Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (73-дарс). Имом Молик ва у кишининг мазҳаблари

14:05 / 20.02.2020 4669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир ал Асбаҳий ҳижрий 93-санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл эдилар. Имом Молик оналарининг таъсири остида ёшликларидан илмга қаттиқ берилдилар.

У кишининг зеҳнлари жуда ҳам ўткир эди. Тезда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Имом Молик ўттизта ҳадисни бир эшитишларида ёд олар эдилар. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган уламоларидан дарс олдилар. Ихлос ва эътиқод билан қилинган ҳаракатлар самараси ўлароқ, имом Молик ўз даврларининг етук алломаси бўлиб етишдилар ва имом Авзоъий, имом Шофеъий, Яҳё ибн Саъид каби алломаларга устозлик қилдилар.

Имом Молик Мадинаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни ёқтирмас эдилар. Ҳатто халифалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам, рози бўлмаганлар. У киши Мадинаи Мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссалари кўмилган шаҳарда улов минмайман», дер эдилар.

Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, аввал таҳорат қилар, ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олиб, соқолларини тартибга келтирар ва виқору ҳайбат билан ўтириб, ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишидан «Нима учун бундай қиласиз?» деб сўрашса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман», дер эканлар.

Илмнинг қадрига етган ва уни улуғлаган Имомни Аллоҳ ҳам улуғликка етказди: шаръий илм унинг мартабасини юқори қилди, кишилар ўртасида обрўсини орттирди, виқорли ва ҳайбатли қилди.

Бу ҳақда Саъид ибн Ҳинд Андалусий айтадилар: «Мен халифа Абдурраҳмон ибн Муовиядек ҳайбатли одамни кўрмаган эдим. Имом Моликнинг олдиларига кирганимда, у кишининг ҳайбати олдида Ибн Муовиянинг ҳайбати ҳеч нарса бўлмай қолди».

Имом Моликдаги ҳайбат ва виқор илмнинг ҳайбати ва виқори эди. Имом Шофеъий ёшликларида имом Моликдан дарс олмоқчи бўлдилар. У киши Макканинг волийсидан бу ишда ёрдам сўраб, Мадинанинг волийсига хат олиб борганларида бўлган ҳолни ўзлари ҳикоя қилиб берадилар:

«Макка волийсининг олдига кириб, ундан Мадина волийсига ва имом Моликка мактуб ёздириб олдим. Мадинага келиб, мактубни волийга бердим.

Волий мактубни ўқиб бўлиб: «Эй йигит, мен учун Молик ибн Анаснинг эшигига борганимдан кўра Мадинадан Маккагача ялангоёқ юриб борганим афзалроқ», деди.

Мен: «Аллоҳ амирни ислоҳ қилсин, агар одам юбориб чақиртирсангиз, қандоқ бўлар экан?» дедим.

У: «Нима деяпсан, мен одамларим билан Ақиқ тупроғини кечиб бориб, бирор ҳожатимизни раво қилсак, хурсанд бўлар эдим», деди.

Асрга боришга келишдик ва уловларимизни миниб, жўнадик. Амир айтганидек, тупроқ кечдик. Бир одам олдинга чиқиб, эшикни қоқди. Бир қора жория чиқди.

Амир унга: «Хўжангга менинг эшик олдида турганимни айт», деди.

Қиз кириб, кечикиб чиқди ва: «Хўжам сизга салом айтдилар. Саволингиз бўлса, қоғозга ёзиб берсангиз, жавоби чиқар экан. Гаплашмоқчи бўлсангиз, мажлис кунини ўзингиз биласиз, ўша куни келар экансиз», деди.

Амир қизга: «Сен у кишига менда Макка волийсининг муҳим мактуби борлигини айтгин», деди.

Қиз кириб, қўлида курси билан қайтиб чиқди ва уни ерга қўйди. Сўнгра имом Молик виқор ва ҳайбат билан чиқиб келди. У киши узун бўйли, хушқомат эканлар. Яхшилаб жойлашиб ўтирдилар. Волий мактубни узатди. Имом уни ўқиб, «Бу одам ундоқ киши, унга у қил, бу қил», деган жойига келганда мактубни ирғитиб юбордилар ва: «Субҳаналлоҳ! Расулуллоҳнинг илми ҳам восита билан олинадиган бўлдими?» дедилар.

Волий тутилиб, гапира олмай қолди. Шунда мен олдинга чиқиб, ўз ҳолим ва ҳожатим ҳақида гапира бошладим. У киши менга бироз қараб турдилар-да:

«Исминг нима?» дедилар. Мен:

«Муҳаммад!» дедим. У киши:

«Эй Муҳаммад! Аллоҳга тақво қил, гуноҳлардан четда бўл, сенинг шаънинг улуғ бўлади», дедилар».

Албатта, имом Моликнинг бундай ҳолати, у кишининг Ислом оламидаги шон-шуҳрати ўша давр ҳукмдорларининг тинчини бузар, ҳадикларини оширар эди. Буни яхши билган чақимчи ва иғвогарлар турли бўҳтонлар тўқишарди. Улар: «Имом Молик сизларнинг мулкингизга норози, шунинг учун фалон масалада ундоқ деди, пистонида бундоқ деди», деб у кишининг диний фатволарини сиёсатга йўйишар эди.

Шундай иғволар оқибатида ўша пайтдаги халифа Мансурнинг амакиси Жаъфар ибн Сулаймон имом Моликни жазолашга фармон берди. У кишининг кийимларини ечиб, кейин қамчилаб уришди. Қўлларидан тортиб, ҳатто куракларини чиқариб юборишди. Бу ҳодиса зудлик билан Ислом оламига тарқалди. Ҳамма норози бўлди. Африкадаги диёрлар халифаликка очиқ қарши чиқдилар ва имом Моликнинг мазҳабларини расман қабул қилганликларини эълон қилдилар. Вазият шу даражада ўзгардики, ўша пайтда аббосийлар ҳукмига қарши қуролли кураш олиб бораётган Муҳаммад Нафсузакийя бошлиқ ҳаракат ҳукмдорлар учун имом Молик хатари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди.

Буни яхши англаган халифа Мансур волий Жаъфар ибн Сулаймонни ишдан бўшатди ва пойтахтга олиб бориб, жазолади.

Уламоларга беҳурматлик қилганлар доимо тезда жазога гирифтор бўладилар.

Сўнгра халифа имом Моликни пойтахтга чақирди. Ҳаж вақтида халифа Мансур келиб, шунчалик ёлвориб, иззат-икром кўрсатдики, имом Молик ноилож қолиб, хатони кечирганларини, Мансур илмли, фазлли одам эканини кишиларга айтишга мажбур бўлдилар.

Ана шундай қаҳрамонликларга тўла улуғ ҳаёт ҳижрий 179-санада ниҳоясига етди. Имом Молик розияллоҳу анҳунинг ҳам ҳадисда, ҳам фиқҳда пешқадамликларини Ислом уммати, хусусан, улуғ уламолар тан олганлар.

Имом Молик ўз фиқҳий мазҳабларига биринчи манба қилиб Қуръони Каримни, иккинчи манба қилиб Суннати набавияни олганлар. Баъзи олимлар: «Имом Молик фиқҳининг учинчи масдари саҳобаларнинг гапи бўлган», дейишади. Чунки улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар. У кишининг тарбиясини топганлар. Шунинг учун шаръий масалаларда ўзларича, эътиборсиз нарсаларни айтмайдилар.

Аммо кўпчилик уламолар: «Имом Молик мазҳаби манбаларида Қуръон ва Суннатдан сўнг тартибни эътиборга олмаса ҳам бўлади», дейишади. Лекин шу нарса аниқки, имом Молик Мадинаи Мунаввара аҳолисининг амалларини қиёсдан устун қўядилар. Эҳтимол, бунга у кишининг доимо Мадинада яшаганлари сабаб бўлгандир. Мадина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари яшаган шаҳар. Албатта, шаҳар аҳолиси улардан кўп нарсани ўрганганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг ишини манба қилиб олса бўлади.

Имом Молик ўз фиқҳларида бошқа имомлар ишлатган барча услуб ва манбалардан фойдаланганлар. Баъзи ўзига хосликларини юқорида зикр қилдик.

Аллоҳ таоло имом Моликни раҳмат айласин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган меҳнатларининг савобини кўпайтириб берсин.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қунут, луғатда .дуо, ва .тазарруъ, маъносини англатади. Шариатда эса намозда рукуъдан олдин ёки кейин туриб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни даф қилиш ёки давоми...

4118 16:39 / 06.01.2022
. ,. . . ,. . , . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом давоми...

2759 19:00 / 18.08.2022
Барча мавжудотларни йўқдан бор қилган, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолога беадад ҳамсанолар бўлсин.Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нукталаригача билдириб, давоми...

4976 05:00 / 18.01.2017
Одамларнинг орасида баъзан замонавий илм ndash фан билан кифояланиб диндан беҳожат бўлиш мумкинлигини тасаввур қиладиган кишилар ёки баъзан янги ғоявий қарашлар давоми...

3611 05:00 / 19.01.2017