Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (120-дарс). Махси ва тахтакачга масҳ тортиш ва синдирувчилари

13:00 / 21.01.2021 3219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(бешинчи мақола) 

عَنْ صَفْوَانَ بْنِ عَسَّالٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْمُرُنَا إِذَا كُنَّا مُسَافِرِينَ أَنْ نَمْسَحَ عَلَى خِفَافِنَا وَلَا نَنْزِعَهاَ ثَلَاثةَ أَيَّامٍ مِنْ غَائِطٍ وَبَوْلٍ وَنَوْمٍ إِلَّا مِنْ جَنَابَةٍ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган вақтимизда қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқудан махсиларимизни ечмасдан, уч кунгача масҳ тортишни амр қилар эдилар. Фақат жанобатдан (ечишга амр қилганлар)».

Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда мусофирнинг масҳи муддатидан ташқари, махсига масҳ тортиш бўйича яна муҳим бир масала баён этилмоқда. У ҳам бўлса, масҳ тортиш таҳоратни кетказадиган нарсалардан кейин жоизлиги, ғусл вожиб қиладиган нарсалардан кейин эса масҳнинг кучи қолмаслигидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқу сабабли таҳоратлари синиб, янги таҳорат қилганларида сафар чоғида уч кунгача махсига масҳ тортиб юришни амр қилганлар.

Аммо жунуб бўлиб, ғусл вожиб бўлиб қолганда эса махсини ечишни амр қилганлар.

Масҳнинг муддатини ҳисоблаш махсини кийгандан эмас, уни кийгандан кейин биринчи марта таҳорати кетган вақтдан бошланади.

Унинг синдирувчиси: 1. Таҳоратни синдирувчи нарсалар; 2. Муддатнинг чиқиши; 3. Товоннинг кўпи қўнжига чиқишидир.

Махсига тортилган масҳнинг синдирувчиси қуйидагилар:

1. Масҳ тортиб юрилганда таҳорат синиши билан масҳ ҳам синади.

2. Муқим масҳ тортганидан кейин биринчи таҳорати синган вақтдан бир кечаю бир кундуз ўтиши билан масҳи ўз-ўзидан синади. Ўша пайтда таҳорати бор бўлса ҳам, масҳи синади. Шунингдек, мусофирнинг масҳига уч кечаю уч кундуз тўлганда унинг ҳам масҳи синади. 

3. Махсига масҳ тортиб юрган одамнинг товонининг кўп қисми махсининг қўнжи томонга чиқиб кетса ҳам унинг масҳи синади.

Икки(нчи ва учинчи) нарсадан кейин фақат икки оёқни ювиш вожиб бўлади.

Яъни, муддати ўтганда ёки товони қўнжидан чиқиб кетганда таҳорати бўлса, махсини ечиб, оёғини ювиб олса кифоя қилади. Аввалги масҳ тортиб қилган таҳорати мукаммал бўлиб қолаверади.

Масҳнинг бизнинг матнда зикр қилинмаган синиш ҳолатлари ҳам бор:

1. Жунуб бўлганда.

Махсига масҳ тортиб юрган одам жунуб бўлиб қолса, масҳи синади. У махсисини ечиб, тўлиқ ғусл қилиши лозим бўлади.

2. Бир пой ёки икки пой махсини ечганда.

Масҳ билан юрган одам оёқ кийимини ечган пайтда таҳоратли бўлса, оёғини ювиб олиши керак. Акс ҳолда таҳорати синади.

3. Махсида учта бармоқ чиқиб қоладиган даражада йиртиқ пайдо бўлса ҳам масҳ синади.

4. Бир оёқнинг кўп қисмига сув тегса ҳам масҳ синади. 

Масҳни пойабзалдан оёқнинг кичкина бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдордаги йиртиқ ман қилади. Бир пой махсидаги йиртиқлар жамланади, икки пойиники эмас.

Бир пой махсидаги йиртиқларни жамлаганда оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдорида йиртиғи бор махсига масҳ тортиб бўлмайди.

Бир кеча-кундуздан аввал муқим сафар қилганда ёки аксинча (мусофир муқим) бўлганда, охиргиси эътиборга олинади.

Бир одам муқим ҳолида махсисига масҳ тортди. Ке­йин сафарга чиқиб қолди. Бунда сафар ҳоли эътиборга олинади ва масҳи уч кечаю уч кундузгача синмайди.

Биров сафарга чиқди. Сафарига бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб, муқим бўлиб қолди. Бу ҳолда бир кечаю бир кундуздан кейин масҳ синади. Сафардалигида бир кеча-кундуздан ўтган бўлса, муқим бўлиши билан масҳ синади.

Бу икки ҳолатдан кейин ечилади.

Муқим мусофир бўлганда ва мусофир бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб муқим бўлганда, муддат тугал бўлиши билан махсини ечиб, агар таҳоратли бўлса, оёқ ювилади.

(Тамом)

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунда дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига давоми...

4424 14:37 / 27.02.2020
Мерос илмида .авл, тушунчаси ўзига хос аҳамиятга эга..Авл, сўзи луғатда .ҳаддан ошиш, маъносини англатади.Мерос илми истилоҳида .авл, сўзи мерос тақсимланганда ҳақ давоми...

1675 10:30 / 27.04.2020
Бу йўналишдаги китобларда ҳар бир мўминмусулмон риоя қилиши лозим бўлган шаръий одоблар ҳақида атрофлича сўз юритилади.1. .Барийқаи Маҳмудийя фий шарҳи торийқаи давоми...

4916 21:10 / 08.05.2019
Намозхон таҳорати кетганини гумон қилсаю, масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетса, кейин таҳорати кетмагани аён бўлса ҳам, намози бузилиши давоми...

3107 00:00 / 18.11.2022