Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 20 зулҳижжа | 2024 йил 26 июнь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закотни адо этмаган кимса гуноҳкор бўлади | Фиқҳ дарслари (284-дарс)

19:00 / 30 май 269 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қодир Аллоҳдан мадад сўраган ҳолимизда сўзни «закот»нинг таърифидан бошлаймиз.

«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради.

Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ.

Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, у кўпайиб, ўсади. Бунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.

Шаръий истилоҳда:

«Закот – махсус молдан шариатда тайин қилинган махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун мулк қилиб беришдир».

Энди ушбу умумий таърифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик:

«Махсус мол» – нисобга етган молдир.

«Шариатда тайин қилинган махсус жузни» деган жумланинг маъноси шуки, чиқариладиган закотнинг миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши керак. Озгина садақа бериб, «Шу закот», деб бўлмайди.

«Махсус шахс» – «закот олишга ҳақли шахс» дегани.

«Аллоҳнинг розилиги учун» деганда закотни ибодат нияти билан бериш кераклиги тушунилади.

«Мулк қилиб бериш», яъни ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунча закот адо этилган ҳисобланмайди. Мисол учун, бир кишига «Мана шу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди.

Закот Исломнинг беш рукнидан бири, шариат фарз қилган муҳим амалдир.

Закот Мадинаи мунавварада ҳижрий иккинчи санада Рамазондан олдин фарз қилинган.

Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ амаллар эканини кўрсатади.

Закот Қуръон оятлари ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила фарз бўлган. Бу оят ва ҳадисларни Аллоҳ хоҳласа, ўрни келганда ўрганамиз.

Мусулмонлар жамики асрларда ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган, яъни бир овоздан «Закот фарз», деб айтишган.

Саҳобаи киромлар закотни бермаган, уни ман қилганларга қарши иттифоқлик ила уруш қилганлар.

Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади. У уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса қилди, бўлмаса муртад сифатида ўлимга ҳукм қилинади.

Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсганлиги учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга тушунтирилади, ўргатилади, дарҳол «кофир» деб ҳукм қилинмайди.

Аввал айтиб ўтганимиздек, закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир.

Закот исломий ибодатдир, унинг фарзлигини эътироф қилиш ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир, уни адо этмаса, осий бўлади.

Закот имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закот бериш билан иқтисодий муомалани эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодатни амалга ошираётган бўлади.

Шаръий рукнлар тартибида закот иймон ва намоздан кейинги, рўзадан олдинги – учинчи рукн бўлиб келган.

Фиқҳий китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ҳақидаги ҳукмлар ибодатлар қисмида келган.

Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, унда улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам ўз аксини топгандир.

Закотда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам мужассам. Яъни закотда закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган.

Шунингдек, фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни  тўғри татбиқ қилишнинг самаралари, холос.

Закотдан асосий мақсад инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон молу дунёнинг қули эмас, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

Закот бериш орқали жамиятдаги иқтисодий жиҳатдан бақувват барча кишилар бахиллик балосидан покланадилар. Қайси бир жамиятда бахиллик бўлса, қайси бир шахсда бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Бу муаммони ҳал қилиш учун энг тўғри йўл закотдир.

Шу йўл билан жамиятдаги иқтисодий имконияти бор ҳар бир шахс жамият фойдаси учун мол-дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр турадиган бўлади.

Закот бериш Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш демакдир.

Имом Fаззолий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар эса мол неъматининг шукридир», деганлар.

Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи шахс ўзининг ихтиёридаги молу дунё Аллоҳ таоло томонидан берилган неъмат экани, у эса бу мол-дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади.

Шунинг учун у қўлидаги молу дунёни Аллоҳ таоло кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга ўтади. Бу эса ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда энг зарур омилдир.

Ҳозирги кундаги кўплаб иқтисодий муаммолар айнан ушбу омилларнинг етишмаслигидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шундай қилиб, закот мулкдор кимсанинг қалби, шахси покланиб, маънавий, руҳий томондан ўсиб боришига сабаб бўлади. Бундай шахс бировнинг ҳаққига кўз олайтирмайдиган, ўзининг молиявий бурчларини ўрнида адо этадиган, ўз ватандошлари ва жамияти учун керакли сарф-харажатни чин қалбдан, оғишмай кўтарадиган бўлади.

Бой инсон ўз шаръий бурчини, масъулиятини ҳис қилган ҳолда закотни вақтида бериб борар экан, айни пайтда ватандошларига, жамиятига, ватанига ва бутун инсониятга нисбатан меҳр-шафқати, ҳурмат-эҳтироми ва севги-муҳаббати ҳам зиёда бўлиб боради.

Закот нафақат закот берувчининг шахсини, балки унинг мол-мулкини ҳам поклайди ва унинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Ислом таълимоти бўйича, мол нисобга (закот берадиган миқдорга) етганидан кейин унинг ичида закотга ҳақдорларнинг моли пайдо бўлади. Яъни, унга бировнинг ҳақи аралашади. Ўша бировнинг ҳақи чиқариб берилмагунча мазкур мол пок бўлмайди. Ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳақини – ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, закоти чиқариб берилсагина, ўша мол пок бўлади.

 

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан, ғусл вожиб давоми...

3177 14:07 / 10.09.2020
Ҳозиргача қайси турдаги ва қайси номдаги фиқҳий китоб ҳақида сўз юритган бўлсак, уларнинг барчаси якка муаллифларнинг асари ҳисобланади. Албатта, бу ўша давоми...

3950 13:40 / 16.05.2019
Тарихутташрийъил Исламий mdash бу сарлавҳанинг таржимаси .Исломий қонунчилик тарихи, бўлади. Қадимги уламоларимиз бу мавзуда баъзи китоблари ичида қисқача сўз давоми...

1726 15:40 / 19.09.2019
. . . . . . . r . . . . . . . . . . . Муҳтазарни ўнг ёнбоши ила қиблага давоми...

1043 19:00 / 28.12.2023