Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳозиргача қайси турдаги ва қайси номдаги фиқҳий китоб ҳақида сўз юритган бўлсак, уларнинг барчаси якка муаллифларнинг асари ҳисобланади. Албатта, бу ўша вақтларнинг шароитидан келиб чиққан омил бўлган. Шунинг учун ҳам китоблар фақат якка шахслар томонидан ёзилган.
Аммо давр ўтиши билан, ҳолат ўзгариши туфайли, жамоавий муаллифлар томонидан фиқҳий асарлар битиш заруратини ҳам англаш бошланди.
Бу турдаги фиқҳий китобларга ҳанафийлар асос солганликларини айтиб ўтишимиз лозим бўлади. Ушбу тарихий ишга ватандошларимиздан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодлари сабабчи бўлгани учун, у ҳақда бироз тўхталиб ўтсак, фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.
1. «Ал-фатавий ал-Оламгирия».
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг набираларидан бўлган Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир Ҳиндистонга подшоҳ бўлганда Ислом дини учун ниҳоятда жонкуярлик қилган. У имом Роббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсумга қўл бериб, аҳли сулуклардан бўлган ва мусулмончилик учун фойдали бўлган жуда кўп ишларни қилган.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир барча юртларда шариат қонунларига амал қилиш йўлида қозиларга енгиллик яратиш учун фиқҳий масалаларни тартибга солиш ва уларни янгича услубда ёзиб чиқишга амр қилди.
У бу ишни амалга ошириш учун ўша вақтнинг кўзга кўринган уламоларидан бир гуруҳ тузди. Мазкур уламолар осон ва равшан иборалар ила фиқҳий масалаларни янгича тартибга солишлари керак эди. Масалаларни олишда зоҳирур-ривояга суяниш, зарурат бўлмаса, «наводир»га қарамасликка келишилди. Шунингдек, масаланинг қайси китобдан олингани ҳақида маълумот келтириладиган бўлди.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир бу уламолар гуруҳига шайх Низомуддин Бурҳонпурийни раис этиб тайин қилди. У киши ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган алломаларидан йигирма кишини танлаб олди. Машаққатли уринишлардан кейин катта олти жилдли ажойиб илмий асар дунёга келди.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир бу иш учун икки юз минг рупия сарфлади. Бу ўша вақт ҳисоби бўйича жуда катта маблағ эди.
Бу улкан илмий асарнинг икки исми бор. Уни Ҳиндистон ва унга яқин минтақаларда «Ал-фатавий ал-Оламгирия» деб атайдилар. Бунда, албатта, Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгирга бўлган эҳтиром ва тақдир ўз аксини топган. Бу улкан фиқҳий асарни Миср, Шом ва Туркияда «Ал-фатавий ал-Ҳиндия» деб атайдилар.
«Ал-фатавий ал-Оламгирия»нинг муқаддимасида ёзилишича, китобнинг тартиби Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»си тартибига мос қилинган. Бошқа китоблардаги такрор ва зиёдалар тарк қилинган. Далил ва ҳужжат келтиришга ўтилмаган. Фақат изоҳга ҳожат тушгандагина далил зикр қилинган. Асосан зоҳирур-ривоя билан кифояланилган. Қайси китобдан иқтибос олингани ёзиб борилган. Уларнинг иборалари ўз ҳолида қолишига эътибор берилган. Фақат зарурат юзасидангина жузъий ўзгартириш киритилган. Омонат юзасидан, ўзгартирилмаган жумлаларга «казо», ўзгартирилганларга «ҳоказо» ила ишора қилинган.
«Ал-фатавий ал-Оламгирия» ҳанафий фиқҳидаги энг мўътабар китоблардан бўлиб, ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари ҳам ўз асарларининг муқаддимасида бу улуғ асарга ўзларидан аввал ўтган жамоавий муаллифлар меҳнати сифатида катта баҳо берганлар.
2. «Мажаллатул аҳкомил адлийя».
Ўтмишда ҳанафий уламолар жамоавий равишда ёзган асарлардан яна бири «Мажаллатул аҳкомил адлийя»дир.
Усмонийлар давлати ҳанафий мазҳаби асосида фуқаролик қонунини яратиш мақсадида ўша вақтнинг пешқадам уламоларидан бир илмий гуруҳ ташкил қилди. Бундан маҳкамалар орасидаги ихтилофларга барҳам бериш ҳам кўзда тутилган эди.
Мазкур уламолар гуруҳига адлия вазири Аҳмад Жавдат поша раислик қилди. Кейин «Мажаллатул аҳкомил адлийя» мажалласи тузилди.
Бу асарда асосан ўша вақтдаги давлатнинг «Тижорат қонуни» деб аталган фуқаролик кодексини тўлдириш ва шаръий томонга йўллаш кўзда тутилган. Бу ҳақда ўша вақтдаги «Содрул аъзам» – бош вазир Олий Пошага «Мажалла»нинг муаллифлари томонидан ҳижрий 1286 йили муҳаррам ойининг биринчи кунида тақдим қилинган ҳисоботда ҳам айтиб ўтилган.
Мазкур ҳисоботда бу асарни ёзиш учун атоқли уламолардан алоҳида илмий гуруҳ тузилгани ва уларга ҳаётда пайдо бўлган ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда муомалалар фиқҳи бўйича осон ва асосли китоб ёзиш топширилгани ҳам айтиб ўтилган.
Ҳисобот муаллифлари ўз илмий ишларини атрофлича сифатлаганлар ва мисоллар билан фикрларини тасдиқлаганлар.
Мазкур ҳисоботга қуйидаги шахслар имзо чекканлар:
Аҳмад Жавдат поша.
Аҳкомул Адлийя девони нозири.
Саййид Халил.
Вақфи Ҳумоюний муфаттиши.
Сайфуддин.
Давлат шўроси аъзоси.
Аҳмад Ховсий.
Аҳкомул Адлийя девони аъзоси.
Аҳмад Ҳилмий.
Аҳкомул Адлийя девони аъзоси.
Муҳаммад Амин Жундий.
Давлат шўроси аъзоси.
Алоуддин ибн Ибн Обидин.
Жамият аъзоси.
«Мажаллатул аҳкомил адлийя»нинг муқаддимаси иккита мақоладан иборат.
Биринчи мақола: «Фиқҳ илмининг таърифи ва унинг тақсими». Худди шу сарлавҳа «биринчи модда» деб ҳам номланган. Чунки «Мажаллатул аҳкомил адлийя» қонун сифатида ёзилган ва унда келадиган мавзуларнинг ҳар бири модда сифатида белгиланган.
Иккинчи мақола: «Фиқҳий қоидалар».
Унда машҳур ҳанафий олим Ибн Нужаймнинг фиқҳий қоидалари шарҳ қилинган. Ҳар бир қоида бир модда деб эътибор қилинган. Ҳаммаси бўлиб тўқсон тўққизта қоида шарҳи шунча модда дея тақдим қилинган.
Кейин китоблар бошланади. Ҳар бир китобнинг аввалида ўша мавзуга боғлиқ фиқҳий истилоҳлар тақдим қилинган. Китоблар бобларга, боблар фаслларга тақсимланган.
«Мажаллатул Аҳкомил Адлийя» ўн олти китобдан иборат:
1) Савдолар;
2) Ижара;
3) Кафолат;
4) Ҳавола;
5) Гаров;
6) Омонатлар;
7) Ҳиба;
8) Ғасб ва талафот етказиш;
9) Ҳажр, мажбурлаш ва шуфъа;
10) Ширкатлар турлари;
11) Ваколат;
12) Сулҳ ва ибро;
13) Иқрор;
14) Даъво;
15) Далил келтириш ва қасам ичириш;
16) Қозилик.
Кейинчалик илмий доираларда қисқача «Мажалла» номини олган бу асар турк тилида ёзилган. Юқорида зикр қилинган ҳисоботнинг муаллифлари уни араб тилига таржима қилиш режаси борлигини айтиб ўтишган.
«Мажалла»ни араб тилида шарҳ қилган Салим Рустам Боз Лубнаний мазкур шарҳнинг учинчи нашрига ёзган муқаддимасида аввал турк тилини яхши билмагани учун бировнинг таржимасига шарҳ ёзганини, туркчани яхши ўрганиб олгандан кейин таржимоннинг хатоларини топиб, тузатганини баён қилади.
Салим Рустам Боз Лубнаний ўзининг «Мажаллатул Аҳкомил Адлийя»га ёзган шарҳини қисқача қилиб «Шарҳул Мажалла» деб номлаган ва жуда ҳам нафис ва фойдали иш қилган. Бу таржима илмий доираларда кенг тарқалган ва барчанинг таҳсинига сазовор бўлган.
“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан