлларидан биридир.

Ислом дини ҳалол-пок йўл билан тижорат қилишга тарғиб қилган. Тижорат мол топишнинг энг қулай манбаларидан биридир. Тожирлар миллион ва миллиардлаб сўмларини тижорат моллари билан банд қиладилар. Уларнинг ичида мискинларнинг ҳаққи бўлмиш закот бўлмаса, тожирлар пулларига тижорат моли олиб қўйиб, закот бермай юраверадилар.

Уламоларимиз тижорат молларини «фойда кўриш мақсадида олди-сотди учун тайёрлаб қўйилган нарса» деб таъриф қилганлар.

Демак, пул бирлигидан бошқа, тижорат учун тайёрлаб қўйилган асбоб-ускуна, турли матоҳлар, кийим-кечак, озиқ-овқат, тақинчоқлар, ҳайвонлар ва бошқа нарсалар тижорат моллари ҳисобланади. Ким ўша нарсалардан тижорат учун тайёрлаб қўйса, уларга бир йил тўлса, уларни пулга чаққанда қиймати нисобга етса, закот бериши фарз бўлади. Закотга қийматнинг икки ярим фоизи чиқарилади.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини .Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, билан очар эдилар,. Термизий, Ҳоким ва давоми...

3994 17:00 / 10.02.2022
Фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш mdash ушбу жумлада келган маъно қироатнинг энг оз миқдорини давоми...

2989 19:00 / 25.11.2021
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймБизларга рўза тутишни фарз қилиб, рўзани Ислом рукнларидан бири қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Роббисига энг яхши ибодат қилган намоз давоми...

3535 05:00 / 19.01.2017
Фиқҳий китобларимизда олдисотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки бу иш асосан ризқ топишга қаратилган. Ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ давоми...

4676 13:36 / 30.01.2020