Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 196-дарс. Иймонингизни қадр-қиммати қанчалик эканлигини билмоқчимисиз?

19:00 / 24.08.2022 4255 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

Бир неча йиллар аввал ўқиган бир мақола менга қаттиқ таъсир қилган эди. Ўша мақолада мусулмонларнинг бахт-саодати фақат Исломга амал қилишда эканлиги, агар Исломга амал қилмасалар, бадбахт бўлиб қолишлари очиқ-ойдин ёзилган эди.

Мақола муаллифи масъул табиб экан. Унинг юртида «трахома» деб аталувчи кўз касаллиги кенг тарқалиб кетибди. Бу касал шунчалик хавфли тусга кирибдики, ҳатто ҳукумат фавқулодда чоралар кўриб, чет эллардан ёрдам сўрашга мажбур бўлибди.

Англиядаги машҳур мутахассис табиблар ҳузурига юборилган гуруҳ ичида мақола муаллифи ҳам бор экан. Англияликлар гуруҳ аъзоларидан трахома касаллиги уларнинг юртида миллий офат даражасига етганлигини эшитиб, ҳайрон бўлишибди. Улар ўз меҳмонларига:

«Биз юртингизда трахома касаллиги тарқаб кетганини ақлимизга сиғдира олмаяпмиз», дебдилар.

«Нима учун?» деб сўрашибди меҳмонлар.

«Ахир сизлар мусулмонсизлар-ку! Билишимизча, Ислом мусулмонларга таҳорат қилишни амр қилган. Ҳар куни таҳорат учун юз-қўлини яхшилаб ювиб турган одам мутлақо трахома касали билан оғримаслиги керак», дейишибди мезбонлар.

Бунга нима дейиш мумкин? Ҳа, Аллоҳнинг амрини қилмаслик нафақат гуноҳ ва охират азобига, балки бу дунёнинг ҳам кўплаб ноқулайликларига, машаққат ва мусибатларига сабаб бўлади.

Юқорида Ислом ҳукмига номигагина амал қилиш ҳақида гапириб ўтган эдик. Энди ана шу нарса қаердан пайдо бўлганини кўриб чиқайлик. Кўпчилигимиз таҳорат ёки ғуслни баданни поклаш деб эмас, баданга сув теккизиш, деб тушунамиз. Таҳорат қиладиган бўлсак, асосий мақсадимиз юз-қўл ва оёқларимизнинг маълум жойларини хўллашдангина иборат бўлади. Ўша жойлардан кирни кетказиш ҳақида кўпинча ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ғусл қиладиган бўлсак, апил-тапил бошимиздан сув қуйиб олиш пайида бўламиз.

Ислом учун фидойи биродарларимиздан бирининг айтишича, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчи катта бир жамоанинг ниҳоятда кўп одам қатнашган йиғинида иштирок этибди. Издиҳомда нохуш ҳидлардан беҳаловат бўлган биродаримиз «Жумъа куни ғусл қилиш суннат-у, тоза кийим кийиш, хушбўй нарсалар сепиш суннат эмасми?» деса, биров қулоқ ҳам солиб қўймас эмиш.

Динимиз амрларининг ҳар бир ҳарфига оғишмай амал қилиш жуда яхши иш. Аммо ўша амрдан кўзланган мақсадни унутиб қўйишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Илм-фан Ислом дини амр қилган покликка риоя қилиш инсон учун, инсоннинг соғлиги учун, турли касалликларнинг тарқалмаслиги учун жуда зарур омил эканлигини аллақачон исбот этиб қўйган. Биз динимиз бу ишни бундан ўн тўрт аср олдин ибодат даражасига кўтаргани, уни иймоннинг ярми деб эълон қилгани ҳақида фахр билан гапиришимизнинг ўзи етарли эмас! Балки бу амрларга амал қилиб, ҳаммага ўрнак бўлишимиз лозим. Ўзимиз, кийим-бошимиз, турар-жойимиз, шаҳар-қишлоқларимиз, ҳамма-ҳамма тарафларимиз поклиги билан бошқалардан ажралиб туриши лозим. Чунки Аллоҳ таоло поклик ҳақидаги буйруқларини айнан бизга юборган.

Қуръони Каримнинг поклик ҳақидаги оятлари аввало сиз билан бизларга хитобан келган, қолаверса, ушбу ўрганилаётган ҳадисларни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга қарата айтганлар. Демак, покликка амал қилишга ҳаммадан кўра мусулмонлар масъулдир. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, оз бўлса-да, динимиз таълимотларига амал қилинаётган жойларда ҳавас қиладиган покликка эгамиз. Ният шуки, энди бу соҳада тўлиқ озодаликка эришадиган пайт етганини англашимиз зарур.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оишадан .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда қандай қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан давоми...

1729 18:00 / 06.09.2023
Тасбеҳ намози 8тавсияИбн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар .Эй Аббос Эй давоми...

95339 17:00 / 08.04.2016
.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа давоми...

3888 13:00 / 02.12.2020
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки, бирортангиз Исломини чиройли қилса, унинг қилган давоми...

4383 13:30 / 05.02.2020