Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (41-дарс). Янги фатво китоблари

17:00 / 14.07.2019 5060 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон халқларнинг доимий равишда фатвога эҳтиёжлари тушиб туради. Халқ оммасини уламолар билан боғлаб турадиган кучли омиллардан бири ҳам фатводир. Замонамизда фатво иши яна ҳам ривожланди. Ҳар бир жамиятдаги фатво идоралари тараққий этди. Муфтийлар тайёрлаш ишлари юқори савияда йўлга қўйилди. Бу ишда янги техник имкониятлардан ҳам кенг тарзда фойдаланилди. Аввалги даврдагидек, фақат оғзаки ёки ёзма фатволар билан чегараланиб қолмай, радио, телевизор, телефон, телефакс, фазовий телеканаллар ва интернет ҳам ишга солинди.

Мазкур воситалар орқали кишиларнинг саволларига жавоб беришда эски тушунчадаги ва тор доирадаги «фатво» маъноси кенгайди. Энди фақат шаръий ҳукмлар эмас, балки одамларнинг турли мавзулардаги саволларига ҳам жавоб бериладиган бўлди.

Биз нашр этилган ва ўзимизга таниш китоблардан баъзилари ҳақида қисқача сўз юритиш билан кифояланамиз.

1. «Мажмуъату ал-Фатавий аш-Шаръийя».

Кувайт давлатининг Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги қошидаги фатво ва шаръий тадқиқотлар идораси томонидан чиқарилаётган жамоавий муаллифлар асари юқоридаги ном билан аталади.

Бу асарнинг биринчи жузи 1996 йилда нашр этилди. Унинг муқаддимасида Кувайтдаги фатво ва муфтийлар тарихи батафсил берилган.

Шу билан бирга, фатво ҳайъатининг мустақил экани алоҳида таъкидланган. Фатво мустақил бўлиши лозимлигига учта ояти карима ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир илмдан сўралса-ю, ўша киши уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади», деган ҳадислари далил қилиб келтирилган. Чунки фатво ҳайъати диний шаръий ҳайъатдир, у бировнинг султонига, йўллашига ва рағбатига бўйсунмаслиги керак. Бу ҳақда махсус қарорлар ҳам қабул қилинган, уларга амал ҳам қилинади.

Шахсий суҳбатлардан бирида Вақф ва Исломий Ишлар вазирининг биринчи ноиби қуйидагиларни айтиб берди. Вазирликлардан бири мазкур фатво ҳайъатидан бир ишда фатво сўраган. Иш ўта аҳамиятли бўлганидан, ҳайъат мажлисига вазирнинг ўзи ҳозир бўлган. У саволни берганидан кейин ўз тушунчасини ҳам айтиб бермоқчи бўлган. Шунда ҳайъат аъзоларидан доктор Муҳаммад Абдулғаффор Шариф уни тўхтатган ва бошқа гап айтишга ҳаққи йўқлигини баён қилиб, мажлисдан чиқишни талаб қилган.

Мазкур фатво ҳайъати жамоавий равишда ҳаракат қилади. Унинг аъзолари ичида тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабнинг аъзолари бор. Улар таассубдан йироқ бўлган ҳолда ва биродарлик асосида иш олиб борадилар. Ҳар бир аъзо ўз фикрини айтади. Шунинг учун муноқашалар чўзилиб кетиши одат бўлган. Қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Кўпчиликка қўшилмаганларнинг фикрлари ҳам қайдномага ёзилади.

Мазкур фатво ҳайъати масалаларни ҳал қилишда ўртача йўл тутади. Ўта енгил ёки ўта оғир тарафни олмайди. Тўрт мазҳаб доирасидан чиқиш ҳолатлари нодир.

Фатво чиқарилишидан олдин фатво сўровчининг ўзи мажлисга чақирилиши одатга айланган. Агар талоқ масаласи бўлса, эр ҳам, хотин ҳам чақирилади. Баъзи бир мутахассисларни чақириб туриш одати ҳам бор.

Фатво ҳайъати қозиликка оид ишларга аралашмайди. Ўзига хилоф қилганларга раддия бермайди. Чиқарилган фатволарнинг далилини келтирмайди. Хусусан, эски масалалар бўлса.

«Мажмуъату ал-фатавий аш-шаръийя»нинг биринчи жузи аввалида фатво, муфтий ва фатво бериш одоблари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Ҳозиргача «Мажмуъату ал-фатавий аш-шаръийя»нинг ўн жузи нашр этилди. Нашрга тайёрлаб қўйилган жузлари ҳам кўп.

Тасаввур ҳосил бўлиши учун «Мажмуъату ал-фатавий аш-шаръийя»нинг ўнинчи жузидаги китоб ва бобларни келтирамиз.

Ақоид китоби:

– Ислом ва ридда боби;

– Фирқалар ва миллатлар боби;

– Қуръон ва тафсир боби;

– Зикрлар ва тасбеҳ боби;

– Туморлар ва сеҳр боби;

– Тавҳид ва нубувват боби.

Ибодатлар китоби:

– Таҳорат боби;

– Намоз боби;

– Жума боби;

– Намозни қаср ва жам қилиш боби;

– Закот боби;

– Рўза боби;

– Ҳаж боби;

– Масжидлар боби;

– Қурбонлик боби;

– Мақбара ва жаноза боби.

Муомалалар китоби:

– Савдолар боби;

– Суғурта боби;

– Ижара боби;

– Банклар ва рибо боби;

– Тадбиркорлик боби;

– Иш ва ишчилар боби;

– Вақф боби;

– Мусобақалар ва гаровлар боби;

– Даллоллик боби;

– Ўзаро ёрдам жамғармалари боби;

– Ҳадя ва ҳибалар боби;

– Қарз боби;

– Ширкатлар боби;

– Ўзаро ёрдам жамиятлари боби;

– Хулуъ боби;

– Етимлар боби.

Шахсий ҳолатлар китоби:

– Уйланиш боби;

– Нафақа боби;

– Эмизиш боби;

– Талоқ боби;

– Зиҳор боби;

– Мерос ва тарика боби;

– Васиятлар боби;

– Сулҳлар боби;

– Идда боби.

Жиноятлар китоби:

– Диялар боби;

– Уқубат боби;

Тақиқ ва рухсатлар китоби:

– Клублар боби;

– Йиғинлар ва театр боби;

– Қўшиқ ва мусиқа боби;

– Сўйишлар боби;

– Таомлар боби;

– Насиҳат боби;

– Соф табиат хислатлари боби;

– Расм ва сурат боби;

– Кийим боби;

– Ўйинлар ва қимор боби;

– Сафар боби;

– Ҳайвонга меҳр боби;

– Бидъат боби.

Аёлларга оид ҳукмлар:

– Китобат ва адаб боби;

– Зийнат боби;

– Таълим боби.

Шаръий сиёсат китоби:

– Фатво ва қозилик боби;

– Сулҳ боби;

– Янги қонунлар боби;

– Сайловлар боби;

– Ижтимоий алоқалар боби.

Тиб китоби:

– Даволаниш боби;

– Беморлик боби;

– Ҳомиладорлик ва ҳомилани тушириш боби;

– Аъзоларни кўчириш боби;

– Авратлар боби.

2. «Мажаллатул буҳусил Исламийя».

Бу мажалла йилига тўрт сонда Саудия Арабистони «Ҳайъати киборил уламо» – Катта уламолар ҳайъати бош котибияти томонидан нашр этилади ва китоб шаклига ҳам келтирилади. Унинг биринчи сони ҳижрий 1395 йили ражаб, шаъбон ва Рамазон ойлари учун чиқарилган.

«Мажаллатул буҳусил Исламийя»да турли мавзулардаги мақолалар билан бирга «Ҳайъати киборил уламо» томонидан чиқарилган фатволар ҳам эълон қилинади.

3. «Фатовий Азҳар».

Бу номдаги китобда Мисрнинг фатво идорасидан чиқарилган фатволардан танланган намуналар жамланган. Бу мажмуани чоп этиш Миср Вақфлар вазири ва Исломий ишлар бўйича олий мажлис раиси доктор Закария Баррийнинг 1980 йилдаги фармонига биноан, Исломий ишлар бўйича олий мажлис томонидан амалга оширилган.

«Фатовий Азҳар»га муқаддимани ўша пайтдаги Миср муфтийси шайх Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақ ёзган.

Шунингдек, фатво ва муфтий ҳақидаги таъриф ва шартларни ўз ичига олган катта мақолани ҳам шайх Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақ ёзган.

«Фатовий Азҳар»да ҳижрий 1313 сана, 7 жумадул аввал – милодий 1895 сана, 21 ноябрдан бошлаб чиқарилган фатволардан сараланганлари нашр қилинган. Ҳар бир фатвони тақдим қилишдан олдин уни чиқарган муфтийнинг исми шарифи ҳам келтирилган. Уларнинг ичида Муҳаммад Абдуҳ, Бакрий Содафий, Абдулмажид Салим, Муҳаммад Хотир, Муҳаммад Бахийт, Абдурраҳмон Қароъа, Ҳасанайни Муҳаммад Махлуф, Ҳасан Маъмун, Аҳмад Ҳаридий, Абдуллатиф Ҳамза, Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақ каби муфтийларнинг фатволари берилган. Ҳар бир фатвонинг берилган тарихи – ҳижрий ва милодий йили ва ойи ҳам зикр қилинган. Аввал фатвонинг маъноси қисқача берилиб, кейин савол ва жавоб тўлиқ зикр этилган. Фатволар тўрт мўътабар мазҳабда бўлиб, кези келганда, манба ҳисобланган китоб ва уни ёзган олимнинг номи ҳам зикр қилинган.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Хилоф, фиқҳий илмлардан бири бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти давоми...

5089 13:30 / 20.03.2019
. Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир. Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёхуд олтитадан давоми...

2384 19:00 / 25.05.2023
иккинчи мақолаБобо, агар катта боболари, яъни бобонинг отаси бўлса ҳамМерос илмида .бобо, деганда отанинг отаси кўзда тутилади. У .саҳиҳ бобо, ёки .собит бобо, деб давоми...

1636 11:05 / 27.01.2020
Фатволар ва воқеъалар деб аталган фиқҳий китобларида кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол давоми...

8933 05:00 / 18.01.2017