Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусулмонлар ўша ер аҳли билан уруш қилиб эгаллаган, лекин тақсимланмай, ўз аҳлига қолдирилган ерлар. Ироқ, Аҳвоз, Форс, Кирмон, Исфаҳон, Рай, Миср ва Мағриб ерлари шу тарзда харож ерлари бўлган.
Ёки мусулмонлар билан ўша ерларнинг аҳли орасида сулҳ тузилган бўлади. Нажрон, Давматул Жандал, Фадак, Арманистон ва Хуросонга ўхшаш харож ерлари аҳднома орқали кишиларга берилади ва улар йилига маълум миқдорда Ислом давлатига ҳақ тўлаб турадилар.
Давлат бу маблағни аскар ва маош учун ишлатади. Яна шароитга қараб бошқа йўлларда ишлатса ҳам бўлади.
«Харож ерларидан ушр олинадими, йўқми?» деган саволга уламоларимиз икки хил жавоб берганлар.
Ҳанафий мазҳаби: «Харож ерларидан ушр олинмайди», деган ва бунга қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирган.
رَوَى أَبُو حَنِيفَةَ عَنْ حَمَّادٍ، عَنْ إِبْرَاهِيمَ، عَنْ عَلْقَمَةَ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا يُجْمَعُ عَلَى مُسْلِمٍ عُشْرٌ وَخَرَاجٌ فِي أَرْضٍ».
Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонга бир ерда ушр ва харож жам қилинмайди», дедилар».
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) ривоят қилган.
Саҳобаи киромларнинг ижмоъларига кўра, фатҳ қилинган ерлардан ҳеч қачон ҳам ушр, ҳам харож олинмаган.
Жумҳури фуқаҳолар эса: «Харож ерларидан ушр олинади», деганлар.
Уларнинг кўрсатмалари бўйича олдин харож чиқариб қўйилади. Кейин эса қолган маҳсулотдан ушр чиқарилади.
Харож икки хил бўлади.
Бунда ер эгаси билан харож олувчи тараф ердан чиқадиган маҳсулотлардан олинадиган харож ҳақида ўзаро шартнома тузадилар.
Биринчиси – муқосама харожи. Унда чиққан маҳсулнинг чораги ёки шунга ўхшаш маълум қисми тайин қилинади.
Шароитга қараб, ўзаро битим тузилади. Унда ердан чиққан маҳсулнинг тўртдан бири ёки бошқа бир қисми харожга берилишига келишилади. Унинг озининг чегараси йўқ.
Агар кофир мусулмоннинг ушрий ерини сотиб олса, харож солинади.
Харожнинг энг кўпининг чегараси маҳсулнинг ярим миқдоридир.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар аҳлига маҳсулнинг ярмини беришни харож солганлар.
Иккинчиси – муваззаф харож.
Буни «вазифа қилиб бериш» дейилади. Маълум ер майдонига маълум миқдорда харож солинади. Унинг маҳсулига қаралмайди.
Бу Умар розияллоҳу таоло анҳу Савод ерлари аҳлига солган солиққа ўхшайди. Сув етадиган ҳар бир жарийбга бир соъ буғдой ёки арпа ҳамда бир дирҳам.
Жарийб – эни ва бўйи олтмиш аршиндан бўлган ер майдони. Демак, мазкур ўлчамдаги ерга бир соъ буғдой ёки арпага қўшиб бир дирҳам пул ҳам харож солинади.
Бир жарийб сабзавот майдонига беш дирҳам. Дарахтлари бир-бирига туташган бир жарийб токзор ва хурмозорга унинг икки баробари.
Демак, ҳўл мевалардан узум ва хурмо ажратилган. Уларга алоҳида харож солинади. Бунда дарахтлар бир-бирига яқин бўлиши, уларнинг орасида ер майдонлари бўлмаслиги керак. Зотан, яккам-дуккам дарахтлари бор ер савдога қўйилганида ҳам дарахтлар ўз-ўзидан ернинг савдосига қўшилиб кетаверади. Яъни уларни боғ сифатида алоҳида савдо қилинмайди.
Ундан бошқа нарсаларда тоқатига қараб белгиланади.
Яъни олдинги матнларда номи зикр қилинмаган ердан чиқадиган маҳсулотларга харож ернинг тоқатига қараб солинади. Агар солинган харож айнан ўша ер учун кўплик қилса, у камайтирилади. Мабодо оз солинган бўлса, ўзгартирилмайди.
Агар ердан сув узилиб қолса ёки (сел ва шунга ўхшаш) сув босиб қолса ёки экинга бирор офат етса, харож йўқ.
Албатта, бу ҳолатларда ер эгаси узрли ҳисобланади. Ундан тоқатидан ташқари нарсани талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ернинг эгаси уни ишловсиз қолдирса, харож вожиб бўлади.
Бундай одамнинг айби ўзи билан бўлади. У фойда олиш мумкин бўлган ҳолда дангасалик қилди. Ўша айбининг жазосини олиши керак.
Агар ер эгаси Исломга кирса ёки ерни мусулмон одам сотиб олса, харож аввалгидек қолаверади.
رَوَى الْبَيْهَقِيُّ مِنْ حَدِيثِ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ، قَالَ: أَسْلَمَتِ امْرَأَةٌ مِنْ أَهْلِ نَهْرِ الْمَلِكِ - أَيْ كِسْرَى - فَكَتَبَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ: إِنِ اخْتَارَتْ أَرْضَهَا وَأَدَّتْ مَا عَلَى أَرْضِهَا، فَخَلُّوا بَيْنَهَا وَبَيْنَ أَرْضِهَا، وَإِلَّا فَخَلُّوا بَيْنَ الْمُسْلِمِينَ وَبَيْنَ أَرْضِيهِمْ.
Имом Байҳақий Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилади:
«Наҳрул малик – Кисро аҳлидан бўлган бир аёл мусулмон бўлди. Бас, Умар ибн Хаттоб мактуб ёзиб: «Агар ерини ихтиёр қилиб, унинг харожини адо қилса, ерини ўзига беринглар. Ундай бўлмаса, ерини мусулмонларга беринглар», деб айтди».
Бошқа бир ривоятда айтилишича: «Фарқад ас-Силмий Умар ибн Хаттобга: «Мен харож ерларидан бирини сотиб олдим», деди. Умар унга: «Сен унда унинг эгаси кабисан», деди».
Агар кофир мусулмоннинг ушрий ерини сотиб олса, харож солинади.
Чунки ушр бериш ибодатдир. Мусулмон бўлмаган одам ибодатга лойиқ эмас. Шунинг учун унга харож солинади.
«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.