Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
وَيُنْصَبُ الْعَاشِرُ عَلَى الطَّرِيقِ لِأَخْذِ زَكَاةِ التُّجَّارِ فَيَأْخُذُ مِنَ الْمُسْلِمِ رُبُعَ الْعُشْرِ، وَمِنَ الذِّمِيِّ ضِعْفَهُ وَصُدِّقَا مَعَ الْيَمِينِ إِنْ أَنْكَرَا الْحَوْلَ، أَوِ الْفَرَاغَ مِنَ الدَّيْنِ، أَوِ ادَّعَيَا أَدَاءَهُ إِلَى عَاشِرٍ آخَرَ يُعْلَمُ وُجُودُهُ، أَوْ إِلَى فَقْيرٍ فِي غَيْرِ السَّوَائِمِ، وَمِنَ الْحَرْبِيِّ الْعُشْرَ، إِنْ لَمْ يُعْلَمْ مَا يَأْخُذُونَ مِنَّا، وَإِنْ عُلِمَ أُخِذَ مِثْلُهُ، إِنْ كَانَ بَعْضًا، وَلَمْ يُؤْخَذْ مِنْهُ إِنْ لَمْ يَأْخُذُوا مِنَّا. وَعُشِّرَ خَمْرُ الذِّمِيِّ، لَا خِنْزِيرُهُ وَلَا أَمَانَةٌ، وَعَشَّرَ الْحَرْبِيُّ ثَانِيًا قَبْلَ الْحَوْلِ جَائِيًا مِنْ دَارِهِ.
Йўлга ушрчи қўйилади.
Бас, у мусулмондан ўндан бирнинг тўртдан бирини, зиммийдан унинг икки баробарини олади.
Агар иккаласи бир йил ўтганини ёки қарздан фориғликни инкор қилсалар, қасам ила гаплари қабул қилинади. Ёки борлиги маълум бошқа ушрчига ёхуд фақирга берганларини даъво қилсалар ҳам, қасам ичганларидан кейин гаплари қабул қилинади.
Илло, ҳайвонларда бундан мустасно.
Ушрчи ҳарбийдан, улар биздан қанча олишлари номаълум бўлса, ўндан бирни олади.
Агар қанча олишлари билинса ва олинадиган нарса мавжуд молнинг баъзисини ташкил қилса, улар оладиган миқдор ҳажмидаги нарса олинади.
Агар улар биздан олмасалар, биз ҳам улардан олмаймиз.
Зиммийнинг хамридан ушр олинади. Тўнғизидан ва унинг қўлидаги омонатдан эмас.
Агар ҳарбий бир йил ўтмай ўз диёридан келаётиб яна ушрчининг олдидан ўтиб қолса, иккинчи марта ушр олинади.
Йўлга ушрчи қўйилади.
Одамларга закотни эслатиб туриш, бермаганлардан олиб туриш учун авваллари закотчи ёки ушрчилар иш олиб борганлар.
Бас, у мусулмондан ўндан бирнинг тўртдан бирини, зиммийдан унинг икки баробарини олади.
Бу ерда гап зироат маҳсулотларининг ушри ҳақида эмас, молларнинг закоти ҳақида кетмоқда.
Зиммий – икки тарафлама шартнома асосида мусулмонлар жамиятида ва уларнинг ҳимоясида яшаётган ғайридин киши. Ундан тижорат солиғи сифатида олинадиган улуш мусулмондан закот сифатида олинадиган ҳиссадан икки баробар кўп бўлар экан.
رَوَى الطَّبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ سِيرِينَ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي أَمْوَالِ الْمُسْلِمِينَ فِي كُلِّ أَرْبَعِينَ دِرْهَمًا دِرْهَمٌ، وَفِي أَمْوَالِ أَهْلِ الذِّمَّةِ فِي عِشْرِينَ دِرْهَمًا دِرْهَمٌ، وَفِي أَمْوَالِ مَنْ لَا ذِمَّةَ لَهُ فِي كُلِّ عَشَرَةِ دَرَاهِمَ دِرْهَمٌ.
Имом Табароний Ибн Сирийндан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар баён этилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг молида ҳар қирқ дирҳамдан бир дирҳамни ва аҳли зиммаларнинг молларида ҳар йигирма дирҳамдан бир дирҳамни ва аҳли зимма бўлмаганга ҳар ўн дирҳамда бир дирҳамни фарз қилдилар».
رَوَى مُحَمَّدُ بْنُ الْحَسَنِ فِي كِتَابِ «الْآثَارِ» عَنِ ابْنِ حُدَيْرٍ قَالَ: بَعَثَنِي عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْهُ إِلَى عَيْنِ التَّمْرِ مُصَدِّقًا، فَأَمَرَنِي أَنْ آخُذَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ مِنْ أَمْوَالِهِمْ إِذَا اخْتَلَفُوا بِهَا لِلتِّجَارَةِ رُبُعَ الْعُشْرِ، وَمِنْ أَمْوَالِ أَهْلِ الذِّمَّةِ نِصْفَ الْعُشْرِ، وَمِنْ أَمْوَالِ أَهْلِ الْحَرْبِ الْعُشْرَ.
Имом Муҳамад ибн Ҳасан «Ал-Осор» китобида Зиёд ибн Ҳудайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мени Айнит Тамрга закотчи қилиб юборди. У менга мусулмонларнинг молларидан, уни тижоратга қўйган бўлсалар, ўндан бирнинг тўртдан бирини, аҳли зимманинг молларидан ўндан бирдан ярмини ва аҳли ҳарбнинг молларидан ўндан бирни олишимни амр қилди».
Агар иккаласи бир йил ўтганини ёки қарздан фориғликни инкор қилсалар, қасам ила гаплари қабул қилинади. Ёки борлиги маълум бошқа ушрчига ёхуд фақирга берганларини даъво қилсалар ҳам, қасам ичганларидан кейин гаплари қабул қилинади.
Бир нарсани инкор қилган киши қасам ичса, унинг гапи қабул қилиниши ҳақидаги қоида шу ерда ҳам ишга тушади. Авваллари шу тарзда иш юритилган. Ҳозир эса тўлов ҳақидаги варақани ва тасдиқномани ишга солиш билан ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлади.
Илло, ҳайвонларда бундан мустасно.
Чунки шариат қоидаси бўйича, ҳайвонот бойлигидан чиқариладиган закотда ҳайвонни закот берувчининг ўзи томонидан бевосита камбағалга берилмайди.
Ушрчи ҳарбийдан, улар биздан қанча олишлари номаълум бўлса, ўндан бирни олади.
«Ҳарбий» деганда мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган бошқа юртлик ғайридин киши кўзда тутилади. Ана шундай одам ушрчига йўлиққанида, суриштирилади. Агар унинг юртида мусулмонлардан қанча ушр олиниши номаълум бўлса, ушрчи мазкур ҳарбийдан ўндан бирни олади.
Агар қанча олишлари билинса ва олинадиган нарса мавжуд молнинг баъзисини ташкил қилса, улар оладиган миқдор ҳажмидаги нарса олинади.
Агар олинадиган нарса мавжуд молнинг ҳаммасини ташкил қилса, ҳаммаси олинмайди. Мазкур одамнинг ўз уйига етиб олгунча етадиган моли ўзида қолдирилади. Агар улар ўз юртида ҳаммасини олса ҳам, бизда уларга ўхшаш зулм қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш зулм ишлардан қайтарганлар. Мисол учун, улар омонлик билан кирган мусулмонларни қатл қилсалар ҳам, мусулмонлар улардан омонлик билан кирганларини қатл қилмайдилар.
Агар улар биздан олмасалар, биз ҳам улардан олмаймиз.
Карамли ахлоққа оид тасарруфларни қилишга улардан кўра биз ҳақлимиз.
Зиммийнинг хамридан ушр олинади. Тўнғизидан ва унинг қўлидаги омонатдан эмас.
Яъни зиммий маст қилувчи ичимлик сотиб, даромад қилган бўлса, унинг қийматидан ўндан бири олинади. Чунки улар олдин сирка бўлиши эътиборидан, қиймати бор нарса ҳисобланади. Тўнғиз эса мутлақо қийматга эга эмас. Бировнинг омонатидан ҳам закот олинмайди. Чунки ушрчига йўлиққан одамнинг қўлидаги бировнинг омонати бўлган мол ўзиники эмас. Мазкур молдан ўз эгаси закот беради.
Агар ҳарбий бир йил ўтмай ўз диёридан келаётиб яна ушрчининг олдидан ўтиб қолса, иккинчи марта ушр олинади.
Чунки унинг дорулҳарбга қайтиши билан унга биринчи берилган омонлик тугайди. Иккинчи келиши билан яна янги омонлик бошланади.
«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.