Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (69-дарс). Фиқҳий ихтилофлар

13:16 / 23.01.2020 4221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақийда бўйича Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзларига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра, фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар «динга зарар келтирувчи шахсий хилофлар» деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар.

Гоҳи-гоҳида фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар ҳар доим жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар асосан фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича, фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуқсон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ маз­ҳаббоши имомларга тил теккизишгача бориб етадилар.

Бу ҳақда Робитатул Оламил Исломий фиқҳ академияси мудири, фазилатли доктор Аҳмад Муҳаммад Муқрий ўз мақолаларидан бирида бундай ёзадилар:

«Вақти-вақти билан Ислом фиқҳини ўз ижтиҳодлари ва илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда бундай танқидлар уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга ҳам қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади».

Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қувватлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган.

Жумладан, суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувларни «Исломдаги энг хатарли бидъат» деб биладилар. У киши мазҳабсизликни «динсизликка олиб борувчи кўприк» деб атайдилар. Бошқа уламолар ҳам шу қабилдаги фикрларни қувватлайдилар.

Мазҳабни инкор қилувчилар: «Қуръон ва Суннат турганда, уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг айтганини қилмасдан, Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми?» дейишади.

Шунингдек, улар: «Мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас», дейишади.

Яна улар: «Мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уларни инкор қиламиз», дейишади ва ҳоказо.

Ўз навбатида, мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқади. Бундай ҳолатлар ҳозирги пайтда ҳам учраб турибди.

Аслини олганда, илмий қарашлар орқали бундай ихтилофларнинг олдини олиш ёки уларга барҳам бериш мумкин.

Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш Қуръон ва Суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақийда бобида ҳеч қандай хилоф қилганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва Суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари умуман мантиққа тўғри келмайди.

Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва Суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларини илоҳийлаштиришни ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:

«Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва Суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланмадир. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар.

Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак».

Энди тушунарли бўлган бўлса керак?

Мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гапни ақийда, ибодат бобида айтса бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куйдирайлик, дейилмайди-ку?! Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар илк босқичда бўлмаган.

Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, бу алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақийда бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва Суннатда тўлиқ баён қилинган.

Шунингдек, динимизнинг асл рукнларида ҳам хилоф дуруст эмас. Бунинг ҳам Қуръон ва Суннатда баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вақт намознинг тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни Зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Биз «фиқҳий ихтилофлар» деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган ва асосан, шаклий нарсаларда, холос. Ва мазкур нарсаларда турли-туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради.

Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди.

Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга, яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.

Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундай масалаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.

Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари, асосан худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади. Биз эса буни «ихтилоф» демоқдамиз.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллоҳир роҳманир роҳим.Инсонни илму ирфон ила мукаррам қилган ва унга баённи ўргатган Аллоҳга ҳамдалр бўлсин Инсу жиннинг саййиди бўлмиш зотга Аллоҳ салоту давоми...

4646 05:00 / 18.01.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакрнинг ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган давоми...

2230 15:30 / 30.03.2020
. . . . . . . . . . .Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю давоми...

4431 13:30 / 28.01.2021
Тадқиқот маркази милодий 1961 санадаги Азҳари Шариф дорилфунунини ривожлантириш хусусидаги 103рақамли қонунда баён қилинган, катта уламолар ўрнини босиш мақсадида давоми...

3560 13:30 / 05.12.2019