Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тилла ва кумушнинг закоти | Фиқҳ дарслари (299-дарс)

19:00 / 20 сентябрь 693 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَنِصَابُ الذَّهَبِ عِشْرُونَ مِثْقَالًا، وَالْفِضَّةِ مِئَتَا دِرْهَمٍ، كُلُّ عَشَرَةٍ مِنْهَا سَبْعَةُ مَثَاقِيلَ، مَعْمُولًا أَوْ تِبْرًا. فَيَجِبُ رُبُعُ الْعُشُرِ وَفِي كُلِّ خُمْسٍ زَادَ عَلَى النِّصَابِ بِحِسَابِهِ وَيُعْتَبَرُ الْغَالِبُ.

وَإِنْ غَلَبَ الْغِشُّ يُقَوَّمُ، لَا فِي غَيْرِ مَا مَرَّ، إِلَّا بِنِيَّةِ التِّجَارَةِ عِنْدَ تَمَلُّكِهَا بِغَيْرِ الْإِرْثِ إِذَا بَلَغَ قِيمَتُهَا نِصَابًا مِنْ أَحَدِهِمَا أَنْفَعَ لِلْفَقِيرِ.

Тилланинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Дирҳамларнинг ҳар ўнтаси етти мисқол. Хоҳ ишланган бўлсин, хоҳ ёмби бўлсин, ўндан биридан тўртдан бирини бериш фарздир. Нисобга зиёда бўлган ҳар бешдан бирдан ҳисоби ила чиқарилади. (Тилланинг аралашган нарсадан) ғолиблиги эътиборга олинади. Агар аралаштирилган нарса (тилладан) ғолиб бўлса, (тилланинг) қиймати аниқланади (ва закоти чиқарилади).

Айтиб ўтилган нарсалардан бошқада закот фарз бўлмайди. Агар тижорат ниятида бўлса, фарз бўлади. Мерос йўлидан бошқа йўл билан уларга молик бўлган вақтда унинг (тижорат молининг) қиймати икки пул бирлиги(тилла ва кумуш)дан фақирларга манфаатлироқ бўлган нисобга етса, фарз бўлади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي الْكِتَابَ الَّذِي كَتَبَ لَهُ أَبو بَكْرٍ إِلَى الْبَحْرَيْنِ في الصَّدَقَةِ الَّتِي فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمُسْلِمِينَ: وَفِي الرِّقَةِ رُبْعُ الْعُشْرِ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ إِلَّا تِسْعِينَ وَمِائَةَ دِرْهَمٍ فَلَيْسَ فِيهَا شَيْءٌ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ رَبُّهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَلِلْخَمْسَةِ: لَيْسَ فِيمَا دُونَ خَمْسِ أَوَاقٍ مِنَ الْوَرِقِ صَدَقَةٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга фарз қилган садақа ҳақида ёзиб берган мактубда:

«Дирҳам(кумуш пул)да ўндан бирнинг тўртдан бири. Агар бир юз тўқсон дирҳам(кумуш пул)дан бошқа бўлмаса, унда ҳеч нарса йўқ. Эгаси хоҳласа, мустасно», дейилган эди.

Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Бешовлари қилган ривоятда:

«Танга пулнинг беш увқиясидан озида садақа йўқ», дейилган.

Араб тилида кумуш танга пул «вариқ», «риққа», деб аталади. Ушбу ҳадисда ўша кумуш танга пул ҳақида сўз кетмоқда.

Кумуш танга пулдан фарз бўладиган закот миқдори ўндан бирнинг тўртдан бири, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда икки ярим фоизи экан. Жумладаги «ўндан бирнинг тўртдан бири» иборасини «қирқдан бир» деб айтилса ҳам бўлади. Аммо араб тилида биринчи таъбир тўғрироқ чиққанидан китобларимизда ўшани ишлатиш одат бўлиб қолган. Демак, кимнинг кумуш тангалари нисобга етса, икки ярим фоизини закот қилиб чиқариши керак бўлади.

Бир юз тўқсон танга кумуш пулга закот фарз бўлмайди. Аммо эгаси ўз ихтиёри билан закот бермоқчи бўлса, ўзи билади.

Кумуш танга пулнинг нисоби беш увқия. Бир увқия қирқ дирҳамга тенг. Уни бешга кўпайтирсак, икки юз дирҳам бўлади. Икки юз дирҳам кумуш пул нисобга етган бўлади.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَسَاقَ حَدِيثًا إِلَى أَنْ قَالَ: «فَإِذَا كَانَتْ لَكَ مِائَتَا دِرْهَمٍ وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا خَمْسَةُ دَرَاهِمَ، وَلَيْسَ عَلَيْكَ شَيْءٌ حَتَّى يَكُونَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا، فَإِذَا كَانَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا نِصْفُ دِينَارٍ، فَمَا زَادَ فَبِحِسَابِ ذَلِكَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَصَحَّحَهُ الْبُخَارِيُّ.

Али розияллоҳу анҳу узун ҳадисни айтиб келиб, охирида:

«Қачон сенинг икки юз дирҳаминг бўлса ва унга бир йил айланса, бас, ундан беш дирҳам. Йигирма диноринг бўлгунча, сенга ҳеч нарса фарз бўлмайди. Қачон  йигирма диноринг бўлса, унга бир йил айланса, бас ундан ярим динор. Зиёда бўлган нарсадан ўшанинг ҳисоби бўйича», деди».

Абу Довуд ривоят қилган. Бухорий саҳиҳ деган.

Тилла пулнинг йигирма динордан озида закот фарз бўлмайди, чунки тилла пулнинг нисоби йигирма динордир.

Тилла пул ҳам нисобга етганидан кейин бир йил ўтсагина, закот фарз бўлади. Бир йилдан оз миқдорда нисобдан кам бўлиб қолса, закот фарз бўлмайди.

Йигирма динор тилла пулдан ярим динор закот берилади.

Нисобдан ортиқ пулдан нисбатига қараб, икки ярим фоизи закотга чиқарилаверади.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قَدْ عَفَوْتُ عَنِ الْخَيْلِ وَالرَّقِيقِ، فَهَاتُوا صَدَقَةَ الرِّقَةِ مِنْ كُلِّ أَرْبَعِينَ دِرْهَمًا دِرْهَمًا، وَلَيْسَ فِي تِسْعِينَ وَمِائَةٍ شَيْءٌ، فَإِذَا بَلَغَتْ مِائَتَيْنِ فَفِيهَا خَمْسَةُ دَرَاهِمَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«От ва қулни афв қилдим. Танга пулнинг садақасини беринглар. Ҳар қирқ дирҳамдан бир дирҳам. Бир юз тўқсон(дирҳам)да ҳеч нарса йўқ. Қачон икки юзга етса, ундан беш дирҳам», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

5441 14:00 / 29.07.2019
Намозни жамоатда ўқиш суннати муаккада эканига далиллар . ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2588 19:00 / 28.07.2022
Уламолар ижмоъни ижмоъ билан, Қуръон ва суннатни қиёс билан насх қилиб бўлмайди, деганлар. Бу борада ихтилоф йўқдир. Насх бир қанча турларга бўлинадиndash Насх бир давоми...

3760 18:07 / 28.12.2017
Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда, ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта давоми...

1330 00:00 / 03.12.2022