Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (25-дарс). Хилоф ва ихтилофи фуқаҳо китоблари

13:30 / 20.03.2019 5087 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Хилоф» фиқҳий илмлардан бири бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти ўрганилади.

Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда назарлари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши оддий ҳолдир. Бир пайтлар бу хилофлар кенг тарқалган эди. Чунки фиқҳда тақлид қилувчилар кимга тақлид қилгиси келса, ўшанга тақлид қилаверар эди.

Кейинчалик эса тақлид тўрт мўътабар имомга бўлиши кераклиги чегара бўлиб қолди. Одамлар уларга кўп ишонганлари учун, бошқаларни қўйиб, айнан тўртовларига тақлид қилишни ихтиёр қилдилар. Машҳур ва маълум тўрт фиқҳий мазҳаб Ислом миллати учун асл бўлиб қолди. Хилоф ҳам айнан шу тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида бўлади. Ана шу мазҳабларни тутганлар ўз имомининг гапини қўллаш учун бошқалар билан мунозаралар қиладиган бўлди. Улардан ҳар бири ўз мазҳабининг чиқарган ҳукми тўғри эканини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар келтиради.

Бу мавзудаги китобларни ўрганадиган бўлсак, ҳанафийлар ва шофеъийларнинг китоблари моликийларнинг китобларига қараганда кўплигига гувоҳ бўламиз. Чунки моликийлар мағрибда – чўл юртларда тарқалишган ва бу каби ишлар билан шуғулланишмаган.

Фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги китоблар икки қисмга бўлинади.

Биринчи қисмда имомларнинг барча ихтилофларини қамраб олишга ҳаракат қилинади. Баъзиларида ихтилофчиларнинг далиллари келтирилади, баъзиларида келтирилмайди.

Биринчи қисмга оид қадимги китобларга имом Абу Ҳанифанинг «Ихтилофи саҳоба», имом Абу Юсуфнинг «Ихтилофи Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло» ва «Ар-радду ъалаа сияри Авзоъий» китоблари, имом Муҳаммаднинг «Ал-ҳужжату ъалаа аҳли Мадина» китоби, имом Таҳовийнинг «Китоби ихтилофи фуқаҳо», имом Қудурийнинг «Ат-тажрийд», имом Қаффол Шошийнинг «Ҳулятул уламо фий ихтилофи фуқаҳо», Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг «Манзуматун-Насафий» каби китоблари киради.

Иккинчи қисмда асосий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уламолар далилларни олган манбалари ҳақида сўз юритилади.

Иккинчи қисмга оид китобларга имом Даббусийнинг «Таъсийсун-назар»и, Ибн Рушднинг «Бидоятул мужтаҳид ниҳоятул муқтасид»и ва Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Ал-инсоф фий баёни сабабил ихтилоф»и каби асарлар киради.

Шунингдек, имом Ғаззолийнинг «Маъхаз»и шофеъийларнинг, Абу Бакр ибн Арабийнинг «Китобут-талхийс»и моликийларнинг, Абу Зайд Даббусийнинг «Китобут-таълийқа»си ҳанафийларнинг ва Вазир ибн Ҳубайра Ҳанбалийнинг «Ал-ишроф ъалаа мазаҳибил ашроф» ва «Ал-ифсоҳ ъалаа маъоний ас-сиҳоҳ» асарлари ҳанбалий-ларнинг «ихтилофи фуқаҳо» китобларига мисол бўлади.

Зикр қилинган шахс ва китоблардан уламоларнинг ҳижрий биринчи асрдан бошлаб илмул хилофга катта аҳамият берганлари кўриниб турибди. Ҳатто катта имомлар фатво бериш учун уламоларнинг ихтилофли қавлларини билишни шарт қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Фатво берадиган киши ўзидан олдин ўтган-ларнинг қавлини билиши лозим. Акс ҳолда фатво бермайди», деганларини Ибн Қайюм «Эъломул муваққиъийн» китобида келтирган.

Уламоларнинг турли қавллари кўплаб тафсир, ҳадис шарҳи ва фиқҳ китобларида ҳам келтирилади.

Илмлар тарихи ҳақида сўз юритган олимларнинг барчаси: «Имом Абу Зайд Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидир», дейдилар. У киши Бухоро билан Самарқанд ўртасидаги Даббуса қишлоғида туғилган. Имом Абу Зайд Даббусий ҳижрий 430-санада Бухорода олтмиш уч ёшда вафот этган. У кишининг бу соҳадаги китоблари «Таъсийсун-назар фий ихтилофил фуқаҳо», «Китобут-таълийқа» ва «Маа ихталафа биҳил фуқаҳау Абу Ҳанифата ва соҳибоҳу ва Молик ваш-Шофеъий» деб номланади.

Вақти келиб ҳар мазҳабнинг уламолари бу илм бўйича ўз китобларини ёздилар. Улар кераклича кўпайди. Биз ўз одатимизга кўра мазкур китоблардан баъзилари билан қисқача танишамиз.

1. «Руъусул масоил».

Биз бу турдаги китоблар билан яқинроқ танишишни имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъу­сул масоил» номли китоби орқали амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Ислом оламида маълум ва машҳур аллома Жоруллоҳ Замахшарийнинг турли илмларга оид кўплаб китоблари ичида фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги «Руъусул масоил» номли китоби алоҳида илмий қийматга эга асар ҳисобланади.

Китобнинг номидан («Руъусул масоил» – «Бош масалалар») ҳам унинг фақат асосий масалаларга бағишланган мухтасар китоб экани билиниб турибди. Имом Замахшарийдан олдин ҳам турли фиқҳий мазҳаблар уламолари худди шу ном ила бир неча мухтасар китоблар тасниф қилганлар. Имом Замахшарийнинг бу китоби ҳам ўша китоблардан бири ҳисобланади. Тарихчиларнинг кўплари, хусусан, Жоруллоҳ Замахшарийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган олимлар «Руъусул масоил» у кишининг муҳим китобларидан бири эканини таъкидлаганлар.

«Руъусул масоил»да ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари орасидаги энг муҳим ихтилофлар ҳақида бахс юритилган. Масалаларни келтириш тартиби эса ҳанафий фиқҳига оид китоблар тартибига биноан бўлган. Олдин ибодот, кейин муомалот, мунокаҳот, жиноёт, ҳудуд, жиҳод ва ҳоказо. Албатта, китоб мухтасар бўлгани учун, унда ҳар бир бобга оид энг муҳим масалалар олинган, холос.

Баъзи ҳолатларда бир бобда битта ёки иккита масала билан кифояланилган. Мисол учун, «Китобул ҳавола ваз-замон»да битта, «Китобул кафола»да иккита масала келтирилган.

Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»ни муқаддимасиз, «Бисмиллаҳ»дан кейин тўғридан-тўғри биринчи масаладан бошлаб кетаверган.

Муаллиф бу китобида ўзига хос услубга риоя қилган. Ҳар бир масалада олдин Абу Ҳанифанинг, кейин Шофеъийнинг гапини келтирган. Кейин эса олдин ўша масала бўйича Абу Ҳанифанинг, сўнгра Шофеъийнинг далилини келтирган. Уларни муноқаша қилмаган.

Истисно ҳолатларда масалани савол тариқасида баён этган. Баъзан Абу Ҳанифа ва Шофеъийдан бошқа – Абу Юсуф ёки Муҳаммадга ўхшаган уламоларнинг гапларини келтирган. Аввал Шофеъийнинг гапини, кейин Абу Ҳанифанинг қавлини келтирган ҳолатлар ҳам учрайди.

Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»да масалалар ва ҳадисларнинг манбаларини зикр қилмаган. Бу китобда келтирилган масалаларнинг сони тўрт юз олтитага етган.

Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъусул масоил» китоби қўлёзмасини Абдуллоҳ Назийр Аҳмад таҳқиқ қилди ва бу китоб 1987 йилда Ливандаги Дорул Башаирил Исломий нашриёти томонидан чоп этилди. Ушбу китоб фуқаҳолар хилофи бўйича муҳим манба экани бугун ҳам эътироф этилмоқда.

2. «Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид».

Бу китобнинг муаллифи моликий мазҳабининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Абул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушддир. У киши ҳижрий 520 йилда Қуртубада туғилди. У «Қози Абул Валид» номи билан ҳам машҳур, чунки у Андалусда қозилик қилган.

«Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид» Абул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушднинг энг машҳур китобларидан бўлиб, унда моликий мазҳаби билан бошқа мазҳаб фақиҳлари орасидаги ихтилофлар ҳақида баҳс юритилган.

3. Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ.

Бу китобнинг муаллифи Вазир Авнуддин Яҳё ибн Муҳаммад ибн Ҳубайра Ҳанбалийдир.

Вазир Ибн Ҳубайра номи ила машҳур бўлган бу зот ҳижрий 499 санада Дувр номли қишлоқда дунёга келди. Ёшлигидан Бағдодда дарс олди. У турли илмларни яхшилаб ўзлаштирди.

Вазир Ибн Ҳубайра камбағал одам бўлган. Султоннинг хизматчилари билан ишлаган. Турли ишларни бажарган. Халифа Муқтафий биллаҳи уни омборхона мудири этиб тайинлаган. Кейин девонга ишга ўтган. Халифа Муқтафий биллаҳи Ибн Ҳубайранинг қобилияти, омонатлилиги ва ақл-фаросатини ҳисобга олиб, ҳижрий 544 йили вазир этиб тайинлаган.

Вазир Ибн Ҳубайра вазирлик пайтида ҳам илм билан, китоб ёзиш билан машғул бўлган. У имом Бухорий ва имом Муслимнинг ҳадисдаги саҳиҳ китобларини «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ» номи ила бир неча жилдда шарҳ қилишга киришган. Иш давомида «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди» ҳадисининг шарҳига келганда, машҳур тўрт мазҳаб имомла-рининг иттифоқ ва ихтилоф қилган масалаларини зикр қилишга киришиб кетган. Одамлар мазкур шарҳдан ушбу ерини ажратиб олиб, алоҳида китоб қилганлар ва бу китоб Ислом оламида катта шуҳрат қозонган. Муаллифнинг ўзи бу ишга катта миқдорда маблағ сарфлаган ва минглаб одамлар иштирокида уюштирилган илмий мажлисларда дарс берган. Китоб амир, вазир, подшоҳ ва уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган.

Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»дан бошқа яна бир қанча китоблар ҳам ёзган. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 560 йилда вафот этган.

Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»ни ҳанбалий мазҳаби фиқҳи тартиби асосида ёзган. «Китобут-таҳорат»дан бошлаб, «Бобул мукотаб» ила тугатган.

Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»нинг «Нажосатни кетказиш боби»да қуйидагиларни ёзади:

«Нажосатни сувдан бошқа суюқлик ила кетказиш ҳақида ихтилоф қилдилар:

Абу Ҳанифа: «Ҳар бир покловчи ва нарсани кетказувчи суюқлик ила жоиздир», деган.

Молик, Шофеъий ва Аҳмад: «Сувдан бошқа ила жоиз эмас», деганлар.

Аҳмад розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда Абу Ҳанифанинг мазҳаби каби».

Худди шу бобнинг бошқа бир ерида қуйидагиларни ёзади:

«Ўлимтикнинг териси ошлаш ила покланиши ҳақида ихтилоф қилдилар.

«Абу Ҳанифа ва Шофеъий: «Покланади», дедилар. Абу Ҳанифа чўчқанинг терисини истисно қилди.

Шофеъий итнинг ва чўчқанинг терисини ҳамда улардан туғилган ёки биридан туғилган нарсани истисно қилди. «Пок бўлмайди», деди».

Мовароуннаҳр уламоларининг илмул хилофга қўшган ҳиссалари ҳақида қисқача маълумот келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар, деган умиддамиз.

(давоми бор)

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолар ижмоъни ижмоъ билан, Қуръон ва суннатни қиёс билан насх қилиб бўлмайди, деганлар. Бу борада ихтилоф йўқдир. Насх бир қанча турларга бўлинадиndash Насх бир давоми...

3760 18:07 / 28.12.2017
Ўзидан бошқанинг мусулмон эмаслиги ҳақида фатво чиқарган динда ҳаддидан ошиб ғулувга кетган тоифалар ҳукумат ишларида ишлаш ҳам ҳаром деган фикрни олға давоми...

2961 05:00 / 03.03.2017
Жаноза ўқувчига худди намоз ўқувчига қўйилган шартлар ислом, ақл, сатри аврат, таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконда нажосат бўлмаслиги, қиблага юзланиш ва ният давоми...

1638 19:00 / 29 февраль
Билинг Дарҳақиқат, амримаъруф ва наҳиймункарнинг тўрт аркони борБиринчи рукн. Инкор этувчи шахс мукаллаф, мусулмон ва қодир бўлиши. Бу инкор этишнинг вожиб давоми...

3346 05:00 / 03.03.2017