Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (55-дарс). Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми

17:25 / 17.10.2019 5050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу Академия Ислом Конференцияси Ташкилоти – Ислом Давлатлари Уюшмаси қошидаги муассасадир. Унинг тўлиқ номи «Ислом Конференцияси Ташкилоти ҳузуридаги халқаро Ислом Фиқҳи Академияси»дир. Қароргоҳи – Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳри.

Ушбу Академиянинг ташкил этилишидан мақсад замонавий ҳаёт муаммоларини ўрганиш, улар ҳақида фаол ва асл ижтиҳод қилиб, исломий илмий меросга асосланган ва исломий фикр тараққиётидан келиб чиққан ечимларни тақдим қилишдир. Шунингдек, фиқҳий усулий меросни ва хилоф китобларини янгилаш, тадқиқотчи фақиҳлар ва шариат уламолари учун манбалар тақдим қилишдир.

Жиддадаги Ислом Фиқҳи Академияси Ислом давлатлари раҳбарларининг учинчи олий кенгашида, Макка шаҳрида, ҳижрий 1401 – милодий 1981 йилда ташкил этилган.

Халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг таъсис қурултойи Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1403 сана 26–28 шаъбон – милодий 1983 сана 7–9-июнь кунлари бўлиб ўтган.

Халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг биринчи мажлиси ҳижрий 1405 сана 26–29 сафар – милодий 1984 сана 19–22 ноябрь кунлари бўлиб ўтган. Унда халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг низомномаси ва режалари ишлаб чиқилди. Ташкилий масалалар кўрилди. Котибият кенгаши ва режалаштириш, илмий тадқиқотлар ҳамда фатво шўъбалари тузилди.

Халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг йиллик мажлислари қатор Ислом давлатларида бўлиб ўтмоқда. Уларда кунимизнинг муҳим масалаларига оид муаммолар атрофлича ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Тасаввур ҳосил бўлиши учун халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг милодий 2007 йилда қабул қилган қарорларидан бирида қуйидагилар келтирилган.

Ислом конференцияси ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академияси қарори

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академияси Малайзиянинг Бутражая шаҳрида ҳижрий 1428 йили жумадул охир ойининг 24-дан 29-гача, яъни милодий 2007 йил 9 июлдан 14 июлгача бўлиб ўтган мажлисида қуйидаги мавзуни муолажа қилди:

Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми

Бу мавзу бўйича тақдим қилинган илмий ишлар муноқаша қилиниб, у ҳақда бўлиб ўтган тортишувларни эшитиб, Ислом Конференцияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академияси қуйидагича қарор қилади:

Биринчи: Косметик жарроҳликнинг таърифи:

Косметик жарроҳлик инсоннинг зоҳирий жисмидаги бўлакларидан бирини ўзгартириш орқали унга чирой киритиш ёки шикаст етганлиги сабабли бузилган вазифасини қайта изга тушириш учун хизмат қиладиган жарроҳликдир.

Иккинчи: Косметик жарроҳлик мобайнидаги умумий шартлар ва нормаларга амал қилиш:

1. Жарроҳлик шаръий эътибор билан амалга оширилган бўлмоғи лозим. Масалан, вазифани қайта йўлга қўйиш, айбни ислоҳ қилиш ва хилқатни аслига қайтариш.

2. Жарроҳлик умид этилган манфаатнинг ўрнига зарарни ошириб юбормаслиги керак. Бу ишни мутахассис ва ишончли кишилар амалга оширмоғи лозим.

3. Жарроҳлик амалиётини қилувчи табиб ёки ҳамшира ўша касбнинг аҳли ва мутахассиси бўлиши ва бу масъулият Академиянинг 142-рақамли қарорига мувофиқ бўлиши лозим.

4. Жарроҳлик амалиёти беморнинг изни билан бўлиши шарт.

5. Табиб юксак онгли ва воқе бўлиши мумкин бўлган хатарларни кўра-била оладиган бўлиши лозим.

6. Жарроҳликдан таъсири оз бўлган бошқа муолажа бўлмаслиги лозим.

7. Шаръий манбаларга мухолиф бўлмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ Ўзи халқ қилган нарсани ўзгартирган одамни лаънатлаган», деганлар.

Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ соч уловчи аёл ва соч улаттирувчи аёлни, игна билан баданига сурат чизувчи аёлни ва чиздирувчини, оғриқсиз йўл билан бўлса ҳам баданига сурат чизувчини лаънатлаган.

Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакни ҳамда ўзини эркакка ўхшатувчи аёлни бундай қилишдан қайтарганлар.

8. Даволаниш қоидаларига амал қилмоғи лозим. Номаҳрам билан холи қолмаслик, авратларни очмаслик ва шунга ўхшаш нарсалардан четланиш шарт. Зарурат учун ёки мажбур бўлиб қолганда, зарари йўқ.

Учинчи: Шаръий аҳкомлар:

1. Косметик жарроҳлик зарурат ва ҳожат юзасидан шаръан жоиздир.

А – Жисмдаги аъзо шаклини Аллоҳ таоло халқ қилган ҳолатига қайтариш.

Аллоҳ таоло Қуръонда бу ҳақда: «Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик», деб айтган (Тийн сураси, 4-оят).

Б – Жисм аъзосига таниқли маълум вазифасини қайтариш.

В – Халқий айбларни ислоҳ қилиш, масалан, тиртиқ лаб, қийшиқ бурун, хол, бармоқ ва тишларнинг ортиқчаси ёки бармоқ ёпишиб қолиб, унинг шу тарзда туриши моддий ёки маънавий зарар келтирса.

Г – Бахтсиз ҳодисалар сабабли – ёнғин, касаллик ва шунга ўхшаш нарсалар туфайли юзага келган нохушликларни бартараф қилиш. Масалан, касал терини олиб ташлаб, соғ терини ямаш амалиёти, кўкрак безининг касалликка олиб боришидан хавфга тушилса, баъзи қисмини ёки барчасини олиб ташлаш, соч тўкилиб кетганда, соч экиш. Бу хусусан, аёлларда учрайди.

Е – Бадбашараликни йўқотиш, хусусан, у нафсий азиятга сабаб бўлса.

2. Косметик жарроҳлик амалиёти тиббий муолажа учун эмас, балки инсоннинг текис хилқатини ўз ҳавойи нафсига эргашиб ёки бошқаларга тақлид қилиб, рағбатларини рўёбга чиқариш мақсадида бўлса, жоиз эмас. Масалан, муайян кўринишда кўриниш учун ёки фириб қасди ила ва адолатни бузиш маъносида юз кўринишини бошқача қилиш, бурунни алмаштириш, лабни катта ёки кичик қилиш ва кўз шаклини ёхуд рангини ўзгартириш ҳамда лунжини кенгайтириш кабилар.

3. Вазнни илмий воситалар билан камайтириш фойда бермаса, ортиқча вазн бирор касалликни келтириб чиқарса, жарроҳликдан бошқа йўл қолмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз.

4. Ажинни жарроҳлик йўли билан ёки укол орқали йўқотиш, модомики, касаллик ҳолати бўлмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан ҳам жоиз эмас.

5. Қизлик пардаси бахтсиз ҳодиса ёки зўравонлик оқибатида ёки мажбурлаш сабаби билан йиртилиб кетган бўлса, уни тикиш жоиз. Аммо фаҳш сабабли, ўша қилган гуноҳини ёпиш учун бўлса, шаръан жоиз эмас. Бу амалиётда аёл шифокорлар бошчилик қилишлари лозим.

6. Мутахассис табиб тиббий амалларда шаръий қоидаларга амал этмоғи ва жарроҳлик амалиёти қилдираётганларга насиҳат қилмоғи лозим. Чунки «Дин насиҳатдир», дейилган.

Қуйидаги нарсалар тавсия қилинади:

1. Шифохона ва хусусий клиника шифокорлари, ­Аллоҳга тақво қилишни лозим тутинг. Амалиёт давомида ҳаром нарсаларга йўл қўйманг.

2. Табиблар ва жарроҳлар хос тиббий машғулот ва косметик жарроҳликка тааллуқли нарсаларнинг фиқҳини билмоқлари ва у ишларида шаръий ҳукмни аниқламасдан туриб, фақат моддий манфаатни ўйламасликлари лозим. Ҳамда ҳаққа мухолиф бўлган савдога тарғиб қилувчи нарсага ҳам йўл қўймасликлари лозим ва лобуддир.

Валлоҳу аълам.

Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг асосий фаолиятлари қуйидагилардан иборат:

1. Замонавий муаммоларни ўрганиб, ечим топиш учун йиллик кенгашлар ўтказиб туриш.

2. Фиқҳий энциклопедия нашр этиш.

3. Фиқҳий қоидаларни батафсил ўрганиб, нашр қилиш.

4. Академиянинг мажалласини нашр этиш.

5. Турли илмий анжуманлар ўтказиш.

Милодий 2008 йилнинг аввалида Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академиясининг раиси доктор Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд эди. Февраль ойида у киши вафот этди.

Академиянинг бош котиби шайх Ҳабиб Бил Хожа эди. 2008 йилнинг аввалида иорданиялик олимлардан Абдуссалом Довуд Убодий янги бош котиб этиб тайинланди.

Академиянинг Ислом давлатлари уюшмасида қатнашувчи турли давлатлардан аъзолари бор.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам ҳар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.Аввало, фатво давоми...

3373 09:09 / 14.11.2018
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кафан уч турга зарурат кафани, кифоя кафани ва суннат кафанига бўлинади. 1. Зарурат кафани. Зарурат ва ожизлик бўлганда эркак ва аёлга давоми...

1716 19:00 / 16 февраль
Бир йил ўтиши. Бу йил ҳижрийқамарий йил ҳисобидадир. Закот фарз бўлиши учун мол нисобга етган ҳолда бир йил давомида нисобдан камаймай туриши керак. Ҳанафий давоми...

742 19:00 / 03 июль
Ушбу ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига сажда қилиш вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206оят. 2. Раъд сурасидаги 15оят. 3. Наҳл давоми...

2106 19:00 / 27.07.2023