Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (13-дарс). Дастлабки ҳақиқий фиқҳий асарлар

16:30 / 26.12.2018 6624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқий фиқҳий ижтиҳодларни ёзишни ташкил қилиш ҳақида сўз кетадиган бўлса, баъзи уламолар бу ишни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошлаганларини таъкидлайдилар.

Жумладан, «Тақрийр ва таҳбийр» китобининг соҳиби Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Амийри Ҳажж қуйидагиларни ёзади: «Фиқҳни биринчи бўлиб тадвин қилган, китоблари ва бобларини тартибга солган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидир. Шунинг учун ҳам Ферузободий «Тобақотул фуқаҳо»да нақл қилганидек, имом Шофеъий: «Ким фиқҳни истаса, Абу Ҳанифанинг боқимандасидир», деган».

Худди шу гапларни Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳамавий «Ғизоу уйунил басоир фий шарҳи ашбоҳи ван-назоир» китобида, Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин «Раддул муҳтор ъалаа дуррил мухтор» китобида келтирганлар.

Албатта, бу гапларнинг маъноси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фиқҳни оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтиш борасида қилган ташкилотчилик ишларига ишора бўлса керак.

Тўлақонли китоб ёзиш ҳақида сўз кетадиган бўлса, имом Абу Юсуф зикр қилинади. У киши ўз устозлари Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил яшаган ва у кишидан олган илмларини баъзи китобларда тадвин қилган. Имом Абу Юсуф «Китобул Осор», «Ихтилофи ибн Аби Лайло», «Ар-радду ъалаа сияри Авзоъий» ва «Китобул харож»ни таълиф қилганлар. Айниқса у кишининг «Китобул харож»и машҳур бўлган, бизгача етиб келган ва чоп этилган.

Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи халифа Ҳорун Рашидга атаб ёзган. Унда давлатнинг молиявий манбалари ҳақида батафсил сўз юритилган. Унда бу масалага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва саҳобаларнинг фатволари келтирилган ҳамда улардан ҳукм чиқарилган.

«Китобул харож» имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ёлғиз ўзларининг илмий ишлари бўлиб, унда бошқа фақиҳларнинг ҳиссалари йўқ. Унда муаллиф ўз устозлари имом Абу Ҳанифага хилоф қилган ҳоллари ҳам кўп.

Уламолар «Китобул харож»ни ўз асридаги тенги йўқ илмий фиқҳий бойлик сифатида тақдирлайдилар.

Юқорида зикр этилган асарларнинг деярли барчасини том маънодаги фиқҳий китоблар дея олмаймиз. Бу асарлар ривоятларни жамлаш ва тартибга солишдан иборат.

Мазҳаббоши мужтаҳидлар одатда илмий мажлисларда оғзаки тарзда дарс айтганлар. Ўша мажлисларда савол-жавоблар ҳам бўлар, турли фатволар ҳам айтилар эди. Баъзи иштирокчилар мазкур суҳбатларни ўз дафтарларига ёзиб ҳам борар эдилар. Шу тариқа ўша даврларда юзага келган китоблар бизнинг бугунги тушунчамиздаги тўлиқ фиқҳий асарлардан фарқ қилиши табиийдир.

Фиқҳий асарларни ёзишнинг бошланиши ҳақида сўзлар эканмиз, бу ишнинг том маънода юзага чиқишида имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳини алоҳида эътибор ила тилга олишимиз лозим бўлади. У киши ўн тўрт ёшида имом Абу Ҳанифанинг мажлисларида иштирок эта бошлаган ва тўрт йил давомида кўп нарсаларни ўрганган. Имом Абу Ҳанифанинг вафотларидан кейин Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи имом Абу Юсуфдан дарс олди. Кейин Ҳанафий мазҳабининг асосини ташкил қиладиган китобларни таълиф этди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳнинг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиғиб, китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳнинг асосий манбалари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китобул асл», бу китобнинг иккинчи номи: «Мабсут»;

2. «Китобуз-зиёдот»;

3. «Китобул Жомеъус-сағийр»;

4. «Китобул Жомеъул кабийр»;

5. «Китобус-сиярис-сағийр»;

6. «Китобус-сиярил кабийр».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси – «Китобур-радди ъалаа аҳли Мадина» ва «Китобул осор» худди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

«Эълоус-сунан» китобининг «Фавоидул фиқҳийя» номли муқаддимасида шундай дейилади:

«Тарих гувоҳлик берадики, эргашилган имомларнинг мазҳабларидаги «Мудаввана», «Ҳужжа», «Ал-умм» ва бошқа шунга ўхшаш китоблар улуғ имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний розияллоҳу анҳунинг китоблари ёғдуси ила ёзилгандир».

«Эълоус-сунан»нинг муаллифи Зафар Аҳмад Усмоний таъкидлашларича, бошқа мазҳабларнинг уламолари ҳам имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан ўрганиб китоблар таълиф қилганлар. Бунга мисол қилиб моликий мазҳаби китобларини биринчи бўлиб ёзган Асад ибн Фуротнинг имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан дарс олгани, кейин юртига қайтиб, «Мудаввана»га асос бўлган китобларни ёзгани ҳақидаги ривоятларни санадлари билан келтиради.

Шунингдек, Зафар Аҳмад Усмоний имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам имом Муҳаммаддан дарс олганлари ва у кишининг олдиларидан қайтгандан сўнг ўз китобларини ёзганлари ҳақида ҳужжат ва далиллар келтиради.

Шу тариқа, аста-секин фиқҳий китобларни ёзиш ривожланиб борди. Аввал фуруъул фиқҳ бўйича, кейин усулул фиқҳ бўйича китоблар ёзилди. Сўнгра биз ўрганаётган турли йўналишлар бўйича китоблар ёзиш йўлга қўйилди.

Фиқҳий китоблар ёзиш тараққий этиб, мусулмон фуқаҳолар дунёни китобга тўлдириб юбордилар. Зотан, мусулмон халқларнинг ҳаёти доимо фиқҳ билан чамбарчас боғланган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозирги даврда энг кўп ёзилаётган китоблар рўйхати бошида фиқҳ китоблари туради.

Фиқҳ китоблари кўплигидан уларнинг рўйхатини тузишнинг ўзи ҳам қийин ишга айланиб қолган. Биз уларнинг турларига аҳамият берган ҳолда ҳар бир турдан намуна сифатида баъзи китобларнигина зикр қилиш билан кифояланамиз.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содрушшарийъа алАсғар ибн Масъуд ибн Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Содрушшарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий ал давоми...

4191 13:00 / 21.05.2020
Ақийда бўйича Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзларига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4221 13:16 / 23.01.2020
Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади. Бир кишининг икки юз динор пули бор эди. Нисобга етганидан кейин бир йил ўтгунча унга яна юз давоми...

419 19:00 / 31 октябрь
Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат 1. Миср ёки унинг чети давоми...

1677 19:00 / 02.11.2023