Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 15 шаввол | 2025 йил 13 апрель, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қарздорлар икки турга бўлинади | Фиқҳ дарслари (320-дарс)

19:00 / 06 март 998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мукотабга бўйнини озод қилиши учун ёрдам берилади.

Мукотаб – хожаси билан шартнома тузиб, маълум миқдор пулни топиб берса, озод бўлишига келишиб олган қул. Ўша мукотабга хожаси билан келишган пулни топишда закотга тушган молдан ёрдам берилади. Фақат мукотаб закот берувчиники ёки Бану Ҳошим қабиласига мансуб кишининг мулки бўлмаслиги лозим.

Оддий қул – бировга мулк бўлиб юрган одам. Уни эгасидан сотиб олиб, озод қилинади. Дунёда қулчилик қолмаганидан кейин уламоларимиз: «Закотнинг бу улушини асир мусулмонларни озод қилишга сарфлаш керак», деганлар.

Қарзидан ортиб қолган моли нисобга етмайдиган қарздорга берилади.

Қарздор – бошқа бир одамдан турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одам. Турли офатлар туфайли ночор ҳолатларга тушиб қолганлар ҳам шу синфга қўшилади.

Қарздорлар икки турга бўлинадилар:

Ўзи учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар ва ўзгалар учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар.

Ўзи учун сарфлаб қарз бўлганларга закотдан бериш шартлари:

1. Қарзини ўзи тўлай олмайдиган ҳолатда бўлиши керак.

2. Қарзни ҳалол ва мубоҳ ишга ишлатиш учун олган бўлиши керак.

Яъни шариат рухсат берган тоат ишларга ишлатиш учун қарз олиб, тўлай олмай қолган бўлиши керак.

Агар қарзни ароқхўрлик, зино, қимор, айшу ишрат ва бошқа ношаръий ишларга ишлатиш учун олган бўлса, унга закотдан берилмайди. Мубоҳ лаззат ишларга сарфлаш учун қарз олган бўлса ҳам берилмайди.

3. Қарзни ҳозир тўлаши керак бўлиши.

Агар қарзни тўлаш муддати кейин бўлса, берилмайди. Баъзи уламолар: «Шу йил ичида бериши керак бўлса, олишга ҳақли», деганлар. Бу ҳолда қарз ва закот пули миқдорига қараб, ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб ҳал қилинса яхши бўлади.

4. Қарзни тўламаса, қамалиш ҳукми бор қарз бўлиши керак.

Яъни одамларнинг ҳаққига оид қарз бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид қарзлар – закот, каффоратлардан бўлган қарз бўлса, закотдан берилмайди.

Ўз фойдасига қарз олиб, тўлай олмаган одамга қарзини узишга закотдан етарли мол берилади.

Ўзганинг фойдасини кўзлаб қарздор бўлиб қолган одамга закотдан бериш шартлари:

Икки урушган томонни яраштириш учун уларнинг жанжалига сабаб бўлиб турган молни тўлаб қўйишни ўз зиммасига олган, мусулмонлар оммасига фойдали бўлган мадраса қуриш, шифохона, етимхона ва бошқа жойлар фойдаси учун қарз олиб, бера олмай қолган одамга ҳам қарзини узиш учун закотдан берилади.

«Ўлган одамнинг қарзини закотдан узиб қўйса бўладими?» деган саволга шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафий мазҳаблари: «Бўлмайди», деб жавоб беришган.

Замондош уламоларимиз: «Муҳтож кишиларга закотдан қарзи ҳасана бериб турса бўлади», деб фатво чиқарганлар.

Бировга қарз берган одам қарзни закот ҳисобидан кечиб юбориши мумкин эмас. Чунки у ҳолда мулк қилиб бериш содир бўлмайди. Ҳийла қилмасдан, олдин келишиб олмасдан, аввал закотни бериб, сўнгра «Қарзингни бер», дейиши мумкин.

Аллоҳнинг йўлида, яъни Абу Юсуфнинг наздида ғозийларнинг фақирларига ва Муҳаммаднинг наздида ҳожиларнинг фақирларига берилади.

Қадимда ғозийлар ўз пулларидан сарф қилганлар. Аммо ўша ишга ўз закотининг пулидан сарфлаш мумкин бўлмаган. Бой ёки ойлик олиб турадиган ғозийга закот бериш мумкин бўлмаган. Юқоридаги матнда келган маънога биноан, камбағал ғозийга закот бериш жоиз бўлган.

Шунингдек, камбағал ҳожига ҳам закотдан бериш мумкин. Камбағал умрачига ҳам закотдан бериш жоиз.

Ва ибн сабийлга, яъни моли бор-у, ўзи билан бўлмаган (мусофир) шахсга берилади.

«Ибн» сўзи арабчада «ўғил» маъносини, «сабийл» эса «йўл» маъносини англатади. «Ибн сабийл» «йўл ўғли» деган маънони билдиради.

Юртидан ташқарига чиқиб, ўз юртидан алоқаси узилиб қолган киши «ибн сабийл» бўлади. Агар ибн сабийл ўз юртида бой бўлса ҳам, лекин мусофирликда қийин аҳволга тушиб қолган бўлса, унга закотдан улуш берилади. Аммо шунга эътибор бериш лозимки, сафари давомида ватанига ета олмай, йўли кесилиб қолган ҳар бир одамга ҳам закотдан берилавермайди.

Бу ҳолатда қуйидаги шартлар мавжуд бўлишига аҳамият берилади:

1. Ўзи турган жойидан ватанига етиб олиши учун етарли маблағи бўлмаслиги. Агар ватанига етиб олгудек маблағи бўлса, унга закот пулидан бериб бўлмайди, чунки унга берилиши лозим бўлган ёрдамдан мақсад уни юртига етказиб қўйишдир.

2. Сафари маъсият сафари бўлмаслиги керак. Одам ўлдириш, ўғрилик, ҳаром тижорат, мусулмонларга зарар етказадиган ишлар учун сафарга чиққан одам ибн сабийл бўлиб қолса, унга ҳеч нарса берилмайди. Чунки бериладиган нарса ёрдамдир. Ислом эса ҳаром, гуноҳ ишларга ёрдам беришни ҳаром қилган.

3. Ўз юртида мол-мулки бор ибн сабийлга қарз олиш имконини топа олмаслик ҳам шарт қилиб қўйилган. Яъни ундай одам олдин уйига етиб олиши учун қарз олишга уриниши керак. Қарз олишнинг йўлини топа олмагандагина, закотчиларга мурожаат қилиши мумкин. Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган ибн сабийлга қасд қилган жойига етиб олгунича етарли таом ва кийимдан ҳамда уловдан ёрдам берилади. Унинг ватанига етиб олиши учун зарур бўлган харажатларга закотдан пул ажратилади.

Бугунги кунимизда ибн сабийлларнинг тури анчагина бор. Сафарга чиқиб, ватанида мол-мулки бўлса ҳам, ноқулай ҳолга тушиб қолганлар тез-тез учраб турадилар. Қочоқлар ва муҳожирлар ҳамма ерда мавжуд. Ўз юртида мол-мулки бўла туриб, уруш туфайли, золимларнинг зулми туфайли ибн сабийлга айланганлар мусулмонлар ичида жуда ҳам кўп. Шунингдек, уй-жойсиз, кўчада қолганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу тоифаларнинг ҳаммаларига закотнинг ибн сабийл улушидан сарфлаш жоиздир.

«Мухтасари Виқоя»да Қуръони Каримда зикр қилинган тоифалардан бири ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Чунки китоб ёзилаётган пайтда «Бу тоифа ҳозирги кунда йўқ» деган хулоса ўрнашиб бўлган. Аммо биз бу тоифани ҳам зикр қилиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди деб билдик ва эътиборингизга уни ҳавола қиламиз.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳисоб, сўзи луғатда .санаш, маъносини англатади.Уламолар истилоҳида ҳисоб деб мажҳул ададларни чиқаришга олиб борадиган илмга айтилади. Худди шу илм меросда ҳам давоми...

1902 11:02 / 06.04.2020
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр пиёда юриб Бани Саламага мени кўргани келиб, ўзимни билмай ётганимда давоми...

2744 13:49 / 19.02.2019
Намоздан .салом, лафзи ила чиқиш вожибдир. Бунинг далиллари қуйидагича . ,. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

4392 18:31 / 17.03.2022
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида олтмишоятдан юзтагача қироат қилар эдилар,. Икки шайх ва давоми...

3051 19:00 / 16.06.2022